Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:07

Зироат Мирзиёева Биринчи хоним сифатида бўй кўрсата бошлади


Зироат Мирзиёева Сардоба фожиасидан зарар кўрган аҳоли вакиллари билан суҳбатлашмоқда. 2020, 21 май, Сирдарё вилояти.
Зироат Мирзиёева Сардоба фожиасидан зарар кўрган аҳоли вакиллари билан суҳбатлашмоқда. 2020, 21 май, Сирдарё вилояти.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг турмуш ўртоғи Зироат Мирзиёева 21 май куни Сирдарё вилоятига бориб, Сардоба сув омборида юз берган авариядан талафот кўрган аҳоли билан учрашди.

Шу пайтгача президентнинг чет эл сафарларида ёки оила даврасида тушган суратлари орқали жамоатчиликка кўриниш берган “Биринчи хоним”нинг Сирдарё сафари унинг жамоат арбоби сифатида илк кўринишидир.

Зироат Мирзиёева жорий ой бошида муҳтож аёлларга ёрдам кўрсатиш мақсадида тузилган Zamin жамғармаси васийлик кенгаши раисидир.

Президент турмуш ўртоғининг “Биринчи хоним”лик масъулиятини ўз зиммасига ола бошлаганини Озодлик суҳбатдошлари - аёллар олқишлади, айни пайтда улардан бири бу ҳолатни Шавкат Мирзиёевнинг ўз имижини шакллантириш жараёнини давом эттираётгани сифатида баҳолади.

Ўзбекистон Биринчи хонимининг Сирдарёга сафари акс этган суратларни унинг катта қизи Саида ижтимоий тармоқларда эълон қилди.

Зироат Мирзиёеванинг аҳоли билан мулоқоти акс этган суратларга “Зироат Мирзиёева ва қизи Саида тошқиндан зарар кўрган оила билан мулоқот қилмоқда”, “Зироат Мирзиёева қизчасини кўтариб олган аёлнинг шикоятини эшитяпти”, “Зироат Мирзиёева ва Саида тошқиндан зарар кўрган оиланинг болаларига совға улашди” деган тагхатлар ёзиш мумкин.

Зироат Мирзиёева ва қизи Саида тошқиндан зарар кўрган оила билан мулоқот қилмоқда. 2020, 21 май. Сирдарё.
Зироат Мирзиёева ва қизи Саида тошқиндан зарар кўрган оила билан мулоқот қилмоқда. 2020, 21 май. Сирдарё.

“Биринчи хоним” ибораси ўзбеклар учун янгилик - инглизча First Ladyдан сўзма-сўз таржимадир. Аввалига АҚШ президентининг хотинига, кейинроқ бошқа давлатлар раҳбарлари турмуш ўртоқларига нисбатан ҳам ишлатила бошланиб, атамага айланган бу иборани илк бор АҚШда 1849 йили президент Закари Тейлор Тўртинчи президент Жеймс Мэдисоннинг хотини Доллига нисбатан ишлатган эди.

Эндиликда Ғарб давлатларида “Биринчи хоним”лик мақоми одатий кўринишдир. 13 йилдан бери Францияда яшаб, муҳожирларга француз тилидан дарс бераётган ўзбекистонлик Фарида ўзи яшаб турган мамлакатнинг Биринчи хоними ҳақида бундай деди:

“Франциянинг Биринчи хоними, Эммануэль Макроннинг аёли Брижит жамоатчилик ишларига, хайрия ишларига аралашишга ҳаракат қилади. Лекин сиёсатга аралашмайди, деб ўйлайман. Жак Ширакнинг хотини анча фаол бўлган эди. Ширак бетоб бўлиб жамоатчиликка кам кўриниб қолганида телевидениеда фақат Бернадет Ширак кўринадиган бўлиб қолган эди”.

