Ўзбекистон хабарлари
Ангрендаги мактаб ўқитувчиси ўзи калтаклаган ўқувчидан узр сўради
Тошкент вилояти Ангрен шаҳар халқ таълими бўлими 41- ўрта мактаб ўқитувчиси ўзи калтаклаган ўқувчидан узр сўраганинимаълум қилди. Аввалроқ ўқитувчи ўқувчисини калтаклаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетган эди.
Ангрен шаҳар халқ таълими бўлими мудири Роҳила Абдуқодированинг билдиришча, бу воқеа 4 февраль куни 41- ўрта мактабда бўлиб ўтган.
Расмий билдирувда таъкидланишича, 9-“В” синф ўқувчиси Асадбек Қубиддинов дарс пайтида биология фани ўқитувчиси З.Турдиевани мазахлаган ва дарс жараёнига халақит берган.
Ўқитувчи унга беш марта огоҳлантириш берган, аммо шунга қарамай ўқувчи дарсга ҳалақит қилишда давом этган.
Шундан сўнг: “ўқитувчи З.Турдиева ўқувчи А.Қубиддиновнинг курткасини устидан бир мушт тушурди. Ўқувчи А.Қубиддинов ўқитувчи З.Турдиевага “Сиз боксёрсиз, яна мушт тушуринг” деб ўқитувчини қуюшқондан чиқаргани учун ўқитувчи жаҳл устида ўқувчига бир неча бор мушт тушурган”,-дейилади расмий билдирувда.
Маълум қилинишича, ўқувчи ўқитувчи З.Турдиевадан узр сўраб, қилган ишидан минг бор пушаймон эканглигини маълум қилди ва “ўқитувчи билан ўзаро келишиб олишди”. Ўқитувчи ҳам ўқувчи ва унинг ота онасидан кечирим сўради.
Кун янгиликлари
Ўзбекистон ҚК дронларга қарши курашга эътибор қаратмоқда
Ўзбекистон Қуролли Кучлари (ҚК) ўқув машғулотларида асосий эътибор замонавий жангларда янги қўлланаётган учувчисиз учиш аппаратларини қўллаш, уларга қарши курашиш, бошқарув маҳоратини ошириш ҳамда янги тактик ҳаракатларни ўзлаштиришга қаратилмоқда.Бу ҳақда 24 декабрь куни Олий Мажлис Сенатида ташкил этилган Мудофаа вазирлиги қўшинларининг доимий жанговар шайлиги муҳокамасида сўз юритилган.
ҚКни янада ривожлантиришнинг долзарб муаммолари, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи ва мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш каби масалалар юзасидан мудофаа вазири, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов ахборот берган.
Вазир таъкидича, армиянинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини ошириш учун замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлиллари ҳамда мутараққий хорижий армияларнинг ижобий тажрибаси татбиқ этилмоқда.
“Натижада ўтган йилга нисбатан жанговар шайлик тадбирлари 1,5 баробарга кўпайиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлигини оширишга эришилган. Қўшинларда оператив тайёргарлик тадбирлари ҳамкорликдаги куч тузилмаларини кенг жалб қилган ҳолда ташкил этилди. АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон армиялари билан ҳамкорликда ўқувлар ўтказилган”, деган Мудофаа вазири.
Озодлик аввалроқ Марказий Осиё мамлакатларининг Россия, Хитой, Эрон каби катта давлатлар иштирокисиз ҳарбий машғулотлар ўтказаётганига эътибор қаратган, жумладан, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийларининг қўшма машқлари ташкил этилгани ҳақида хабар қилган эди.
Ноябрь ойида ҳам “Фориш” полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилган.
Назарбеков “санъаткорлар ҳамма ерни расво қилаётгани”дан баҳс этди
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида “маданият соҳасида давлат регулятор бўлмаслиги, вазирлик ёпилиши кераклиги” ҳақидаги муҳокамаларга муносабат билдирди.
