Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:42

10 000 киши ишсиз қолди: Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида ёппа қисқартириш якунига етди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тузилмасида ўн минг иш ўрни қисқартирилди. 2019 йилнинг 1 январида бошланган қисқартириш жараёни 2020 йилнинг 1 январида якунига етди.

Агентликдаги манбанинг Озодликка билдиришича, аслида 7 минг иш ўрни қисқартирилиши режалаштирилган эди. Бироқ Молия вазирлиги қисқартириладиган иш ўринлари сонини 10 минг қилиб белгилаган.

Озодлик билан суҳбатда бўлган Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг бир неча мутахассиси “бундай асоссиз қисқартириш юқумли касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлади”, деб фикр билдирди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ўз номини сир тутишимизни илтимос қилган ходимига кўра, президент фармонига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати хизмати иккига ажратилиб:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ​ва

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

сифатида қайта ташкил этилганидан сўнг, тизимдан 7 минг иш ўрни қисқартирилиши режалаштирилган эди.

Агентликда эса 7 минг иш ўрни қисқариши керак эди. Аммо негадир ўн минг ходимни қисқартиришди.

“Агентлик тузилмасида 30 мингдан кўпроқ одам ишлайди. Шундан 4179 нафари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясига ишга ўтди. Агентликда эса 7 минг иш ўрни қисқариши керак эди. Аммо негадир ўн минг ходимни қисқартиришди. Биз бундан норозилигимизни айтаяпмиз, аммо ҳеч ким арзимизга қулоқ солмаяпти”, - деди ходим.

Агентликларнинг вилоятдаги бошқармаларидан бирида ишловчи масъул лавозимдаги шахс Озодликка қисқартириш жараёни президентнинг 2019 йил 9 сентябрдаги фармонидан анча олдин - 2019 йилнинг 1 январида бошланганини айтди. Бу жараён 2020 йилнинг 1 январида якунланган. Мутахассиснинг айтишича, қисқартириш жараёни мамлакат президентининг видеоселекторлардан бирида айтган бир оғиз сўзи сабаб бўлган.

Бир оғиз гап ортидан шунча одам ишсиз қолди.

"Қисқартирилганларга икки ойлик иш ҳақи миқдорида товон пули берилди,иш тополмаганларга яна бир ойлик қўшимча товон пули ҳам берилди. Президент видеоселекторлардан бирида "Бизга СЭС нега керак ўзи?" деб бир оғиз гап гапирган эди. Шу гап сабаб бўлиб, ихчамлаштириш бошланиб кетди. Бир оғиз гап ортидан шунча одам ишсиз қолди", - деди бу манба.

Агентликнинг яна бир ходимининг айтишича, раҳбарият қисқартиришлар ортидан ишда қолган ходимларнинг ойликлари кўтарилишини ваъда қилган эди, аммо кутилганидек бўлмади:

Ойликлар кўпайиш ўрнига деярли 50 фоизга озайиб кетди.

“Бироқ ойликлар кўпайиш ўрнига деярли 50 фоизга озайиб кетди. Авваллари врачларимиз 2 миллиондан кўпроқ ойлик олар эди. Бугунги кунда эса ойликларимиз 1 миллион 100 минг -1 миллион 300 минг сўмга тушиб қолди”.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг марказий аппаратида масъул лавозимда ишловчилардан бири ўз номини сир тутишимиз шарти билан бу маълумотларни тасдиқлади.

Молия вазирлиги биздан ўн минг одамни қисқартиришни талаб қилди.

“Тўғри, 7 минг ўрин қисқартириши режалаштирилганди. Қисқарган иш ўринлари ҳисобидан қолган ходимларнинг ойликларини кўтариш назарда тутилган. Аммо Молия вазирлиги биздан ўн минг одамни қисқартиришни талаб қилди. Ойликларнинг камайиб кетиши ҳам Молия вазирлиги талаби билан бўлаяпти. Менимча, вазирлик бюджет пулини тежашнинг мана шундай йўлига ўтиб олган”, - деди маъсул ходим.

Жойлардаги мутахассисларнинг айтишича, Қаршида, Наманган ва Самарқанддаги бўлинмаларда қисқартиришлар катта жанжаллар билан амалга оширилди. “Қўшимча уч минг одамни қисқартирилаётгани катта норозиликларга сабаб бўлаяпти”,- деди мутахассислардан бири.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг марказий аппаратида ишловчи масъул ходимнинг Озодликка айтишича, штатларнинг белгиланган кўрсаткичдан кўпроқ қисқартирилаётгани агентлик фаолиятининг сустлашувига сабаб бўлади.

Юқумли касалликлар, жумладан, қизамиқ ва грипп, менингит кўпайиб кетиши мумкин. Чунки тарғибот ишларини олиб борувчи ходимлар сони кескин камайиб кетади.

“Масалан, юқумли касалликлар, жумладан, қизамиқ ва грипп, менингит кўпайиб кетиши мумкин. Чунки тарғибот ишларини олиб борувчи ходимлар сони кескин камайиб кетади. Бу эса юқумли касалликларга қарши эмлашни назорат қилишни издан чиқаради”.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов бу масалада Озодликка маълумот беришни истамади ва телефонини ўчириб қўйди. Агентлик раҳбари Баҳром Алматов эса икки кун мобайнида телефон гўшагини кўтармади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати иккига бўлиб юборилган эди. Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказилган.

  • Ўзбекистонда бундан олдин бу каби оммавий қисқартириш 2017 йилнинг майида Мажбурий ижро бюроси -МИБ ташкил этилиши муносабати билан ўтказилган эди.
  • Тузилма "Ўзбекэнерго" ва "Ўзтрансгаз" вазифаларининг бир қисмини олди. Ишларнинг бир қисми янги бюрога ўтказилиши натижасида “Ўзбекэнерго” АЖнинг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича 6 562 та электромонтёр штат бирлиги ҳамда “Ўзтрансгаз” АКнинг табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича 4 255 та назоратчи штат бирлиги қисқартирилади.
  • Бундан ташқари, янги ташкилот пайдо бўлгани туфайли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти тугатилади ва унинг 1 301 та бўшатилаётган штат бирликлари Бюрога ўтказилди.
  • Ўзбекистондаги 9680 та умумтаълим мактаби ва 5138 та болалар боғчасида ишлаётган бухгалтерларнинг 30-40 фоизи 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ишини марказлаштирилган бухгалтерияларда давом эттириши, қолган 60-70 фоизи ишдан бўшатилиши ҳам хабар қилинган.
XS
SM
MD
LG