Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:37

Афғонистонлик инвестор ва адвокати ўзларига ҳужумни тергов қилишни сўрамоқда (ВИДЕО)


Абдул Жалил Аскандари 5 фарзанднинг отаси.
Абдул Жалил Аскандари 5 фарзанднинг отаси.

Шу йилнинг апрел ойида номаълум шахслар ҳужумига учраган тошкентлик адвокат машинасидан зўравонлик билан олиб кетилган афғон инвесторига нисбатан тергов жараёнида процессуал нормалар бузилаётганидан шикоят қилмоқда. YouTube тармоғига жойлаштирилган видеода адвокатнинг машинасига бўлган ҳужум акс этган.

Тошкент прокуратураси ва Тергов департаменти бу масалада изоҳ берганича йўқ.

Шу йилнинг 7 июнь куни YouTube тармоғида номаълум шахсларнинг шаҳар кўчасида кетаётган автомобилни тўхтатиб, ундаги икки йўловчига қилган ҳужуми видеоси пайдо бўлди.

Видеоролик ўзини милиция ходими деб таништирган, аммо ҳужжат кўрсатмагётган бир гуруҳ шахс ДАН ходими ёрдамида машина йўлини тўсиб, ундаги икки шахсни машинадан судраб чиқаётганида узилиб қолади.

Озодлик бу видеода ҳужумга учраган шахслар - тошкентлик адвокат Нодир Болтаев ва унинг ҳимоясидаги афғонистонлик тадбиркор Абдул Жалил Аскандари эканини аниқлади.

Ҳимоячи Нодир Болтаевга кўра, ҳодиса шу йилнинг 29 апрелида пойтахтнинг Халқлар дўстлиги метроси яқинидаги чорраҳада содир булган ва видео ўзини “терговчи” деб атаган шахслардан бири томонидан олинган:

- Тўғриси, бу видеони улар нима мақсадда ва қандай чиқарганини ўзим ҳам тушунмай турибман. 27 апрель куни суддан озод қилинган шахс - Қозоғистон ва Афғонистон давлатлари фуқароси Аскандари Абдул Джалилни мен уйига олиб кетаётганимда, қандайдир машина мени машинамни қисиб тўхтатиб, ҳужжат кўрсатмасдан, Аскандарини олиб кетамиз, деб туриб олди. Уларда ҳеч қандай асос йўқ, суд ҳозиргина уни қўйворганди! Видеода кўрганингиздек, улар зўравонлик қилиб, адвокат машинасига бостириб киради ва мижозни олиб кетади. Боз устига, уларнинг хатти-ҳаракатларини видеога олган “Самсунг” телефонимни ўғирлаб кетишди. Бу одамлар Ўзбекистон Республикасининг қатор моддаларини қўпол равишда бузди.

Нодир Болтаев 2021 йил 29 апрель куни соат 22:20 да Аскандари жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида ЖПКнинг 221-моддаси тартибида такроран ушланганини билдирди.

Қизиғи, шахсий тинтув баённомасида адвокатнинг машинадан олиб кетилган уяли телефони гумон қилинувчининг “шими чўнтагидан чиққанлиги” қайд этилганини кўриш мумкин.

- Тасвирга олаётган одамнинг ўзи менинг уяли телефонимни олд ўриндиқдан олиб кетаётганини кўришингиз мумкин. Ундаги ўзларига зарари тегиши мумкин бўлган видеоларни ўчиришибди. Бу Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунни тўлиқ бузиш ҳисобланади. Менинг мижозимни Тошкент шаҳар суди озод қилганидан кейин, ўғирлаб олиб боришиб, иккинчи маротаба битта иш бўйича суд қилишиб, яна ушлашяпти. Бизнинг фикримизча, бу одамнинг мутлақо айби йўқ: Афғонистондаги битта фирмадан бошқа фирмага туширилган пул маблағларининг тўлови ксерокопиясига асосан қамаб қўйишган. Бу одам у фирмага алоқам йўқ, деяпти. 7 ой бўлди – тергов муддати ҳам узайтирилмаган, одамни ҳам қамаб қўйган, - дейди адвокат.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Абдул Жалил Аскандари “Рустам Констракшн” МЧЖсининг 50 фоиз улуши эгасидир. Бу фирмага жами 5-6 миллион доллар атрофида сармоя киритгани айтилган Аскандари охирги йилларда Сирғали туманида кам таъминланган оилаларга кўп қаватли уйлар қуриш билан шуғулланиб келган.

А.Ж. Аскандарининг адвокат орқали юборган билдиришномаси
А.Ж. Аскандарининг адвокат орқали юборган билдиришномаси

Аскандарига нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан 2020 йил 15 декабрь куни ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Бироқ ҳимоячилар пул ўтказмалари амалга оширилган “Davlatzada Group LTD”, “Sayed Fazel Logistic Services Company LTD” ва “Shahr Yar LTD” корхоналари Афғонистон Республикаси ҳудудида жойлашган, яъни пул ўтказмалари масаласи хорижий давлат ҳудудида юз бергани сабабли гумон қилинувчи Абдул Жалилга нисбатан эҳтиёт чораси қўлланилиши ҳам юрисдикция нуқтаи назаридан ва ҳам қонун ҳужжатларига зид эканини айтиб келмоқда.