“Бу фикрнинг оёғи Америкада турибди. Барака топкурлар, оёғингизни ота-онангиз босган изга қўйинг-да, бу савол чиқмайди [кейин] сизда. Боя тушунтирдим, маданият соҳаси – қуш, буни шундай [сиқиб] ушлаш керак, бошқа имкони йўқ. Очсангиз ҳам манфаат бермайди, фақат бузғунчилик олиб киради”, дея иқтибос келтирган вазирдан Kun.uz нашри.
Назарбеков иддаосича, “эркинлик бериб юборилган жойда санъаткорлар ҳамма ерни бузяпти, расво қилиб юборяпти”.
“Шунинг учун мен эркинлик бермайлик демоқчи эмасман, тақиқларга мутлақ қаршиман. Лекин эркин одамнинг интеллекти шунга лойиқ бўлиши керак. У тўрт деворнинг ичида ҳам жиноят қилмаслиги керак, ана ўша кун келганда эркинликни бемалол мажбурлаб берамиз, керак бўлса”, деган вазир.
Аввалроқ маҳаллий фаоллар давлат бошқарув органлари кенгайиб кетгани, қолаверса, цензура важидан Маданият вазирлигини тугатиш таклифини илгари суришганди.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков бир муддат аввал давлат ғазнасидан миллиардлаб пул сарфлаб ўтказилаётган фестивалларни оқлашга уриниши ортидан жамоатчиликнинг танқидига учраганди.
“Чиройли” авторақам салкам бир миллиард сўмга пулланди
Ўзбекистонда онлайн аукционда сотувга қўйилган 01 888 BBB автобиль рақами салкам бир миллиард сўмга сотилди.
Daryo.uz нашрининг ёзишича, 337,5 миллион сўм бошланғич нарх билан савдога қўйилган бу авторақамнинг баҳоси кимошди якунига қадар 965 миллион 250 минг сўмга кўтарилган.
Ўтган йили 01 777 RRR давлат рақами 893 миллион сўмга сотилганди.
Республика товар-хом ашё биржаси ёйинлаган маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида avtoraqam.uzex.uz савдо тизими орқали 426,2 миллиард сўмлик 104,9 мингдан ортиқ авторақам сотилган. Авторақамларнинг энг арзон баҳоси 1,7 миллион сўмни, энг қиммати эса 517,1 миллион сўмни ташкил қилди.
Ўзбекистонда 2017 йилдан “чиройли” ёки халқ орасида “золотой” деб аталувчи номерларни аукцион орқали сотиш йўлга қўйилган.
2022 йилда “чиройли” авторақам савдоси 304 миллиард сўм даромад келтирган.
Бир муддат аввал Самарқандда биргина авторақам (30 Z 777 ZZ) еттита “Нексия” нархига сотилгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Кремль: Ўзбекистон 1 январдан БРИКСда шерик-давлатга айланади
2025 йил 1 январидан эътиборан Беларусь, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Таиланд, Уганда давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам расман БРИКСда шерик-давлат мақомига эга бўлади. ТАСС хабарига кўра, бу ҳақда Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков билдирган.
Амалдаги тартибга мувофиқ, шерик-давлатлар БРИКС доирасидаги алоҳида мажлисларга ва ташқи ишлар вазирлари учрашувларига таклиф этилади.
“Биз шерик-давлатларни хавфсизлик масалаларини мувофиқлаштирувчи юқори мартабали вакиллар мажлислари, парламентлар форуми ва бошқа тадбирларга ҳам жалб этиш тўғри бўлади деб ҳисоблаймиз”, деган Кремль вакили.
Жорий йил 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС саммити якунида Ўзбекистонга мазкур тузилмада шерик-давлат мақоми берилган эди.
Ҳозирча расмий Тошкент мамлакат келгуси йилдан БРИКСда расман шерик-давлат мақомига эга бўлиши хусусидаги Кремль баёнотига муносабат билдирганича йўқ. Бу хабар дастлаб Россия мулозимлари тилида янграгани маҳаллий фаолларда эътироз туғдирган.
Озодлик аввалроқ Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоевга иқтибосан “Ўзбекистоннинг БРИКСга аъзолиги мамлакат сиёсий кун тартибига қўйилмагани” ҳақида хабар қилган эди.
2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой БРИК номли ташкилотга бирлашди. 2010 йилда Жанубий Африка Республикаси қўшилиши билан ташкилот БРИКСга айланди.
Ушбу тузилма дунёнинг ривожланаётган мамлакатларини бирлаштириш орқали Шимолий Америка ва Ғарбий Европанинг сиёсий, иқтисодий қудратига қарши муқобил куч яратишни мақсад қилган.
Кенгайган БРИКС 3,5 миллиардга яқин нуфусга эга. Бу дунё аҳолисининг 45 фоизи демакдир. БРИКС давлатларининг умумий иқтисодиёти 28,5 триллион доллардан ортиқ бўлиб, бу жаҳон иқтисодиётининг қарийб 28 фоизига тенг.
Вазирлик: Келгуси йил юздан зиёд янги мактаб очилади
Ўзбекистонда келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаб ташкил этилиб, 257 минг ўқувчи ўрни очилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири 24 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёевга берган ахборотда қайд этилишича, охирги етти йилда 5 мингдан зиёд мактабда, бу йил эса 608 та мактабда қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилди.
Вазирлик келгуси ўқув йилида давлат таълим дастурини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириб, иккинчи хорижий тил ўқитиладиган мактабларни 420 тага, касб-ҳунар ўргатиладиганларини эса 400 тага етказишни режалаштирган.
Бу йил 1500 та умумтаълим мактабида янги баҳолаш тизими жорий этилди. Натижалар таҳлилидан келиб чиқиб, бу тажриба яна кенгайтирилади.
Вазирлик режасига кўра, кейинги йил 162 та мактабгача таълим муассасаси қурилади, 100 та хусусий ва мингта оилавий боғча очилади. Булар орқали мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етказилади.
Мамлакатда ўқувчи ўринлари етишмаслиги таълим тизимининг оғриқли муаммоларидан бири саналади. Экспертлар янги мактаблар қурилиши аҳоли сони ўсишига мутаносиб олиб борилмаслиги оқибатида ўқувчилар икки-уч сменада ўқишга мажбур бўлаётганини айтиб келади.
Юкламани хусусий таълимни ривожлантириш орқали енгиллаштиришга уринишни кузатиш мумкин. Озодлик аввалроқ мамлакатдаги нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари 2030 йил 1 январига қадар барча турдаги солиқ (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ва йиғимлардан озод қилингани ҳақида хабар қилган эди.
Мирзиёев Путин таклифи билан Санкт-Петербургга боради
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасби Владимир Путин таклифига биноан 25-26 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган МДҲ ва ЕОИИ саммитларида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрида бўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномага мувофиқ, Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида ҳамда Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этади.
“Саммитлар кун тартибидан мазкур кўп томонлама бирлашмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган. Биргаликда қилинган ишларнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинади ва келгуси йилги амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилади”, дейилган хабарномада.
РФ президенти Владимир Путин ўз туғилган куни ёки Янги йил арафасида Ўзбекистон дохил “дўст” мамлакатлар президентларини Россияга таклиф қилиб туриши одат тусига кирган. Дейлик, Ўзбекистон президенти шу йил 7 октябрида ҳам (Путиннинг туғилган кунида) “амалий ташриф билан” Москвага борган эди. Ўша пайтда Мирзиёевнинг сафарига МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг Москвада бўлиб ўтадиган галдаги саммити асос ўлароқ кўрсатилганди. Октябрь ойида 72 ёшга тўлган Владимир Путин Россия Федерациясини қарийб чорак асрдан буён бошқариб келмоқда.
