Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Беларусда қамоқдаги блогерга қарши янги жиноят иши очилди


Лосик 2020 йил июнида баҳсли президент сайловлари ортидан бошланган мухолифат намойишларини ташкиллаштиришга кўмаклашганликда айбланиб ҳибсга олинганди
Лосик 2020 йил июнида баҳсли президент сайловлари ортидан бошланган мухолифат намойишларини ташкиллаштиришга кўмаклашганликда айбланиб ҳибсга олинганди

Рафиқасининг айтишича, янги айбловларни эшитган Игорь Лосик яна очлик эълон қилган.

Озодлик радиосида янги медиа технологиялари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган Лосик терговчи ва адвокат олдида ўз томирини кесишга уринди, дейди унинг рафиқаси Даря адвокат сўзларига асосланиб.

Янги айбловлар нимадан иборатлиги ҳозирча номаълум. Лосикнинг рафиқаси Александр Лукашенкодан эри нега тўққиз ойдирки қамоқда ўтирганини изоҳлашни талаб қилмоқда.

Лосик аввалроқ ўтган йилги баҳсли президент сайловларидан кейин бўлган намойишларни ташкиллаштиришга кўмаклашганликда айбланган эди. Қўшимча айбловлар Лосик қамоқдаги олти ҳафталик очликни тугатгандан икки ой ўтиб янграмоқда.

2 ёшли қизалоқнинг отасига қўйилган янги айбловлар ҳақидаги хабардан сўнг, Озодлик радиоси президенти Жейми Флай Лукашенкодан уни озод этиб, оиласини бағрига қайтаришни сўраган.

“Озодлик радиосидаги барчамиз Игорга нисбатан қўйилаётган янги айбловлар ва унинг соғлиғи ёмонлашаётганидан қайғудамиз. Журналистика жиноят эмас ва Игорь анчадан бери ноҳақ ҳибсда сақланмоқда. Игорь ва унинг оиласи бундай қийноққа солинмаслиги керак”, дейди Флай.

Лосик 2020 йил 25 июнида ҳибсга олинган. У ўзининг машҳур Телеграм-канали орқали 9 август куни бўлиб ўтадиган президент сайловлари олдидан "жамоат тартибини бузишга" ҳамда "оммавий тартибсизликларда иштирок этишга" чорлаганликда айбланмоқда. Агар маҳкама Лосикни айбдор деб топса, у саккиз йил озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Бу айбловларга норозилик сифатида ҳуқуқбонлар томонидан сиёсий маҳбус деб тан олинган Лосик очлик эълон қилган. Лосик очликни 25 январь куни “ўз ихтиёри” билан тугатаётганини билдирган эди. Адвокатининг айтишича, Лосик “унга нисбатан кўрсатилган ақл бовар қилмайдиган бирдамлик тўлқинидан боши осмонга етган”. Афтидан, бироз ўтиб блогернинг кайфияти ўзгарган. Белсат интернет телеканалининг икки журналисти ҳибсга олингач, Лосик қамоқхонадан чиқарган хат ижтимоий тармоқларда тарқалди.

“Ҳафсалам пир бўлди. Бу аҳвол яна беш йил давом этса, унгача мен ҳам ўламан. Қўлим ҳеч ишга бормаяпти. Шунча иш қилинди, ҳеч нарса бўлмади: одамларга ҳеч нарса таъсир қилмади. Тан оламан: бирор нарса ўзгаришидан шубҳаланиб қолдим”, дейилади хатда.

Лосик мактубида ёзишича, ҳукуматдан норозилар ё қамоққа олинади, ё хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлади.

“Россия яна пул беради ва шу аҳвол яна бир неча йил давом этади. Мен бунга ўзимни тайёрлашим керак деб ўйлайман. Ўтган саккиз ой давомида ҳафтасига аҳвол ёмонлашиб бораётган бир пайтда, яхши гумон ва умид қилишдан чарчадим", дейди Лосик.

Лосикнинг турмуш ўртоғи суд жараёнини кўришини истамаслигини айтган. “Яхшиси, мени отиб ташлашсин, ҳаммаси жонга тегди”, деб якунлайди у мактубини.

XS
SM
MD
LG