Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:00

“Да Винчи бизга ëт” деган даъватлар манзарасида Тошкентдаги Мона Лиза расми ўчириб ташланди


Мона Лиза атрофида доимо гавжумлик мавжуд
Мона Лиза атрофида доимо гавжумлик мавжуд

Жорий йилнинг 27 июнь куни пойтахтнинг Чилонзор туманидаги бинолардан бирининг деворига Леонардо да Винчининг стрит-арт услубида ишланган “Мона Лиза” асари ўчириб ташланди.

Little Harvard School хусусий мактаб-боғчаси деворидаги ниқоб таққан Мона Лиза расмини ўзбек “Бэнкси” деб ном чиқарган тошкентлик 33 яшар граффитичи рассом Абдураҳмон 2020 йилнинг пандемия авжига чиққан май ойида чизган эди.

Расмнинг ўчирилишдан бир кун олдинги ҳолати
Расмнинг ўчирилишдан бир кун олдинги ҳолати

Озодликнинг 12 июль куни аниқлашича, деворий расм Чилонзор туманидаги Little Harvard School хусусий мактаб маъмурияти тарафидан ўчирилган.

Расм муаллифи Абдураҳмон Озодлик билан суҳбатда “бу асар боғча маъмурияти изни билан чизилганлигини” билдирди.

Рассомга кўра¸ кимдир 25 июнь куни “Ниқоб таққан Мона Лиза”нинг бошига шох, кўкрагига эса "666" рақамини ëзиб кетган:

“Ман эртасига у ёзувларни ўчириб ташлаб¸ таъмир қилиб бердим. Аммо шунга қарамасдан боғча маъмурияти Мона Лизани батамом ўчиртириб ташлади. Афсуски, улар санъатдан йироқ одамлар”.

Муаллифнинг сўзларига кўра, деворий асар вандализмга нишон бўлган.
Муаллифнинг сўзларига кўра, деворий асар вандализмга нишон бўлган.

"Мона Лиза атрофидаги гавжумликдан безор бўлдик"

Озодлик Little Harvard School хусусий мактаби маъмурияти билан боғланди. Мактабнинг ўзини Шоҳида Исроиловна деб таништирган мудираси “бу расм ўтган-кетганнинг ортиқча эътиборини тортгани ва ëш йигит-қизлар учун фотосессия масканига айлангани боис ўчириб ташлашга қарор қилингани"ни билдирди.

“Ëшларимизнинг маънавиятига зид тарзда кийинган қиз ва йигитлар бу расм атрофида фотога тушишга ружу қилишди. Расм устига телефон рақамларини ëзиб, учрашув жойи белгилашди. Бу ортиқча ғала-ғовур ўқувчиларимизга салбий таъсир кўрсатгани боис Мона Лиза расмини ўчириб ташлашга қарор қилдик. Ўқувчиларимизни ташқи салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсадида қилдик бу ишни. Аслида, бизнинг Леонардо Да Винчи ва унинг ижодига эътирозимиз йўқ. Мона Лиза расми атрофидаги ортиқча хатти- ҳаракатларга қаршимиз”.

Мактаб мудираси суҳбат асносида ўзининг биринчи мутахассислиги санъатшунос экани ва гўзал санъатни қадрлашини ҳам таъкидлади.

Тошкентлик граффитичи рассом Абдураҳмон эса, асари ўчирилганидан ҳафсаласи пир бўлганини яширмайди:

“Санъатшуноснинг гапими шу? Гўзал бўлса, нега ўчиришди? Агар "Ниқоб таққан Мона Лиза"ни устига ажи-бужи чизиб кетишган ҳолатида ўчиришганидаям алам қилмас эди. Тоза таъмирдан чиққан ҳолатида устидан бўёқ тортишди. Одамлар экскурсиялар уюштириб, шу расмларни кўришаётган бир пайтда, санъатшунос расмни ўчириб ташлаши қизиқ парадокс”.

Мавзуга алоқадор

Ўзбекистонда стрит-арт ҳеч қачон мустақил йўналиш сифатида мавжуд бўлмаган.

Тошкентнинг Чилонзорида граффитичи рассом «inkuzart» қиёфасида пайдо бўлган «ўзбек Бэнкси» Чилонзор кварталларини «гўзаллаштиришни» хоҳлайди. У одамлар бу ерларни санъат галереяси, деб тасаввур қилишидан умидини узмаган.

"Расмнинг устига шпаклёвка сурилган. Агар авайлаб ювиб тозаланса, Лизани қутқарса бўлади. Расм цемент сувоқнинг устига, қора масленный краскада чизилган. Вақти келиб, балким очишар. Санъат эркин бўладиган вақт келишига ишонаман."

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот химазти вакили Озодлик билан суҳбатда "Ниқоб таққан Мона Лиза" асарини ўчириш борасида Little Harvard School маъмуриятига ҳеч қандай кўрсатма берилмаганлигини айтди.

Расмни ўчириш жараëни
Расмни ўчириш жараëни

Да Винчи нишонда

Мустақил АsiaTerra нашри Тошкентдаги “Ниқоб таққан Мона Лиза” асарининг ўчирилишини Аброр Мухтор Алий тахаллуси остида фаолият юритадиган блогер ва Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Абдуазимовнинг чиқишлари билан боғлади.

Нашр унинг ўтган ой пойтахтдаги китоб дўконлари бўйлаб уюштирилган "рейд" чоғида айтган Леонардо да Винчи ва Рембранд каби ғарб рассомлари ишлаган жаҳон санъати дурдоналари "ўзбек халқи учун ёт" экани ҳақидаги сўзларини келтирган.

"Ниқоб таққан Мона Лиза" ўчирилаëтгани акс этган суратни ўзининг Фейсбук саҳифасига қўйган тармоқ фойдаланувчиларидан бири "Мона Лиза"нинг ўчирилиши олқишланган изоҳ қолдирди.

"Ниқоб таққан Мона Лиза"нинг ўчирилиши
"Ниқоб таққан Мона Лиза"нинг ўчирилиши

Озодлик саволига жавоб ëзган Shokirjon Ahmedov исмли Фейсбук фойдаланувчиси “Бу каби расволиклар санъат асари эмас. Ўзбекистонда стрит-артни тавсия қилаётганларга қарши жиноий жавобгарлик жорий қилиш керак”, дея таъкидлади.

Чилонзордаги боғча деворига чизилган расм муаллифи Абдураҳмон Озодлик билан суҳбатда “расмнинг ўчирилиши диний воизларнинг даъватлари билан боғлиқ эмаслигини” таъкидлади.

Ўтган ой интернетнинг ўзбек сегментидаги консерватив қатлам босими ортидан “Ақлвой” телеканалида “уят расм қўйган” ходим жазолангани ҳақида телеканал маъмурияти хабар берган эди.

Воқеа Италия Уйғониш даври санъатининг буюк намояндаси, рассом Сандро Ботичелли ( 1445 —1510) мўйқаламига мансуб “Венеранинг туғилиши” асарининг “Ақлвой” каналида намойиш қилингани билан боғлиқ.

2018 йилда Қўқон расмийлари буйруғи билан театр деворидаги асар “исломга зид” дея топилиб, фреска персонажи бўлган малакларга ҳижоб кийдирилгани ҳақида Озодлик ёзган эди.

Рассом Баҳодир Жалол Озодлик билан суҳбатда бу воқеани “ваҳшийлик” дея атаган ва ҳодисага исëн сифатида ўз кўргазмасини тўхтатганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG