[www.ozodlik.org]
[www.ozodlik.org]

 
2008 йил, 19 август, сешанба


[ news header ]

[ архив ]


Рус қўшинлари Горини тарк эта бошлади
Ғарб оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотга кўра, Россия қўшинлари Грузиянинг Гори шаҳрини тарк эта бошлаган.

Россия қўшинлари расмийсининг таъкидича, ҳарбийлар Жанубий Осетияга бориб, у ердан Россия ҳудудига қайтарилади.

Россия ва Грузия бундан икки кун аввал ўзаро ўт очишни тўхтатиш шартномасини имзолаган эди. Мазкур шартномага мувофиқ Россия ўз қўшинларини Грузия ҳудудидан олиш чиқиши лозим. Бироқ сўнгги икки кун давомида Россия қўшинлари ҳануз Грузия ҳудудида қолаётган эди.

Шунингдек, Грузия ва Россия можаро давомида асир олинган ҳарбийларни айрбошлади.

“Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ асирга олинган ҳарбийлар алмаштирилди. Бу жараён халқаро протоколлар асосида амалга оширилди. Биз уларга грузиялик 15 ҳарбийни қайтарган бўлсак, улар бизга россиялик беш асирни топширди”,- деди Россия қўшинлари генерали Вячеслав Борисов.

НАТО аъзолари Брюсселда тўпланди
Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг фавқулодда мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Жанубий Осетия хусусида Грузия ва Россия ўртасида юзага келган ҳарбий можаро муҳокама қилинди.

“Ҳозирги вазиятда НАТОнинг Россияга бўлган муносабати ўзгармай қолмайди. Келажакдаги муносабатларимиз тақдири Россия ҳаракатларига боғлиқ. Президент Дмитрий Медведев тинчлик режасини ҳурмат қилишга ваъда берган эди, бироқ ҳозир бу борада ижобий ҳаракатлар кузатилгани йўқ”,- деди НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер.

Хабарларга кўра, мажлис чоғида Грузия инфратузилмасини қайта тиклашга ёрдам кўрсатишга ҳам келишиб олинган.

Бу йиғилиш НАТОнинг Грузияни қўллаб-қувватлашини намойиш этиш бўлганини маълум қилган Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Милибэнд Россияни халқаро майдонда яккалатиб қўйишга қарши эканини билдирди.

Лукашенко Россия позициясини қўллаб-қувватлади
Беларус президенти Александр Лукашенко Жанубий Осетиядаги ҳарбий можарода Россия позициясини қўллаб-қувватлади.

“Сўнгги пайтда қўшни давлат томонидан қилинган агрессия давомида намойиш этган донолигингиз учун ташаккур изҳор қилмоқчиман. Мен у ердаги воқеаларни уруш, дея олмайман. Бу минтақага тинчлик олиб келган хотиржам жавоб бўлди, деб ҳисоблайман”,- деди Сочида Россия президенти Дмитрий Медведев билан учрашган А.Лукашенко.

Хабарларга кўра, президентлар учрашуви чоғида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинган. Маълум бўлишича, томонлар жорий йил якунига қадар ўзаро товар айрбошлаш ҳажми 30 миллиард АҚШ долларига етишига умид билдирган.

Грузияга қўшимча ҳарбий кузатувчилар келади
ЕХҲТ расмий Москва ва Тбилиси ҳарбий масалалар бўйича қўшимча 20 халқаро кузатувчининг Грузияга киритилишига рухсат берганини маълум қилди.

Бундан бироз аввал ЕХҲТнинг амалдаги раиси Финляндия ташқи ишлар вазири Александр Стубб халқаро кузатувчилар Грузияга сафар қилишига умид билдирган эди.

Унинг таъкидича, яна қўшимча 80га яқин кузатувчини можаро ҳудудига юбориш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Гутерриш Тбилисига келди
БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Антониу Гутерриш Тбилисига сафар қилди.

БМТ расмийлари маълумотига кўра, Жанубий Осетиядаги ҳарбий можаро оқибатида 150 мингдан зиёд фуқаро турар жойларини тарк этган.

Хабарларга кўра, БМТ расмийси Грузия раҳбарияти билан учрашиб, ҳарбий можаро туфайли уйларини тарк этган фуқароларга ёрдам кўрсатиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш каби масалаларни муҳокама қилади.

Чоршанба куни эса Антониу Гутерришнинг Москвага бориши кутилмоқда.

Французлар 10 аскаридан айрилди
Афғонистоннинг Сароби туманида халқаро кучлар ва жангарилар ўртасида шиддатли тўқнашувлар рўй берди.

Хабарларга кўра, халқаро кучларнинг жангарилар пистирмасига дуч келиши оқибатида франциялик 10 ҳарбий нобуд бўлган. Томонлар ўртасида рўй берган отишмада ўндан зиёд жангари ҳам ўлдирилган.

“Толибон” матбуот котиби жангарилар халқаро кучларнинг бир нечта ҳарбий машинасини портлатиб юборганини маълум қилди.

Шунингдек, Франция президенти Николя Саркози мамлакат ҳарбийларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Афғонистонга сафар қилишини билдирган.

АҚШ базаси нишонга олинди
Афғонистон шарқида АҚШнинг яна бир ҳарбий базаси жангарилар томонидан нишонга олинди.

Хўст вилояти ҳокими Арсаллоҳ Жамол сўзларига кўра, 30дан зиёд жангари АҚШ ҳарбий базасига ҳужум қилган. Бироқ америкалик ҳарбийлар жангарилар ҳужумини бартараф этишга муваффақ бўлган.

Куни-кеча ҳам Афғонистон жунуби-шарқида АҚШ ҳарбийларига қарашли база яқинида портлаш содир этилган эди. Худкуш ҳужуми оқибатида тинч аҳоли вакилларидан тўққиз киши нобуд бўлганди.

Шифохона портлатилди
Покистон шимоли-ғарбида маҳаллий шифохона олдида содир этилган портлашда 20га яқин фуқаро нобуд бўлди. Ҳозирча бу портлаш ортида ким тургани аниқ эмас.

“Рейтер” ахборот агентлиги хабарига кўра, ўлган фуқароларнинг кўпчилиги эрта тонгда ўлдириб кетилган маҳаллий диний уламо тарафдорлари бўлган.

Жазоирда худкуш 43 кишини ўлдирди
Жазоирнинг Иссерс шаҳрида худкуш томонидан содир этилган хуружда 43 киши ҳалок бўлди, 30дан зиёд фуқаро тан жароҳати олди.

Жазоир Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, портлаш абитуриентлар маҳаллий ҳарбий академия олдига тўпланган пайтда амалга оширилган.

Шунингдек, Жазоир оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотга кўра, якшанба куни қуролланган номаълум шахслар полиция ходимларига ҳужум қилган. Оқибатда хавфсизлик хизмати ходимлари ва тинч аҳоли вакилларидан жами 11 киши нобуд бўлган.

Қозоғистон буғдой экспортига тақиқни бекор қилди
Қозоғистон бош вазири Карим Масимов бу ҳақда билдирар экан, агар ички бозорда буғдой тортилиб қолмаса, буғдой ва нон нархи кўтарилиб кетмаса, бундан буён ғалла экспорти чекланмаслигини маълум қилди.

“Агар бунинг акси бўлса, биз кўп маҳсулотлар экспортига тақиқ қўйишга мажбур бўламиз”,- деди К.Масимов буғдой бозорини бошқариш ва давлат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтказилган ҳукумат мажлисида.




  [RFE/RL Logo]
[Navigation]
[www.ozodlik.org]
 
news reports rubrics audio archive contact go-up homepage email print