Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:24

Трамп Зеленский билан мулоқотининг жанжалга сабаб бўлган жиҳатини очиқлади


Володимир Зеленский ва Дональд Трамп
Володимир Зеленский ва Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп июлда Украина президентига қўнғироқ қилганида собиқ АҚШ вице-президенти Жо Байден ҳақида гаплашганини тасдиқлади. Айни пайтда ўша қўнғироқ икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бузилишига таҳдид қилаётган сиёсий можарони келтириб чиқарди.

Трамп 22 сентябрда Володимир Зеленскийга 25 июлдаги қўнғироғи вақтида, биз одамларнинг вице-президент Байден ва унинг ўғли каби Украинадаги коррупцияга аралашиб қолишини истамаймиз, деб айтганини гапириб берди.

Байден Демократлар партиясидан 2020 йилги президент сайловида республикачи Трампга рақиб бўлишга интилаётган номзодлардан биридир.

“The Wall Street Journal” 20 сентябрда хабар қилишича, Трамп ўша қўнғироғи вақтида Зеленскийдан 8 марта Байденнинг Украинадаги фаолиятини кўриб чиқишни сўраган. Бу эса Конгрессдаги демократлар ўртасида Трампнинг хатти-ҳаракатларини мажбурлашга тенг деб баҳоласа бўладими-йўқми масала кўтарилишига сабаб бўлди.

АҚШ Вакиллар палатасининг разведка масалалари бўйича қўмитаси раиси, демократ Адам Шифф 20 сентябрда суриштирув чоғида Трамп украиналик ҳамкасбига Байден ишини тергов қилиш борасида босим ўтказгани аниқланса, импичментдан ўзга йўл қолмаслигини айтди.

‒ Агар президент бирор чет мамлакат раҳбарига ҳарбий ёрдам беришни тўхтатиш билан таҳдид қилиб, яна уни ноқонуний иш қилишга ундаб, қўрқитмоқчи ва мухолифига президент сайлови кампанияси вақтида лой чапламоқчи бўлса, у ҳолда бундай хатти-ҳаракатга тенг ягона чора кўриш керак бўлади, ‒ деди демократ Шифф Си-Эн-Эн телеканалининг “Мамлакатдаги ҳолат” дастуридаги чиқишида.

Ҳантер Байден

Жанжалнинг илдизи 2014 йилга бориб тақалади. Ўшанда Байденнинг ўғли Ҳантер Украинанинг фаолияти тергов қилинаётган “Бурисма” газ компанияси бошқарув кенгашига аъзо бўлган эди.

Вице-президент бўлган пайтида Украинани назорат қилган Байден расмий Киевдан бош прокурор Виктор Шохинни коррупцияга қарши курашни эплай олмагани учун бўшатишни талаб қилган.

Трампнинг шахсий юристи Руди Жулиани энди Байденни “Бурисма” компанияcига қарши терговни тўхтатиш учун Шорхинни бўшатиб юборганликда айбламоқда ҳамда Украинани Байденга қарши тергов бошлашга мажбурлашга ҳаракат қилмоқда.

Украина ОАВ хабар беришича, Шохин ишдан бўшатилаётган пайт “Бурисма” компаниясига қарши ҳеч қандай очиқ тергов бошламаган.

Байден 21 сентябрда “Америка халқи ўзи хулоса чиқариши учун” Трампдан ўша телефон орқали суҳбат стенограммасини “зудлик билан” эълон қилишни талаб этди.

Трамп ўша қўнғироқ “асосан табрик руҳида” бўлганини тавсифлаб, шундай қилишни ўйлаб кўраётганини айтди.

− Мен бу ишни жон-жон деб қиламан, лекин сиз бундай қилишдан бир оз уялишингиз керак, − деди у журналистлар билан суҳбатда.

Ҳарбий ёрдам

Вакиллар палатаси қўмиталари Трампнинг Зеленский маъмурияти Байден билан ўғлига қарши тергов бошламаса, АҚШнинг 250 миллион долларлик ҳарбий ёрдамини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилгани хусусида ОАВ хабарлари юзасидан суриштирув ўтказмоқда.

Ёрдам июль ойидаги қўнғироқдан бир неча ҳафта олдин тўхтатиб қўйилган эди, бироқ Оқ Уй ўтган ҳафтада ўша ёрдамни кўрсатишини айтди.

Ёрдам, асосан, Россияга кўмаклашаётган бўлгинчиларга қарши беш йилдан ошиқ вақтдан бери давом этаётган урушда қатнашаётган Украина қўшинларини тайёрлашни ва жиҳозлар билан таъминлашни назарда тутади. Ўша урушда 13 мингдан ошиқ қиши қурбон бўлди, Шарқий Украинанинг катта бўлаги айирмачилар қўлига ўтди.

Украина ташқи ишлар вазири Вадим Пристайко 21 сентябрда телефон қўнғироғи вақтида Трамп Зеленскийга босим ўтказганини инкор қилди.

− Суҳбат нима ҳақида бўлганидан хабарим бор, лекин босим бўлгани йўқ, деб ҳисоблайман, − деган Пристайко “Hromadske” нашрига берган интервьюсида. – Суҳбат узоқ давом этди, баъзан жиддий жавобларни талаб қиладиган кўплаб масалаларни қамраб олди.

Зеленский девони ҳалигача бирор изоҳ бермади.

Барак Обаманинг президентлиги вақтида АҚШнинг Россиядаги элчиси бўлган Майкл МакФол MSNBC телеканалига берган интервьюсида Трампнинг хатти-ҳаракатлари, қонуний ёки ноқонунийлигидан қатъи назар, тарихнинг синовларга тўла вақтида Украинага “ёмон сигнал йўллаётгани”ни айтди.

– Ташқи сиёсатни бунақа юритиш керак эмас, – деди у.


XS
SM
MD
LG