Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:19

“Бунёдкор”нинг юзлаб ходими тўрт ойдан буён маошсиз - директор трансфердан тушган пулни бермаяпти


"Бунёдкор" футбол клуби стадиони
"Бунёдкор" футбол клуби стадиони

“Бунёдкор” футбол клубининг юзлаб мураббий, ишчи ва техник ходимлари август ойидан буён маошсиз ишлаяпти.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган ходимларнинг айтишича, клубнинг ҳисоб рақамига ўйинчи трансферидан катта пул тушган бўлса ҳам, директор уни ходимларга иш ҳақи қилиб бермаяпти.

Клуб директори ўринбосари Аброр Имомхўжаев ўйинчи трансфери шартномасининг асл нусхасини аввалги директор бермаётгани сабаб, банк пулни клуб ҳисобига ўтказмаётганини айтди.

“Бунёдкор”нинг аввалги директори Улуғбек Мирзаев шартноманинг асл нусхаси бош бухгалтерга етказилгани, бош бухгалтер эса уни янги директор Айниддин Ғиёсовнинг қўлига шахсан топширганини билдирди.

Айниддин Ғиёсов бемор эканлиги боис Озодлик билан гаплаша олмаслигини айтди.

“Бунёдкор” футбол клубининг исми сир қолишини сўраган бўлим бошлиқларидан бирининг айтишича, жамоа аъзолари тўрт ойлик маошсизликдан жуда ҳам қийналиб кетди:

Одамлар жуда қийналиб кетди, ишини яхши кўргани учун тренерларимиз ишлаяпти, машғулотлар бир кун ҳам тўхтагани йўқ.

“7 ёшдан болалар футбол билан шуғулланади, академияининг ўзида 13-18 ёшгача бўлган болалар яшайди. Уларнинг озиқ-овқатида ҳам қарздорлик бор. Бизнинг академияда юзга яқин тренер бор. Бундан ташқари, офис ходимлари, ошхона ишчилари, фаррошлар, хуллас, ҳеч ким маош олмаганига мана бугун 4 ой10 кун бўлди. Одамлар жуда қийналиб кетди, ишини яхши кўргани учун тренерларимиз ишлаяпти, машғулотлар бир кун ҳам тўхтагани йўқ. Лекин бўш қоп қачонгача тик туради?”

Исми сир қолишини сўраган, клубнинг молиявий ишларидан хабардор мулозимнинг айтишича, аслида клубнинг ҳисобида ишчиларни уч ой маош билан таъминлашга етадиган пул бор:

Бу трансфердан 200 минг АҚШ доллари ва 130 минг евро клубнинг банкдаги валюта ҳисоб рақамига келиб тушган.

“Бизнинг низомга кўра, клуб ўзи ишлаб топган пул ҳам ойликка қаратилади. Москванинг Локомотив клубига “Бунёдкор” ФК аъзоси Жасур Жалолиддинов трансфер қилинган эди. Бу трансфердан 200 минг АҚШ доллари ва 130 минг евро клубнинг банкдаги валюта ҳисоб рақамига келиб тушган. Аммо август ойида клубга Айниддин Ғиёсов директор бўлиб келдию, бу бола бир миллион долларга сотилган деб, эски директоримизни ковлашга тушди. Маош беришни ҳам тўхтатиб қўйди. Аслида эса, ўзбек футболида 18 ёшли спортчининг 350 минг долларга сотилишининг ўзи катта нарса. Афсуски, янги директор ходимларга ҳам маош кераклигини эсидан чиқариб қўйди”.

Клуб директори ўринбосари Аброр Имомхўжаев ходимларнинг тўрт ойдан буён маошсиз қолганини тасдиқлар экан, ҳомий ташкилот “Ўзбекнефтгаз” молиялашни тўхтатиб қўйганини айтди:

Биз ўзимиз ҳам ишчи-ходимларнинг кўзига қаролмай  қолдик.

“Президент қарори билан “Бунёдкор” клубига “Ўзбекнефтгаз” ҳомийлик қилади. Ҳозир тўрт ойлик қарздорлик мавжуд. Бир неча марта “Ўзбекнефтгаз” раҳбариятига мурожаат қилдик, улар ўзимиз оғир аҳволдамиз, пандемия, ўзимиз ҳам қийналяпмиз, дейишди. Биз ўзимиз ҳам ишчи-ходимларнинг кўзига қаролмай қолдик. “Бунёдкор” харажати жуда катта бўлган клублардан бири. Академиянинг ўзида 600га яқин тарбияланувчи, 50дан ортиқ мураббий бор. Лекин ҳозиргача бизни хурсанд қиладиган жавоб “Ўзбекнефтгаз”дан йўқ”.

