Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:27

Илк маротаба Ерга ўхшаш экзосайёра атмосферасида сув топилди


Ҳаббл телескопи (суратда) 2016 ва 2017 йилларда тўплаган маълумотлар ёрдамида K2-18b атмосферасидан ўтаётган юлдуз нурларини ўрганган.
Ҳаббл телескопи (суратда) 2016 ва 2017 йилларда тўплаган маълумотлар ёрдамида K2-18b атмосферасидан ўтаётган юлдуз нурларини ўрганган.

Чоршанба куни Nature Astronomy журнали Қуёш тизимидан ташқарида жойлашган Ерга ўхшаш сайёра атмосферасида илк маротаба сув борлиги аниқланганини маълум қилди.

Вазни Ерникидан саккиз марта оғир бўлган K2-18b экзосайёраси ўз юлдузлари атрофида ҳаёт мавжуд бўлиши мумкин бўлган масофада айланади.

Мақола муаллифларидан бири Жованни Тинетти ушбу сайёра Қуёш тизими ташқарисида ҳаёт белгиларини топишга қаратилган тадқиқотлар давомида аниқланган энг яхши номзод эканлигини айтди.

- Сайёра сатҳида океанлар борлигини хулоса қила олмаймиз, аммо аслида бу эҳтимолдан холи эмас, - деди Тинетти.

Бугунга қадар 4000 га яқин экзосайёра аниқланган. Аммо уларнинг бирортасида тош юза ва таркибида сув бўлган атмосфера кузатилмаган эди.

Атмосферага эга экзосайёраларнинг аксари улкан газ сайёралардир. Бизга маълум бўлган сатҳи қаттиқ саноқли сайёраларнинг эса умуман атмосфераси йўқ.

Қолаверса, Ерга ўхшаш сайёраларнинг аксари ўз юлдузидан ўта узоқ ёки ўта яқин масофада жойлашган.

2015 йилда кашф этилган K2-18b сайёраси “супер Ерлар” номи берилган юзлаб сайёранинг биридир. Олимлар вазни ерникидан 10 мартагача оғир бўлган сайёраларга шу номни берган. Келажакда бундан ҳам кўп супер Ерлар аниқланиши кутилмоқда.

Мақола муаллифларидан бири Ангелос Циарас:

- Ердан бошқа яшаш мумкин бўлган дунёда сув топиш ниҳоятда ҳаяжонли ҳолатдир, - деди.

Циарас ҳамкасблари билан Ҳаббл телескопи 2016 ва 2017 йилларда тўплаган маълумотлар ёрдамида K2-18b атмосферасидан ўтаётган юлдуз нурларини ўрганган. Натижада сайёра атмосферасида сув буғи борлиги аниқланган. Сайёра атмосферасида қанча сув қолгани номаълум, аммо компьютер моделлари бу кўрсаткич 0,5-50 фоиз бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Солиштириш учун, Ер атмосферасидаги буғ қутбларда 0,2 фоизни, тропик минтақалар устида эса 4 фоизни ташкил қилади.

Шунингдек, сайёрада водород ва гелий ҳам борлиги аниқлаган. У ерда азот ва метан ҳам бўлиши мумкин, аммо мавжуд технологиялар билан буни аниқлашнинг иложи йўқ.

Сайёрадаги булутлар кўлами ҳамда атмосферадаги сув миқдорини аниқлаш учун кўпроқ тадқиқот ўтказиш керак бўлади.

Сомон йўли галактикасида жойлашган K2-18b Ердан 110 ёруғлик йили ёки бир миллион миллиард км масофада қизил митти юлдуз атрофида айланади.

Жеймс Уэбб фазо телескопи ҳамда Европа фазо агентлигининг ARIEL миссиялари ёрдамида экзосайёралар атмосферасини янада чуқурроқ ўрганиш режалаштирилмоқда.

XS
SM
MD
LG