Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:28

БМТ экспертлари Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан халқаро тергов ўтказишга чақирди


Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди.
Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича икки эксперти Кремль танқидчиси Алексей Навальнийнинг заҳарланиши бўйича халқаро тергов ўтказишга чақирди.

1 март куни БМТнинг судсиз ва ўзбошимчалик билан қатл этиш бўйича бош мутахассиси Агнес Калламар, фикр ва сўз эркинлиги бўйича эксперт Айрин Хан қўшма баёнот эълон қилиб, Россияни Навальнийни «зудлик билан озодликка чиқаришга» чорладилар.

«Маҳаллий ҳокимият идоралари етарлича чора кўрмагани, тақиқланган кимёвий қуроллардан фойдаланилгани ва қасддан ўлдириш уринишларини ҳисобга олган ҳолда, биз фактларни аниқлаш ва жаноб Навальнийнинг заҳарланишига ойдинлик киритиш мақсадида шошилинч равишда халқаро тергов ўтказиш керак, деб ҳисоблаймиз», - дейилади билдирувда.

Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни Россия суди мухолифатчига нисбатан аввалроқ чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирди ва уни 2,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Хабарларга кўра, 1 март куни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Навальний ҳибсга олинишида иштирок этган адлия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари амалдорларига қарши санкция жорий қилишга келишиб олган.

Дипломатик манбалар санкция йўлиққан Россия расмийлари Федерал жазони ижро этиш хизмати директори Александр Калашников, Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, бош прокурор Игорь Краснов ва Миллий гвардия директори Виктор Золотов экани ҳақидаги аввалги хабарларни тасдиқлаган.

XS
SM
MD
LG