Афғонистон Ислом республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўз ватандошига нисбатан адолатли судлов олиб бориш ва уни тергов якунига қадар уй қамоғида сақлаш тўғрисида бир неча бор мурожаат йўллагани ҳам аниқланди.

Афғонистон Элчилигининг А.Ж.Аскандари ҳимоясига юборган расмий хати
Афғонистон Элчилигининг А.Ж.Аскандари ҳимоясига юборган расмий хати

Тошкент шаҳар 1-тергов ҳибсхонасида сақланаётган тадбиркор Аскандари билан учрашган адвокати ва яқинлари унинг саломатлиги ёмонлашганини айтишмоқда.

Ҳимоячиси билан учрашишга муваффақ бўлган Абдул Жалил қанд диабетидан азият чекаётгани, баданига тошма тошиб кетгани ва шошилинч тиббий муолажага муҳтожлигини билдирган.

Абдул Жалил қандайдир шахслар ундан пул ундиришга қарши чиққани учун шу тариқа босимга учраётганини гапириб келади”, - дейди Нодир Болтаев.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек терговчилари афғонистонлик тадбиркорни 20 миллионга яқин доллар миқдоридаги пулларни фирибгарлик билан эгаллаб, Афғонистондан Ўзбекистонга қочиб ўтган ва Интерпол томонидан қидирувга берилган шахснинг аризасига асосан гумон билан ушлаб турибди.

- Бу одам Аскандари устидан ариза билан мурожаат қилган экан. Ваҳоланки, уни ўзи устидан Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги бир неча маротаба мурожаат қилган Ўзбекистонга, лекин бемалол юрибди давлатимизда, беришмаяпти. Менга қилинган ҳужум устидан эса мен Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилганман, Тошкент шаҳар прокуратурасига бу ариза юзасидан борганимда, Миробод туман прокуратурасига кўриб чиқиш учун юборилганини айтишди. Шундан бери ҳаммаёқ жим-жит​, ҳеч қандай реакция бўлмаяпти, Аскандари иши ҳам тўхтаб ётибди, - деди ҳимоячи Нодир Болтаев.

Афғонистон расмийларининг фирибгарликда айбланаётган А.К. Давлатзодани экстрадиция қилиш сўрови
Афғонистон расмийларининг фирибгарликда айбланаётган А.К. Давлатзодани экстрадиция қилиш сўрови

Озодлик Миробод туман прокуратурасидан бу масалада расмий изоҳ ололмади. Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасида Аскандари ва унинг адвокатига қилинган ҳужум юзасидан расмий мурожаат билан чиқишни тавсия қилишди.

Абдул Жалил Аскандари тергов ҳибсхонасида
Абдул Жалил Аскандари тергов ҳибсхонасида

- Ариза апрель ойида топширилган бўлса, қонунга мувофиқ белгиланган тартибда бир ойда жавоб берилган бўлиши керак – жавоб берилмаслиги мумкин эмас! Адвокат жавобни олган, яна бир ундан сўранг, дея тавсия берди навбатчи зобит.

Ўзбекистонда қурилиш соҳасида ишлаб келган Абдул Жалил Аскандарининг Олма-Отада беш фарзанди қолган.

Абдул Жалил Аскандари Ўзбекистонга сармоя киритиб, жиноят иши фигурантига айланган ягона тадбиркор эмас.

Тошкентда 1994-2016 йилларда фаолият юритган "Лифт Монтаж Созлаш" МЧЖ ҳамда "Каспий" МЧЖ қурилиш ширкатларининг эгаси Назим Мамедов тўрт йил аввал Ўзбекистонда мусодара қилинган мулкини қайтариб олишда ёрдам сўраб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган эди.

2004-2011 йилларда Тошкентда "Туркуаз" савдо марказига асос солиб, фаолият юритган ширкат эгаси, 50 яшар Туркия фуқароси Воҳид Гунаш 2012 йил апрелида мусодара қилинган мол-мулкини қайтариш талаби билан Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилган.

Мурожаати эътиборсиз қолдирилгач, Гунеш Ўзбекистон ҳукуматига қарши даъво аризаси билан Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро марказ (International Centre for Settlement.of Investment Disputes -​ ICSID)ICSID га шикоят қилган эди.

Ўтган йил ноябрида ICSID Ўзбекистон ҳукумати турк сармоядорига 40 миллион АҚШ доллари миқдорида товон тўлаши лозимлиги ҳақида ҳукм чиқарганди.

XS
SM
MD
LG