Афғонистоннинг толиблар тарафидан ишғол қилиниши АҚШ ҳукуматини танқид тошлари остида қолдирди – қўшинларни олиб чиқиб кетиш ёмон уюштирилгани, афғон армияси Ғарб дастагисиз қанчалар нотавон бўлиб қолиши мумкинлигини Вашингтон фаҳмлай олишмагани, Америка стратеглари Толибоннинг қудратини чамалашда қаттиқ янглишгани бот‑бот такрорланмоқда.
“Америка пуллари совурилаётган мамлакат”
Жо Байден маъмурияти энг аввало халқаро ҳамжамият дастаклаётган Кобул ҳукуматининг қулашига йўл қўйгани учун танқид қилинмоқда.
Тез ўзгараётган вазият президент Ашраф Ғанининг жуфтакни ростлаши ортидан мамлакатда қандай режим ўрнатилиши борасида қатор саволларни туғдирмоқда. Айни дамда, кўпчилик АҚШнинг Афғонистонда юз бераётган воқеалардаги роли Байден маъмуриятига қандай таъсир этиши хусусида фикр юритмоқда.
Айрим мунаққидларга кўра, Америка президентининг, айниқса, АҚШни жаҳон сиёсати лидери сифатида қабул қиладиган мамлакатлар олдида обрўсига жиддий зарар етди.
Бироқ АҚШнинг ташқи ишлари бўйича эксперти Скотт Лукас, Толибоннинг бу қадар тезликда ҳаракат қилгани ҳар қанча ҳайратомуз бўлмасин, Байден маъмурияти қўшинлар олиб чиқиб кетилишидан кейинги воқеалар ривожини башорат қилишда янглишмаган, деб ҳисоблайди.
“Ўйлайманки, Байденнинг маслаҳатчилари Толибон Афғонистоннинг забт этишини билганлар. Менимча, улар Америка маблағларини Афғонистонга тикиш бесамар, деб ҳисоблашган, зеро ҳозирда приоритетлар буткул ўзгарган”, деган эди у “Озодлик” билан мулоқоти чоғида.
Лукас Байденнинг 2009 йилги гапини эслатди: ўшанда у Афғонистонга сармоя ётқизишда давом этиш – пулни елга совуришдир, деган эди. Экспертнинг айтишича, Америка президенти АҚШ манфаатлари “минтақанинг бошқа қисмларида”, деб билади.
“Бу АҚШнинг Эрон ва Покистонга нисбатан сиёсатидир. Байден жамоаси учун Хитой ҳам устувор масала саналади. Афғонистонда пул сарфлашда давом этиш АҚШнинг глобал миқёсдаги йўли ҳақидаги ғояга уйғун эмас, айниқса, Хитой хавфи тобора улғаяётган айни замонда”, дейди сиёсатшунос.
Лукасга кўра, “Афғонистон теварагидаги барча ўйинлар”га диққат қилинса, янги-янги саволлар пайдо бўлади.
“Масалан, Толибон илк дафъа иқтидорга келганида уни дастаклаган Покистонни олайлик. Исломобод толиблар билан алоқаларини тиклайдими? Эрон-чи? 1990-йилларда унинг толиблар билан орасида бузуқ эди. Аммо сўнгги йилларда алоқа каналлари очилмоқда. Бу ёғига нима бўлади?” савол қўяди эксперт.
У Хитой толиблар билан ҳамкорлик қилиш ниятини дарҳол очиқлаганини ҳам тилга олади. “Бу билан Хитой Афғонистон ва Толибонни ўзининг “Бир макон, бир йўл” сиёсий-иқтисодий лойиҳасига қўшиб юбормоқчи эмасмикан?” фикрида давом этади сиёсатшунос.
Лукаснинг айтишича, бу воқеалардан сўнг Қўшма Штатлар 2001 йилдан буён илк бор минтақада ортиқ муҳим ўйинчи бўлмай қолди.
“Байден ташқи сиёсатидаги улкан муваффақиятсизлик”
Қўшма Штатларда кўплаб сиёсатчилар, аксари республикачилар Байден маъмуриятининг хатти-ҳаракатларини кескин танқид қилмоқда. Хусусан, Дональд Трамп ворисига қаттиқ ташланди ва у “шармандаларча” истеъфога чиқиши лозимлигини айтди.
Байден эса толиблар билан афғон ҳарбийлари урушиши кераклигини, қолаверса, қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши 2020 йили Доҳада Трамп маъмурияти толиблар билан имзолаган битим ижросининг давоми эканини таъкидлаб, ўз қарорини ҳимоя қилмоқда.
“Афғон армияси ўз мамлакатини асраб қолишни истамас экан, АҚШ қўшинининг у ерда яна бир ёки беш йил бўлиши ҳеч нимани ўзгартирмасди барибир”, деган эди Байден толиблар Кобулга яқинлашиб қолган 14 августдаги чиқишида.
Бироқ АҚШ Вакиллар палатасидаги республикачи Стив Скализ афғон ҳукумати таназзулини 1975 йили АҚШ Вьетнамдан қўшинларини олиб чиқиб кетганидан сўнг саросима ичида Сайгон (ҳозирги Хошимин)даги элчихонасини вертолётда шоша-пиша кўчирганига менгзаб, Байденнинг “Сайгон лаҳзалари”, деб атади.
