Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон ҳукуматини блогер Отабек Сатторийни зудлик билан озод этишга чақирди.
Ташкилот 11 май куни эълон қилган баёнотида ҳукумат журналистларга эркин ва қасос олишлардан қўрқмасдан фаолият олиб боришга имкон бериши кераклиги урғуланади.
Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Ритман эса Twitterда суд қарори Ўзбекистонда «сўз эркинлигига зарба» бўлганлигини айтди.
10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди блогер Отабек Сатторийни 6 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Ўзбекистонлик фаолларнинг бири бу қарорни Ўзбекистон суд тизимини ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг якуни, деб баҳолади.
Суд 1980 йилда Термиз шаҳрида туғилган судланувчи Сатторийни ҳақорат қилиш ва товламачиликда айбдор деб топди. Давлат айбловчиси уни 11 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган эди.
“Мирзиёев блогерлари”
Отабек Сатторий Сурхондарёдаги очиқ маҳкама жараёнида судлов ҳайъати раиси ва прокурорларга хитобан бир неча марта “орқасида президент Мирзиёев тургани”ни айтган.
10 май кунги суд ҳукмини ёритган АҚШдаги The Diplomat нашри айни муносабат билан президент Мирзиёевнинг ўзбек блогерларига берган ваъдасини эслатди.
“Жорий йилнинг февраль ойида Термиз шаҳрида Telegram ва YouTube порталидаги «Халқ фикри» видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганидан бир неча кун ўтгач, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ блогерга «Сизлар менга кўмакчи, елкадош ... Ман сизлардан битта нарсани илтимос қилмоқчиман: изланишга эринманг», деди.
Аммо орадан уч ой ўтиб, Сатторий товламачилик ва туҳматда айбдор деб топилиб, 6 ярим йилга озодликдан маҳрум этилди”, деб ёзади нашр 11 май кунги мақоласида.
Муаллиф Сатторийга қўйилган айблов эпизодларига ҳам тўхталган.
Сатторийга қўйилган айбловлар шундан иборатки, у ўз блоглари қаҳрамонларини шантаж қилган ва уларга туҳмат қилган. Расмийлар айбловларига кўра, Сатторий Шеробод туманидаги бозор раҳбарига агар у янги телефон олиб бермаса, бозорнинг камчиликлари, жумладан, юқори нархлар ҳақида жар солишини айтган.
Сатторийнинг ўзи эса баланд нархлар ҳақида блог ёзиш учун бозор борганида номаълум одамлар видео олишига тўсқинлик қилиб, телефонини синдириб ташлаганини айтиб келади.
Сатторийнинг ҳамда воқеага гувоҳи бўлган яна бир журналистнинг сўзларига кўра, ҳодиса ортидан бозор раҳбари блогернинг бузилган телефони ўрнига бошқа олиб беришини айтган.
Сатторий бозор раҳбари янги телефонни унинг қўлига тутқазган кунда ҳибсга олинди.
Сатторийнинг адвокати Умидбек Давлатов 6,5 йиллик қамоқ жазосини «мутлақо адолатсиз ҳукм» деб атади. Кўплаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари айни фикрни изҳор қилди.
Жанубий Калифорния университетининг инсон ҳуқуқлари амалиёти бўйича адъюнкт-профессори Стив Свердлов Twitterда «Бугун блогер #ОтабекСатторийга шубҳали айбловлар билан 6,5 йиллик қамоқ жазоси ҳукм қилингани ортидан #Ўзбекистон танқидий журналистларни қамоққа ташлайдиган ва сўз эркинлигига ҳужум қиладиган мамлакатлар сафида кўзга кўринарли ўринни эгаллади», деб ёзди.
Ўзбекистонда блогерлар одатда мустақил фаолият юритади, яъни улар анъанавий медиа ташкилотига аъзо эмас эмаслар ва кўпинча веб-сайтлар жойлаштириладиган классик блоглар ўрнига Telegram, YouTube ва Facebook каби ижтимоий медиа платформаларидан фойдаланадилар (Табиийки, баъзи блогерлар анъанавий онлайн блогларни ҳам юритади).
Ўзбекистонда илк президент Ислом Каримов вафотидан кейин блогерлар сони кўпайди. Ҳукумат кўп сонли блогерлар ва янги технологияларни қандай қилиб бошқаришни билмай энсаси қотаётгани аниқ. Блогер фаолиятини босмахонани ёпгандек ёки веб-сайтни ўчиргандек осонликча тўхтатиб бўлмайди.
Сатторий суди Тошкентда қандай муҳокама қилиниши (ёки эътиборсиз қолдирилишини) кузатиб бориш жуда муҳим, деб ёзди The Diplomat нашри. Бир томондан Мирзиёев блогерларни «елкадошлар» деб атаган, аммо бошқа томондан улар узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинмоқда.
Ислоҳот тарафдорлари «даҳшатда»
Eurasianet нашри Сатторийга чиқарилган ҳукм мамлакатда бошлаган ислоҳотлар тарафдорларини даҳшатга солгани ҳақида ёзмоқда.
Сўз эркинлиги ҳимоячилари Сатторий ишини Ўзбекистоннинг ислоҳотларга ва очиқликка содиқлиги синови эканини айтиб келаётган эди.
Аммо расмийлар бошқа мақсадни кўзлаб унга ҳукм чиқарган кўринади. Хусусан, улар блогерлар ўлароқ танилган фуқаровий журналистлар қайси қизил чизиқлардан чиқа олмаслигини кўрсатиб қўйишга қарор қилганини хулоса қилиш мумкин.
Сатторийга қўйилган айбловлар майда фирибгарлик ҳолатларини ўз ичига олади. Шундай бўлса-да, бир нечта шикоятда Сатторий ўзининг журналистик суриштирувлари қаҳрамонларини шантаж қилаётгани даъво қилинди.
Блогерга қарши кўрилган чоралар кўлами мисли кўрилмаган бўлди. Уни 30 январь куни ҳибсга олиш учун Ички ишлар вазирлиги ходимларидан иборат катта гуруҳ жалб қилинди, терговчилар унинг уйини туни билан тинтув қилди.
Сатторий – бутун Ўзбекистон бўйлаб фаолият юритаётган кўплаб блогернинг бири. Бундай фуқаровий журналистларнинг айримлари Facebookдаги саҳифаларида, Telegram каналларида ёки бошқа платформаларда давлат аҳамиятига эга бўлган масалаларни шарҳлайдилар ва ёритадилар. Айрим ҳолатларда улар ўн минглаб обуна орттирадилар.
Ўзбекистондаги блогерларнинг аксарияти кўпроқ маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни ёритади. Айрим блогерлар маҳаллий амалдорларнинг уқувсизлиги ёки йўлларнинг ачинарли аҳволи ҳақида арз қилса, бошқалари 2016 йилда диктатор Ислом Каримов вафотидан кейин мамлакатда юзага келган нисбатан очиқ муҳитдан фойдаланиб, коррупцияга қарши кураша бошлаганди.
Сатторий шубҳасиз иккинчи тоифага мансубдир. Прокуратура эса Сатторий ўз фаолияти давомида нафақат қонунбузарликларни фош қилгани, балки одамларни шантаж қилганини ҳам даъво қилди. Eurasianet нашридаги мақола Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаеванинг суд қарори оқибатлари Ўзбекистон учун ачинарли бўлиши ҳақидаги сўзлари билан якунланган.
«Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган суд ислоҳотлари учун дафн маросимини тайёрлаш вақти келдими?», деб ёзди у Twitterда.