Зироат Мирзиёева қизчасини кўтариб олган аёлнинг шикоятини эшитяпти. 2020, 21 май, Сирдарё.
Зироат Мирзиёева қизчасини кўтариб олган аёлнинг шикоятини эшитяпти. 2020, 21 май, Сирдарё.

Асрлар давомида “Хотиннинг ўрни ўчоқбошида” деган ақида билан яшаб келган ўзбеклар учун “Биринчи хоним” ҳодисаси ёт эди.

Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов Озодликка берган интервьюсидан кейин ўзаро суҳбат чоғида “хотинини етаклаб юрувчи президентларни тушунмаслигини” айтганини мухбиримиз ҳануз эслаб юради. Шундай эсада, дипломатик протокол талабидан келиб чиққан бўлса керак, Ислом Абдуғаниевич Татьяна Акбаровнани баъзида ўзига ҳамроҳ қилганини ўзбекистонликлар эслайди.

Давлат раҳбарлари турмуш ўртоқлари нафақат Ўзбекистонда, умуман собиқ СССР да бир умр “парда ортида" яшаган. Хотинини биринчи бўлиб парда ортидан чиқарган раҳбар Михаил Горбачев бўлганини эслар экан, тошкентлик фаол жамоатчи, шоира Дилором Исҳоқова бундай деди:

Раиса Горбачева ва Михаил Горбачев. 1953-1954.
Раиса Горбачева ва Михаил Горбачев. 1953-1954.

“Зироат Мирзиёева ҳақида сўраркансиз, бирдан Раиса Горбачева эсимга тушиб кетди. Михаил Горбачев ўзидан олдинги раҳбарлардан фарқли барча сафарларга Раиса билан бирга бориб юрди. Горбачевдан олдингиларнинг хотини қанақалигиниям халқ билмасди. Раиса Максимовна ўзи ҳам жуда фаол эди. Чиройли эди. Чиройли кийинарди. Энг қизиғи, Раисани халқ ёмон кўрди. Ҳатто халқ нафратига учради, дейиш мумкин. Чунки халқ давлат раҳбари хотинининг бундай фаол бўлишига кўникмаган эди”.

Яна бир суҳбатдошимиз, фарзандларини кўриш учун Россияга бориб, коронавирус туфайли ватанига қайтолмаётган адабиётшунос Хосият Бекмирзаева ўзбек жамиятида аёлнинг ўрни ҳақида фикр юритишни бошлашдан олдин миллат ўтмишига бир назар ташлаш фойдадан ҳоли бўлмайди, дер экан, фикрини бундай давом эттирди:

“Ўтмишимиздаги биз жуда фахрланиб бот-бот такрорлайдиган Бибихоним, Нодирабегим, Гулбаданбегимлар яхши сиёсий маслаҳатчи бўлган, подшоҳлар қарорларини ўзгартириб юборадиган даражада таъсирга эга бўлганлар. Шулар каби халқ ва давлат ҳаётида ҳозирги Биринчи хоним ҳам туб бурилишларга сабаб бўлар, балки”.

Зироат Мирзиёева ва Саида тошқиндан зарар кўрган оиланинг болаларига совға улашди. 2020, 21 май, Сирдарё.
Зироат Мирзиёева ва Саида тошқиндан зарар кўрган оиланинг болаларига совға улашди. 2020, 21 май, Сирдарё.

Бугунги суҳбатдошларимиздан Ўзбекистоннинг бир фуқароси сифатида Зироат Мирзиёеванинг нафақат президентнинг турмуш ўртоғи, балки мустақил жамоат арбоби сифатида бўй кўрсата бошлаганини қандай қабул қиляпсиз, деб ҳам сўрадик.

Журналист Шарифа Мадраҳимова: Яхши қабул қиляпман. (кулиб) Мен ҳам Президентнинг хотини бўлганимда¸ шундай қилган бўлардим.(яна кулади) Яхши ишлар қилишяпти. Айниқса, “Замин” деган фонд очишгани яхши бўлди.