БААда беш нафар ўзбекистонлик экстремизмда гумонланмоқда
Бирлашган Араб Амирликларида ноябрь ойи охирида ушланган Ўзбекистон фуқароларидан беш нафарига нисбатан жиноят иши очилган.
Kun.uz нашрининг Ташқи ишлар вазирлигидаги манбасига таянган ҳолда ёзишича, уларнинг ҳар бири экстремизм билан боғлиқ алоҳида жиноятда гумонланмоқда.
“Уларга нисбатан тергов давом этмоқда. Ушбу 5 нафар ўзбекистонлик исроиллик раввинни ўлдиришда гумонланиб ушланган 3 нафар ўзбекистонлик иши билан алоқадор эмас. Уларнинг тергови ҳам алоҳида давом этмоқда. Улар БАА ҳудудида ва икки давлат махсус хизматлари ҳамкорликда ишламоқда”, деган исми сир қолишини сўраган ТИВ расмийси.
Маълум бўлишича, БАА масъул идоралари ўзбекистонлик дипломатларга қўлга олинган фуқаролар билан мулоқот қилиш имконини берган. Шунингдек, бу масала икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари эътиборида экани айтилмоқда.
Озодлик БААда 24 ноябрь куни исроиллик раввин Цви Коганнинг жасади топилгани ҳақида хабар қилган эди.
2020 йилдан буён БААда истиқомат қилаётган Исроил ва Молдова фуқароси Коган яҳудийларнинг “Хабад Любавич” ортодоксал диний ҳаракатини тамсил этиб келган.
БАА Ички ишлар вазирлиги исроиллик раввин ўлимида гумонланган уч ўзбекистонлик қўлга олинганини маълум қилганди.
Қотилликда гумонланаётганларнинг исми Олимбой Тоҳирович, Азизбек Комилович ва Маҳмуджон Абдураҳим бўлиб, улардан икки нафари 28 ёшда, яна бири эса 33 ёшдадир.
Раввинни ўлдиришда гумонланиб уч ўзбекистонлик қўлга олиниши ортидан 25 ноябрь куни Дубайда ишлаб келган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари ҳам ҳибсга олинган. Kun.uz хабаридан англашилишича, қўлга олинганларнинг бир қисми қўйиб юборилган, бир қисми Ўзбекистонга мажбуран қайтарилган. Беш киши эса тафсилотлари тўлиқ маълум бўлмаган жиноят иши доирасида терговга жалб қилинган.
Дунё матбуоти эътибор қаратган қотиллик фонида Тошкентдан Абу Даби шаҳрига учиб борган ўнлаб ўзбекистонлик эркаклар аэропортдан чиқарилмагани ва сўроқ қилингани ҳам маълум.
Садир Жапаров Фарғона ҳокими Хайрулло Бозоровни мукофотлади
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Қирғизистоннинг “Данк” ордени билан мукофотланди.
“Кабар” ахборот агентлиги хабарига кўра, Қирғизистон президенти Садир Жапаров 23 декабрь куни Бишкек шаҳрида орденни топширар экан, Хайрулло Бозоров Боткен ва Фарғона вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, умуман, қирғиз–ўзбек қардошлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшганини таъкидлаган.
48 ёшли Хайрулло Бозоров 2020 йила “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвони билан ҳам тақдирланган.
У 2015-2020 йилларда Наманган вилояти ҳокими вазифасида фаолият юритган бўлса, 2020 йилдан буён Фарғона вилоятига бошчилик қилмоқда.
Озодлик аввалроқ марҳум Ислом Каримов тайинлаган охирги вилоят ҳокими бўлмиш Хайрулло Бозоров портретига чизгилар берган эди.
Покистондан келтирилган мандаринда зараркунанда аниқланди
Покистондан Ўзбекистонга Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги “Айритом” чегара ўтказиш пункти орқали 26 та транспорт воситасида олиб кирилган мандарин партиясида қизил померанец қалқондори зараркунандаси борлиги аниқланди.
Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Покистон карантин хизмати билан боғланганда Исломобод декабрь ойида мандарин экспорти учун фитосанитария сертификати расмийлаштирмаганини билдирган.
Шу тариқа мазкур маҳсулотлар учун тақдим этилган сертификатлар қалбаки экани ўртага чиққан.
Бунинг ортидан Тошкент Покистон мандарини учун импорт карантин рухсатномаси расмийлаштирилишини вақтинча тўхтатган.
Эндиликда Покистондан олиб кириладиган барча карантин остидаги маҳсулотлар учун берилган фитосанитария сертификати ҳаққонийлиги чегара масканларида E-Fitouz автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилади. Шунингдек, Покистоннинг электрон базасида ушбу фитосанитария сертификати мавжудлиги тасдиқлангандан сўнггина маҳсулотлар олиб кирилишига рухсат берилади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги қайдича, ҳар йили қиш мавсумида Ўзбекистонда цитрус меваларига бўлган талаб ортади. Бу хил меваларнинг салмоқли қисми Покистондан импорт қилинади.
Яшнобод ҳокими ўзини ўзи сийлади
Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов ўзини 61 миллион сўмдан зиёд мукофот билан сийлади.
Daryo.uz нашрининг ёзишича, ҳоким жорий йил 25 октябрь куни “Яшнобод тумани маҳаллий бюджетининг 2024 йил иккинчи чорак якунлари бўйича шаклланган маблағларни харажатга йўналтириш тўғрисида”ги қарорни имзолаган.
Ушбу ҳужжатда туман ҳокими – 1-сектор раҳбари Б. Раҳмонқулов “Энг ташаббускор сектор” номинацияси ғолиби бўлгани муносабати билан мукофотланиши қайд этилган. Қарорга халқ депутатлари Яшнобод тумани кенгашининг 23 октябрдаги қарори асос қилиб кўрсатилган. Эътиборли жиҳати, кенгаш қарорига ҳам Раҳмонқуловнинг ўзи имзо чеккан.
Даставвал ҳокимлик томонидан яшириб қўйилган ҳар икки қарор кейинчалик адлия томонидан очиб қўйилган бўлиши мумкин.
Daryo.uz айни пайтда Яшнобод ҳокимлигининг 16 та ижро ҳужжати бўйича 674 миллион сўмдан ортиқ қарзи мавжудлиги, транспорт воситалари ва мулклари тақиққа олинганига эътибор қаратган.
Сўнгги вақтларда вазирлик ва ҳокимликларнинг қимматбаҳо машина харид қилаётгани, катта миқдорда мукофот олаётгани эътирозга сабаб бўлмоқда.
Озодлик аввалроқ гарданида 6,6 миллиард сўм қарзи бор Андижон тумани ҳокимлиги 335 миллион сўмга Captiva 5T Premler автомобилини харид қилгани ҳақида хабар қилган эди.
Рақобат қўмитаси уй олди-сотдисидаги хатардан огоҳлантирди
Йил бошидан буён Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига кўп квартирали уйлар қурилиши юзасидан 1700 га яқин мурожаат келиб тушган.
Қўмита матбуот хизмати қайдича, кўрилган чоралар натижасида 20 млрд сўмга яқин маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан республикадаги 129 та қурувчи корхонанинг шартномаси таҳлил қилинганда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ қуйидаги ҳолатлар аниқланган:
• 80 фоиз шартномада қурувчи корхонага қайта ҳисоб-китоб ҳуқуқ устуворлиги берилган;
• 58 фоиз шартномада кўрсатилган умумий майдон қурилиши якуни бўйича майдонлар орасида тафовут мавжуд бўлганда қайта ҳисоб-китоб ҳуқуқи белгиланмаган;
• 37 фоиз шартномада хонадон ичида амалга ошириладиган қурилиш ишлари тўғрисида мажбуриятлар киритилмаган;
• 18 фоиз шартномада қурувчи ва истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида бандлар киритилмаган;
• 39 фоиз шартномада қурилиш объектининг топшириш муддати кўрсатилмаган;
• 51 фоиз шартномада қурилиш топширилишининг ҳар бир кечиккан куни учун қурувчи томонидан тўланадиган пеня белгиланмаган;
• 84 фоиз шартномада эса хонадон харидор томонидан қабул қилиб олингандан сўнг қурувчи томонидан унга кафолат муддати белгиланмаган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчилардан уй-жой жой сотиб олишда битим шартларини батафсил ўқиб чиқиш, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қурилиш ва фойдаланишга топшириш муддатлари, бунинг учун жавобгарлик ҳисобга олинганини текшириш ҳамда компаниянинг иш тажрибаси ва қурувчининг ишончлилигига эътиборли бўлишни тавсия қилган.
Ўзбекистонда уй-жой қуриш кескин кўпайган шароитда қурувчи ва истеъмолчилар ўртасида низолар ҳам ортган. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда девелоперлар фириби қурбони бўлган ватандошларнинг шикоятларини бот-бот кўриш мумкин.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва бунга пул тиккан фуқаролар ўртасида низолар кўпайиб бораётгани, ноинсоф қурувчиларга алданиб, одамлар ҳам уйсиз, ҳам пулсиз қолаётганини танқид қилганди.
Шахсга доир маълумотларни Cloud'да сақлаш таклиф қилинди
TBC Group вакили Оливер Ҳюз Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан шахсга доир маълумотлар ва банк ахборотларини булутли технологияларда (Cloud) сақлашга рухсат беришни сўради.
Банкир бу таклифни 20 декабрь куни президент ва тадбиркорлар мулоқотида илгари сурган.
“Бугунги кунда банклар учун маълумотларни сақлашга нисбатан талаблар жуда қаттиқ. Уларни ўз ҳисоблаш марказларимизда сақлашимиз керак, бу жуда қиммат ва уни кенгайтириш қийин. Ҳозирча яхши, лекин биз қанча узоққа бормоқчи бўлсак, бу қийинлашиб бораверади. Бу бутун мамлакатдаги технологик компанияларининг ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Биз банкларга ўз маълумотларини Cloud’да, Ўзбекистонда ва ҳатто офшор ҳудудларда сақлашга рухсат беришни қонунчиликка киритишни таклиф қилмоқчимиз”, дея Оливер Ҳюздан иқтибос келтирган Kun.uz нашри.
Мирзиёев масала ўта жиддийлигини қайд этиб, Иқтисодиёт ва молия, Адлия вазирликлари ҳамда Марказий банкка ҳар томонлама пухта ўйлаб ечим топишни буюрган.
“Фақат тўғри қарорлар қабул қилишимиз керак. Фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳақида гаплашяпмиз. Бу жуда жиддий масала. Хато қилишга ҳаққимиз йўқ”, деган Мирзиёев.
Маълумот ўрнида: 2021 йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар ва глобал интернет-компанияларни Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудида жойлашган серверларда сақлашга мажбурловчи қонун қабул қилинганди. Ўшанда ушбу қонунга асосан ижтимоий тармоқлар блокланган, пировардида бу ҳукуматда инқирозга сабаб бўлган эди.
АҚШдан 572 нафар ўзбекистонлик бадарға қилинди
АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача Ўзбекистонга 572 кишини депортация қилди.
Иммиграция ва божхона идораси эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, йил давомида 192 мамлакатга 271484 киши бадарға қилинган. Депортация қилинганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки бараварга ортган.
Қўшма Штатлардан Ўзбекистонга қайтарилган ўзбеклар сони ҳам ўтган йилга нисбатан бир неча бараварга ошганини кузатиш мумкин. 2023 йилда 88 нафар ўзбекистонлик мажбуран ватанига қайтарилганди.