Аброр Имомхўжаевга кўра, футболчи трансферидан тушган пулнинг ходимлар маоши учун ишлатилмаётгани сабаби контракт асл нусхасининг йўқлигида.

Лекин бир ҳафта тугул, икки ой ўтиб кетди, асл нусха берилмаган. Шунинг учун бу пулни ишлатолмаяпмиз.

“Бу пулни ишлатолмаймиз. Сабаби, бизда 10 август куни клуб раҳбари алмашди. Ўша пайтнинг ўзида икки ойлик қарз бор эди, июнь, июль. Пул келиб тушган эди. Биз Марказий Банкдан ўзимизнинг ҳисобимизга ўтказамиз десак, Жасур Жалолиддиновнинг трансфер қилиш ҳақидаги “Локомотив” ва “Бунёдкор” ўртасида тузилган контрактнинг асл нусхаси йўқ. Банк эса асл нусхани олиб келинглар, кейин берамиз, деди. Кейин бу катта шов-шув бўлди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси йиғилиш ўтказди. Собиқ директор чақирилди. Ўшанда у контрактни кўрсатди, лекин у ҳам нусха эди. Бу ҳақиқий контракт бўлган, бир ҳафтада мен сизларга асл нусхасини олдириб бераман, деди. Лекин бир ҳафта тугул, икки ой ўтиб кетди, асл нусха берилмаган. Шунинг учун бу пулни ишлатолмаяпмиз. Агар берганда эди, биз аллақачон уч ойлик маошни тўлаб берган бўлардик”.

Озодлик Аброр Имомхўжаевнинг изоҳи ортидан “Бунёдкор” клуби собиқ директори Улуғбек Мирзаевга қўнғироқ қилди:

“Ғирт ёлғон бу гап. Ўша йиғилишдан кейин бир ҳафта ичида “Локомотив” клуби DHL билан шартномани юборган. Буни бош бухгалтер Толибжон Қосимов ҳам тасдиқлайди!”

“Бунёдкор” клуби бош бухгалтери Толибжон Қосимов собиқ директор Улуғбек Мирзаевнинг сўзларини тасдиқлади:

“Локомотив” DHL орқали ўша контрактнинг асл нусхасини бизга юборди. Мен уни раҳбаримиз Айниддин Ғиёсовга етказиб берганман. Ҳужжат унинг қўлида турибди”.

Озодликнинг мавзуни ўрганиш жараёнида 10-11 ноябрь кунлари “Бунёдкор” футбол клуби директори Айниддин Ғиёсов ,“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари Улуғбек Ашуров ҳамда Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси юристи Ойбек Иброҳимхонов билан боғланиш ва изоҳ олиш уринишлари натижа бермади.

Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган ўзбек футболига яқин манба маошларнинг ўз вақтида берилмаслиги мамлакатдаги аксар клубларга хос муаммо эканини айтди.

Номи ошкор этилишини истамаган суҳбатдошга кўра, молия етишмаслиги, айниқса, мавсум тугаганидан сўнг кўпчилик клублар ва соҳада банд ишчи-ходимларни қийин аҳволга солиб қўяди.

2009 йилда бразилиялик машҳур мураббий Луис Филипе Сколари ва машҳур ҳужумчи Ривалдоларни бир неча ўн миллион долларлик контракт эвазига ёллаган “Бунёдкор” клубининг бугун маҳаллий ўйинчиларни сотиб олишга ҳам қурби қолмаган.

“Бунёдкор”нинг "олтин даври" саналган 2000 йилларда унинг ортида мамлакатдаги аксар даромадли бизнесни ўз қўлига олгани айтилган қудратли Zeromax компанияси ва президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова турган эди.

Ширкат бошқарувчиси Миродил Жалолов қамоққа олиниб¸​ 2010 йилда Zeromax касодга учрагани эълон қилинди ва унга тегишли барча мол-мулкка ҳибс қўйилди.

Шундан сўнг¸“Бунёдкор” клубини молиялаш “Ўзтрансгаз” ва “Ўзбекнефтегаз” ширкатларига топширилди.

XS
SM
MD
LG