Адабиётшунос Хосият Бекмирзаева: ”Зироат Мирзиёева жараённинг олий нуқтасида турибди, халқ унга нисбатан хайрихоҳлик билан қараяпти. Ҳар ҳолда, ҳозирча шундай. Яқин ўтмишдаги Виктория Петровна Брежнева, Татьяна Акбаровна Каримовалардан фарқли равишда сиёсий саводли, дунёқараш ва ташқи кўринишда илғор. Биринчи хоним сифатида жамиятда ўз ўрнига, нуфузига эга бўлиши ўзбек аёлларига ҳам бир туртки бўлса ажаб эмас”.

Француз тили ўқитувчиси Фарида: "Балки Европада кўникиб қолганимдандир, мен учун Зироат Мирзиёеванинг фаоллигида ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ".

Уч суҳбатдошимизга берганимиз саволни шоира Дилором Исҳоқовага бошқачароқ қилиб, хотинлар гапда Зироат Мирзиёева тўғрисида нима деяпти, деб бердик.

Дилором Исҳоқова (кулиб): Хотинлар гап-гаштакда Зироатхоннинг нақадар чиройли эканини гапиришади. Ҳақиқатан жуда келишган аёл. Ҳамма кийими ярашади.

Озодлик (кулиб): Бир аёл иккинчи аёлни мақтамасдику?!

Дилором Исҳоқова (кулиб): Мен мақтайвераман...

Озодлик: Шавкат Мирзиёев бир ўзбек сифатида "ўзбекча" иш тутиб, турмуш ўртоғининг жамоат ишларига аралашишига йўл қўймаслиги ҳам мумкин эди, халқ ҳайрон ҳам бўлмас эди. Нега бунинг акси бўлаяпти?

Дилором Исҳоқова: Бу тутуми билан Мирзиёев жамиятга қандайдир чуқур маъноли мужда бермоқчи эмас. У имиж яратяпти, холос. Ҳалигача у ўз имижини яратяпти. Мен дунёвий одамман, мен бошқачаман. Каримовга ўхшаган бўлмайман. Совет лидерларига ўхшаган бўлмайман, деган муждани бермоқчи жамиятга. Бундан ортиқ мақсад йўқ.

Дилором Исҳоқова жавоб берган саволга бошқа уч суҳбатдошимиздан жавоб ололмадик.

Бироқ тўрттала суҳбатдошимиз ҳам “келажакда ўзбек аёли, хусусан, Зироат Мирзиёева Ўзбекистон президенти бўлиши мумкинми?” деган сўнгги саволга худди келишиб олгандай, худди йиллар давомида ўйлаб, бир хулосага келгандай, саволни эшитибоқ, ўйлаб ўтирмай бир хил жавоб беришди: Йўқ!

Бир суҳбатдошимиз ҳатто уч марта такрорлади: Йўқ, йўқ, йўқ!

Қирғизистоннинг Биринчи президенти Асқар Акаев қизи Бермет (чапда) ва хотини Майрам Акаева билан.
Қирғизистоннинг Биринчи президенти Асқар Акаев қизи Бермет (чапда) ва хотини Майрам Акаева билан.

Мақола сўнгги нуқтани қўйиш олдидан шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Зироат Мирзиёева Марказий Осиё минтақасидаги биринчи Биринчи хоним эмас.

Бу ибора илк бор Қирғизистоннинг Биринчи президенти Асқар Ақаевнинг турмуш ўртоғи Майрам Ақаевага нисбатан ишлатилган. 2005 йилги Март инқилоби оқибатида Асқар Ақаев Қирғизистонни ташлаб чиқиб кетгач, унинг танқидчилари ҳанузгача собиқ Биринчи хонимни ҳам айблаб келади. Танқидчилар фикрича, Майрам Ақаева эри – Президентнинг ишларига, кадрлар масаласига аралашган.

XS
SM
MD
LG