Таҳлилчилар АҚШ президентлик сайловида ғалаба қозонган Дональд Трамп даврида муҳожирларга нисбатан сиёсат янада кескинлашишини айтмоқда.
Жорий йил ёзида Калифорния штати чегара хизматига Ўзбекистон дохил беш постсовет мамлакатидан бўлган ноқонуний мигрантларни қўлга олингани заҳоти ватанига депортация қилиш мажбурияти юкланганди.
Шунингдек, аввалроқ 2023 йилнинг 1 октябридан 2024 йил май ойи охирига қадар АҚШнинг жанубий чегарасини 57 минг 200 нафар ноқонуний мигрант кесиб ўтиб, Калифорния штатига боришга ҳаракат қилгани, булардан 2900 нафари ўзбекистонлик экани билдирилган эди.
Озодлик радиоси ўтган йил август ойида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликларнинг “орзулар ўлкаси”га Лотин Америкаси давлатлари ва Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши хусусида сўз борган.
Фарғонадаги ёнғинда бир киши ҳалок бўлди
Жорий йилнинг 21 декабрь куни Фарғона шаҳридаги солидол ва литол ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди.
Вилоят ФВБ матбуот хизмати ёйинлаган хабарномага мувофиқ, соат 14:13 да фавқулодда вазиятлар бўлимига Мустақиллик маҳалласи Кимёгар кўчасида жойлашган цехда ёнғин келиб чиққани ҳақида хабар келиб тушган.
Ўт ўчирувчилар воқеа жойига 14:21 да етиб борган ва соат 14:32 да ёнғин батамом ўчирилган.
Ёнғин оқибатида бир киши воқеа жойида ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Ёнғиннинг келиб чиқиши сабаби ва етказилган зарар миқдори аниқланаётганини билдирган ФВБ бошқа тафсилотларни очиқламаган.
Бу сўнгги кунларда Фарғона шаҳрида рўй берган ва инсоний талафотларга олиб келган иккинчи техноген фожиадир.
Расмийларга кўра, 17 декабрь куни Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган “Petrolium” пропан газ қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган. Аммо Озодлик манбалари портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони анча кўп эканини иддао қилишган.
Шаҳарсозлик талабини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Олий Мажлис Сенатининг 21 декабрь кунги ялпи мажлисида “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Юқори палата матбуот хизмати қайдича, қонун билан Жиноят, Жиноят процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга қурилишлар сифатини ошириш, бинолар ва иншоотлар қонунга хилоф равишда қурилишининг олдини олиш ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга оид ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотлардан фойдаланишга доир рухсатнома бериш ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиб олиш қоидаларини бузганлик, объектларни қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасиз қурганлик, кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларни норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартирганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланмоқда.
Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши одам ўлими ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, бу учун алоҳида жиноий жавобгарлик назарда тутиляпти.
Шунингдек, шаҳарсозликка оид қонунчилик талабларини бузганлик учун белгиланган жарима жазолари кучайтирилмоқда.
Расмий статистикага кўра, 2022 йилда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ 6 мингдан зиёд ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, 2023 йилда бу рақам қарийб 8 мингтани ташкил қилган. 2024 йилнинг 11 ойида эса бу кўрсаткич қарийб 9 мингтага етган.
Ижтимоий тармоқлардан аҳолининг ноқонуний қурилишлардан норози бўлиб йўллаган мурожаатларини кўплаб топиш мумкин.
Экспертларга кўра, катта пул айланадиган қурилиш соҳасида коррупция илдиз отиб кетган.
Жорий йил январь ойида президент Шавкат Мирзиёев қурилишни “коррупциясиз соҳа”га айлантириш учун бир қатор вазифаларни белгилаганди.
Жамоатчилик фаоллари Ўзбекистонда қурилиш сифатига доир талабларни кучайтириш зарурлигини айтиб келишади.