“Президент Трамп маълум шартларга асосланган битим тузган эди, лекин у шартларга риоя қилинмади. Жумладан, бир шартга кўра Толибон Байден президентлиги даврида эгалланган шаҳарларга тегмаслиги керак эди”, деди конгрессмен “CBS Face The Nation” теледастуридаги чиқишида.
Скализнинг фикрича, Байденнинг хатти-ҳаракатлари АҚШ иттифоқчиларига, шунингдек, уларнинг “бутун дунёдаги душманларига” йўлланган “мужда”дир.
“Хитой, бизнинг ўзга рақибларимиз каби, Афғонистонда рўй бераётган воқеаларга жиддий аралашган. Ва улар Байден ҳеч қачон юз бермаслигига ваъда берган ишлар қанчалик осон амалга ошганини кўриб туришибди. Президент айтганининг тамом тескариси содир бўлди. Бинобарин, бу Байден ташқи сиёсатининг оламшумул муваффақиятсизлигидир”, деди Скалин.
АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Милли Америка разведка хизматлари Афғонистондан бўлажак террорчилик ҳужумлари эҳтимолини қайтадан баҳолаётганини, “Ал‑Қоида” сингари гуруҳлар у ерда аввал башорат қилинганидан кўра тезроқ ўзини тиклаб олиши ва кучайиши мумкинлиги тахмин қилинаётганини билдирди.
Вакиллар палатаси аъзоси, республикачи Майкл Вальц эса Толибон Афғонистонни забт этиши муносабати билан “Ал‑Қоида” ташкилоти тез орада “наъра тортганча” қайтишини башорат қилмоқда.
“Ҳадемай “Ал‑Қоида”нинг 3.0 талқинини кўрасиз. Улар наъра тортганча отилиб чиқади. Биз ҳаммамиз президент Барак Обама Ироқни ташлаб чиқиб кетганидан сўнг юз берган воқеалар такрорига гувоҳ бўламиз. Обаманинг ўша қарори экстремистларнинг “Ислом давлати” бунёд бўлишига олиб келган эди”, деди Вальц 15 август куни “Fox News” телеканалига берган интервьюсида.
“Халқаро ҳамжамиятнинг муваффақиятсизлиги”
Байден шаънига янграётган танқидларнинг ҳаммаси ҳам сиёсий рақиблар оғзидан чиқаётгани йўқ.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Ҳерберт Рэймонд ҳамда Ҳарбий ва сиёсий ҳокимият маркази директори Брэдли Боуман Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетиш қарорининг “даҳшатли оқибатлари” ҳақида бир неча ойдан бери огоҳлантирди.
“Wall Street Journal”да 15 август куни эълон қилинган мақолада Макмастер ва Боуман толибларнинг Кобулга қайтишини “Вашингтондаги валломатлар Америка душманларининг доимий таҳдидлари ва феъл-атворини баҳолашда янглишганида ҳамда шунчаки уйга қайтиб кетиш билан урушни тугатса бўлишига ишонганида қандай фалокатлар юз бериши мумкинлигининг ёрқин ва оғриқли намойиши”, деб атади.
“Sky TV” телеканалининг мудофаа ва хавфсизлик мавзуларини ёритувчи мухбири Алистер Банкалл Афғонистондаги сўнгги воқеаларда Трампни ҳам, Байденни ҳам айблайди: собиқ президентни – 2020 йилда Толибон билан Америка зарарига шартнома тузгани учун”, ҳозиргисини эса “Америка қўшинларини яширинча ва тўсатдан олиб чиқиб кетгани учун”.
Экспертга кўра, “мамлакатнинг катта қисмидан узилиб қолган ва вилоятлар раҳбарлари билан маҳаллий етакчиларни ўзидан бездирган” қочоқ афғон президенти Ашраф Ғанини, шунингдек “кўп йиллар таълим олган ва триллион доллар қийматли юқори технологик қурол-аслаҳаларга эга бўлатуриб деярли жангсиз таслим бўлган Афғонистон хавфсизлик кучларини ҳам асло оқлаб бўлмайди”.
Афғонистондан халқаро коалиция қўшинларининг олиб чиқиб кетилишини Британиянинг юқори мартабали сиёсатчи ва ҳарбийлари ҳам танқид қилишди.
Хусусан, Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес 16 август куни Би-би-си билан суҳбатда ушбу инқирозни “халқаро ҳамжамиятнинг муваффақиятсизлиги” деб атаб, Ғарбнинг Афғонистонга интервенцияси – ҳали ишнинг ярми эканини қўшимча қилди.
“Агар бу муваффақиятсизлик бўлса, Афғонистонни бир зумда ўзгартириб бўлмаслигини англай олмаган халқаро ҳамжамиятнинг муваффақиятсизлигидир. Ўйлайманки, тарихи мазмунан фуқаролар уруши тарихидан иборат бу ўлканинг муаммоларига ечим топиш мумкин. Бироқ бунга эҳтимолки юз йиллар керак бўлади”, дейди Уоллес.