Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:00

Карантинга олинганлар шароит ёмонлигидан норозилик билдиряпти (ВИДЕО)


Чирчиқдаги оромгоҳда бир хонага 5 кишидан жойлаштирилган
Чирчиқдаги оромгоҳда бир хонага 5 кишидан жойлаштирилган

Хориждан олиб келиниб, карантинда сақланаётганлар шароит ёмонлигидан шикоят қилмоқда.

Озодликка мурожаат қилганлар хоналар совуқлиги, чўмилиш ва овқатланиш хоналарининг санитария гигиена ҳолатлари ёмонлигидан норозилик билдирди.

Москвадан учиб келгач, Чирчиқдаги болалар оромгоҳига жойлаштирилган ўзбекистонликлар шароит ёмонлиги боис, у ерда қолишни истамаётганликларини айтди.

Дубайдан келганлар эса, Қибрай санаторийсидаги аҳволнинг "расво"лигидан нолиди.

Чирчиқ оромгоҳидаги вазият

18 март куни Москвадан чартер рейс билан олиб келинганлар Чирчиқдаги болалар оромгоҳига жойлаштирилди.

Озодликка боғланганлар у ердаги шароитнинг ёмонлигидан норозилик билдирди:

"Бугун Москвадан учиб келганларни Чирчиққа олиб кетишди, "Сокол" деган болалар лагерига. У ерда телефон алоқаси жуда ёмон экан, ҳеч қандай шароит яратилмаган, ўлгудай совуқ. Хоналарнинг деворлари жуда юпқа, жуда совуқ", деб ёзди исми ошкор қилинмаётган муштарий.

Унинг ёзишича, лагерь 200 дан ортиқ одамни қабул қилишга ҳозирлик кўрмаган - натижада, бир хонага 5 кишидан жойлаштиришган.

"Гигиеник воситалар ҳам етарли эмас. 1 кичик хонага 5 кишидан ётқизишди. Карантин шуми? Ҳожатхона ҳамма учун, яъни эркаклар ҳам, аёллар ҳам, болалар ҳам битта ҳожатхонадан фойдаланади. Чўмилиш жойи ҳам худди шундай, ҳамма битта жойда чўмилиши керак. Хоналар совуқ, электр ва иситиш мосламалари ҳаммаси қўлбола", деб шикоят қилди Чирчиққа жойлаштирилганлардан бири.

Озодликка келган видеоларда карантиндагиларнинг норозилик билдираётгани акс этган.

Жумладан, видеода карантинга жойланган йигит у ерда қолишни истамай, кетишни хоҳлагани ва уни тўқмоқ билан қуролланган бир гуруҳ формалилар қайтарганини кўриш мумкин.

Видеода формалилар "ҳоким келиб, муаммоларни ҳал қилиб беради" деб ваъда қилаётгани ҳам акс этган.

Карантиндагилар шароит ёмонлигидан милиция билан жанжаллашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:56 0:00

Болалар лагерида хоналар кичик, ётоқлар ҳам кичик. Москвадан қайтарилган муҳожирлар орасида эса ёш болалилар, кексалар ва аёллар кўплиги айтилмоқда.

Бу йўловчилар ичида Podrobno.uz нашри мухбири ҳам бўлган. Мухбир ўзи кўрган ва гувоҳи бўлган манзарани мақола қилиб ёзди.

Мухбир ўз мақоласини "Хаос ва дезорганизация. Хориждан қайтган ўзбекистонликларга карантинда зарур шароитларни яратиб бера олишмади" деб сарлавҳа қўйди.

Ёзишича, лагерь маъмурияти ҳам мухбирнинг саволларига аниқ жавоб беролмаган.

18 март тушдан кейин Тошкент вилояти ҳокимлиги "Сокол" оромгоҳида карантинда сақланаётган фуқароларнинг муаммоларини энг қисқа вақт ичида ҳал этишга ваъда берди:

"Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бошқарув ходимлари аллақачон муаммони ҳал этиш учун жўнаб кетишди.
Бундан ташқари, "Сокол" оромгоҳида Тошкент вилояти ҳокими ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлари фаолият кўрсатмоқда . Яқин вақт ичида одамлар карантин учун янада қулай шароитларга жойлаштирилади ва коронавирус инфекциясини аниқлаш учун тезкор тестларни амалга оширади".

Қибрай санаторийсидаги аҳвол

18 март куни Дубайдан олиб келинганлар Тошкент вилоятидаги Қибрай санаторийсига жойлаштирилган.

"Биз бугун Дубайдан учиб келдик. Карантин деб, ташлаб кетишди. Хўп, дедик, лекин шароит умуман ёмон аҳволда. Одамлар норози. Қорни оч. Эски бухонка нон билан сасиска берди, урушганимиздан кейин. Бизга ким ёрдам беради? Карантинга жавоб бермайдиган жойга ташлаб кетишди", дейди Қибрай санаторийсига жойланганлардан бири.

Қибрай санаторийсидаги аҳвол
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:38 0:00

Намангандаги вазият

Латвия ва Эрондан олиб келинган бир гуруҳ киши Намангандаги "Косонсой" сиҳатгоҳига 14 кунлик карантинга жойлаштирилди.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати маълумотига кўра, тегишли дизенфекциялаш ишларидан сўнг, йўловчилар тиббий кўрикдан ўтказилган.

"Карантинга олинган ҳамюртларимизнинг саломатлиги қатъий назоратга олинган, – дейди “Косонсой” санаторийси фаолияти ва ҳолати бўйича масъул Тоҳиржон Турдиев. – Тегишли шифокорлар гуруҳи иш олиб бормоқда. Дори-дармон ва дизинфекциялаш воситалари заҳираси яратилган. Карантиндагилар вақтларини кўнгилли ўтказишлари учун спорт жиҳозлари мавжуд. Савдо хизмати ҳам йўлга қўйилган. Сиҳатгоҳ ошхонасида 3 маҳал иссиқ овқат бериляпти", дейилади бошқарма хабарида.

Мақола мавзуга оид тафсилотлар билан кун давомида янгилаб борилади.

XS
SM
MD
LG