Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:46

Голливуд фақат осиёлик актёрлардан иборат фильм ишлади


Жон Чунинг "Ўта бой осиёликлар" номли романтик комедияси гўзал ва ҳашаматли ҳаёт тарзи ҳақида. Сингапурнинг экзотик ва ултра-модерн муҳитида суратга олинган фильм осиёлик бойларнинг замонавий ҳаётидан ҳикоя қилади. Картинанинг ўзига хос жиҳати шундаки, ундаги барча актёрлар осиёлик.

Ёш жуфтлик Сингапур сари саёҳатга отланар экан, Нью-Йорк университети профессори Рейчал қаллиғи Ник Ён шаҳар-давлатдаги энг бой оилалардан бирининг фарзанди эканини билмайди. Ҳали етиб келмасидан туриб, унинг сурати ижтимоий тармоқларга тарқалади ва Ник билан турмуш қуриш умидида юрган бошқа кўплаб бой қизларнинг нишонига айланади. Никнинг онаси Элеанор Йонга кўра, Америкада туғилган Рейчал ўғли учун муносиб келин эмас. Мустақил ва иродали аёл Сингапурнинг анъанавий қадриятларига зид, деб ҳисоблайди у.

Рейчал ва Ник муносабатлари Осиёнинг ҳашаматли масканларида давом этади. Фильм қаҳрамонлари ранг-баранг: қувноқ, жиддий, лекин гўзал ва жуда бой одамлар. Ҳаммаси осиёлик.

"Австралия, Англия, Коста-Рика, Америка, Сингапур ва Малайзиядан актёрлар бор. Бутун Осиёдан йиғилганмиз", - дейди актриса Констанс Ву.

Констанс Вуга кўра, фильм АҚШда осиёликлар эътибордан четдаги озчилик гуруҳ деган қарашларга нуқта қўяди.

"Кўпинча Голливудда осиёликлар бир хил тоифага киритилади. Гўёки Осиёдаги осиёликлар ва Америкадаги осиёликлар ўртасида фарқ йўқдек. Ёки Британия ва Австралиядаги осиёликлар. Фарқ бор. Маданий тафовутлар мавжуд. Бу фильм шу нарсани кўрсатиб берган, лекин бундай асарлар кўп эмас", - дейди актриса.

Фильмдан кўзланган мақсадга эришилди. У энг кўп кўрилган картиналардан бирига айланди. Ниҳоят осиёлик актёрлар Голливуднинг ажралмас қисмига айланяпти, деган қарашлар ўзини тасдиқлади. Фиона Чен ролини ижро этган Виктория Лоук Сингапурдан бизга Skype орқали алоқага чиқди.

"Фильмга олиш жараёнида унинг таъсири қанчалик бўлиши ҳақида ўйламагандик. Америкадаги осиёликлар жамиятини намоён қилганимиз учун томошабинлар бизга, режиссёр ва продюсерларимизга кўп раҳматлар айтишди", - дейди у.

Муваффақиятлар билан бир қаторда танқидлар ҳам йўқ эмас.

"Фильм ўта бой осиёликлар ҳақида, жуда кичик гуруҳ бу. У бутун аҳолини намоён қилмайди, деган кўплаб тандиқлар бўлиши табиий", - дейди Лоук.

У ҳаммани қамраб олмаслиги мумкин, аммо АҚШ ва Осиёдаги кинотеатрлар томошабинлар билан тўла. Викториа Лоукнинг айтишича, яқин келажакда фильмнинг давоми ҳам ишланади.

XS
SM
MD
LG