Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:14

АҚШ расмийлари сирли ўпка касали фонида аҳолини электрон сигарет чекмасликка чақирди


АҚШнинг соғлиқни сақлаш расмийлари кейинги ҳафталарда сирли ўпка касали тарқалганини айтиб, америкаликларга электрон сигаретлар ва шунга ўхшаш мосламалардан фойдаланмасликни тавсия қилди. Расмий маълумотларга кўра, сирли касалликка 25 штат бўйлаб камида 215 киши чалинган, камида бир киши ҳалок бўлган.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари ҳамда Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси соғлиқни сақлаш идоралари билан ушбу касалликни ўрганмоқда.

Кўп ҳолатларда беморлар касал бўлишдан олдин наша ёки наша таркибида учрайдиган тетрагидроканнабинол моддасига эга бўлган маҳсулотларни истеъмол қилганини айтган. Шу сабаб АҚШ соғлиқни сақлаш расмийлари аҳолини сотувдаги маҳсулотларни мустақил ўзгартирмасликка ҳамда уйда чекиш маҳсулотларини тайёрламасликка чорлади.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари директори Роберт Редфилд ҳамда Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси ходими Нед Шарплесс эълон қилган билдирувда “Э-сигареталардан фойдаланувчилар бундай маҳсулотларни кўчада харид қилмаслиги, э-сигарет маҳсулотларини ўзгартирмаслиги ёки бундай маҳсулотларга ишлаб чиқарувчи тавсия қилмаган моддаларни қўшмаслиги керак”, дейилади.

Кўпчилик электрон сигаретлар анъанавий сигаретлардан хавфсизроқ, деб ўйлайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, йилига тамаки келтириб чиқарган рак ва бошқа касалликлар туфайли 8 миллион киши ҳалок бўлади.

Э-сигаретлар чекишни ташлашга кўмаклашиш воситаси сифатида танилган. Аммо соғлиқни сақлаш расмийлари электрон сигаретларнинг ён таъсирларини ҳануз ўрганмоқда.

Ўпкаси жиддий зарар кўрган беморларда касалликка чалиниш жараёни ҳар хил кечган. Кўпчилик шифохонага ётқизилишидан олдин нафас олиши қийинлашиб, кўкрагида оғриқ пайдо бўлганини айтган. Бошқаларда вирус борлиги аниқланган. Уларда тана ҳарорати кўтарилган, қусиш ва ич кетиш кузатилган.

Расмийларга кўра, ҳозирча ушбу касалликларнинг умумий сабабга эга эканлиги ёки улар бир хир аломатларга эга турли касалликлар эканлиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Ҳозирда касалликка чалинганлар фойдаланган электрон сигаретлар маркалари, беморлар уларни қаердан олгани ўрганилмоқда. Расмийлар шифокорларни кейинги уч ой ичида уларга жиддий ўпка касали билан мурожаат қилган электрон сигарет кашандалари ҳақида хабар беришга чақирди.

Электрон сигаретлар нафақат ўпка касалликлари, балки бошқа иллатларга ҳам алоқадор бўлиши мумкин. АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси ҳозирда электрон сигаретлар ва тутқаноқлар ўртасидаги боғлиқликни ҳам кўриб чиқмоқда. Бу қарорга Juul ширкати маҳсулотларидан фойдаланган шахслар шикоятлари сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG