Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:29

Депутат Кушербаев: “Сурхондарёлик журналистлар воқеаси давлат сиёсати учун шармандалик”


Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев

Cурхондарё вилояти ИИБ томонидан блоггер Отабек Сатторийнинг қўлга олиниши ҳамда журналист Фарҳод Исмоиловнинг уйи тинтилганини Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Расул Кушербаев “даҳшат ва давлат сиёсати учун шармандалик” деб атади.

Депутатга кўра, унинг ўзи журналистларнинг қамалиши ва уйининг тинтув қилиниши жараёнидан бевосита хабардор.

“Қизириқлик фермерларни дардини ёритиб улар билан Тошкентгача келган, Сурхондарё вилояти ҳокимини ҳам қўрқмай танқид қилган, ўзини қамаш учун турли тадбирлар уюштиришаётганини менга айтиб ёрдам сўраган(мени огоҳлантирган эди ҳатто) ўша Отабек Сатторий исмли блогер кўп ўтмай товламачиликда айбланиб, қамоққа ташланаяпти.

У билан бирга Сурхондарёдаги муаммоларни кўтарган "effect.uz" интернет ОАВнинг мухбири Фарход Исмаилов эса сўроққа чақирилиб, уйи тинтув қилинмоқда. Катта эҳтимол билан у ҳам қаллоблик, товламачилик ёки гиёҳванд воситасини сақлашда айбланиб қамалса керак”, деб ёзди депутат тармоқдаги саҳифасида.

Парламент вакилига кўра, у журналистлар томонидан кўтарилган — муаммоси ҳал бўлмаётган фермерларнинг шикояти асосида Сурхондарёга бормоқчи бўлган, аммо унинг вилоятга сафар қилишига йўл беришмаган.

Айнан мазкур ҳодиса қандай содир бўлгани ортидан изоҳ сўрамоқчи бўлган Озодлик мухбирининг депутатга телефон қўнғироғи жавобсиз қолди.

“Бу ишлар шахсан менга жуда ғалати ва шубҳали туюлмоқда. Негадир Сурхондарё вилояти ҳокимини танқид қилган, жойида жамоатчилик назоратини ўрнатмоқчи бўлган фаол фуқаролар бири қамоққа ташланган, бирини эса сўроқма-сўроқ судрашаяпти.

Бўлаётган ишларни кўриб яқин кунларда мени ҳам товламачилик, қаллоблик ва яна бошқа балоларда айблаб, уйимда тинтув бошлашиб қолса ҳайрон қолиш керакмас: ҳаммаси тушунарли, деяверасиз” дейди депутат.

Ҳолбуки, президент куни кеча ўзининг Фарғонага сафари чоғида журналистларга қарата: "Сизлар менга елкадошсиз, ёрдамингизга таянаман. Адолатни етказишдан тўхтаманглар, қўрқманглар. Ортингизда Президент турибди" деганди", деб ёзди Расул Кушербаев.

XS
SM
MD
LG