Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:52

Касаба уюшмаси Ғузорда ишчилар ойлик олмагани ва овқат муаммоси туфайли исён кўтарганини инкор қилди


Ғузордаги Enter Engineering ходимлари исён кӯтарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:38 0:00

Ғузордаги Enter Engineering ходимлари 21 октябрь куни исён кӯтарган эди.

Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Uzbekistan GTL заводини қураётган Enter Engineering ишчилари нега оммавий норозиликка чиққани сабабларини маълум қилди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари — меҳнат инспекцияси бошлиғи Қобилжон Қирғизалиев Тошкентда шаҳрида 9 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Enter Engineering ишчилари норозилигини “оммавий тартибсизлик” деб атади.

“Kun.uz”нинг хабар беришича, Қобилжон Қирғизалиев касаба уюшмалари томонидан тузилган ишчи гуруҳ Ғузорга бориб воқеа сабабларини ўрганган ва 1500 ишчи билан мулоқотда бўлганини ҳам билдирган.

“Энг катта муаммо — ходимлар илгари 22 кун ишлаб, 8 кун дам олиш режимида ишлаган, лекин пандемия туфайли ўша режим бузилган. Улар ишда 60-70 кун қолиб кетган. Тасаввур қилинг, иш жойининг атрофи ўралган. Ҳеч қаерга чиқиш мумкин эмас. Тўртта пост бор. Ҳеч кимни киргизмайди ҳам, чиқармайди ҳам”,-деб айтган Қобилжон Қирғизалиев.

Расмийга кўра, заводда 10та ошхона бўлишига қарамай, ишчилар овқатланиш учун 30-50 дақиқа навбатга туришга мажбур бўлганлар.

Ишчиларга хизмат кўрсатадиган 130та автобуснинг 30га яқини эса яроқсиз ўриндиқларга эга бўлган, кондиционери бўлмаган. Қобилжон Қирғизалиев. Мана шу ҳолатлар ҳам ишчилар руҳиятига таъсир қилганини айтди.

“Жанжал юз берган куни эрталаб соат 07:30 да 500-600 нафар ишчи овқатлангани келган. Моноблок бузилиб қолган. Навбат узоқ чўзилган ва шу сабр косаси тўлишига охирги томчи бўлган”, — деди федерация вакили.

Қирғизалиевга кўра, озиқ-овқат ва иш ҳақи билан боғлиқ муаммо кузатилмаган.

“Сентябрь ойининг иш ҳақи ҳам бериб бўлинган экан. Иш ҳақи ёки овқатдан норозилик йўқ уларда”, — деди раис ўринбосари.

Аммо Олий Мажлис депутати Одилжон Тожиев ўз Telegram каналида Enter Engineering компанияси ишчиларга ойлик маош тўламасдан Меҳнат кодексининг 161-моддаси талабларини қўпол равишда бузгани ва ишчиларга ўз вақтида ойликларни тўланмагани аниқланганини билдирган эди.

22 октябрь куни Озодликка Enter Engineering ширкатидаги норозилик оқибатларини текшираëтган касаба уюшмаси мулозими компания ишчиларининг тўпланиб қолган ойлиги тўлана бошланганини айтган.

Воқеа жойида туриб Озодликка хабарлар юбораëтган маҳаллий журналист эса, "ширкатнинг 12 мингдан зиëд ишчисининг кейинги уч ойда тўланмаган ойлигини тўлаш учун икки машинада пул олиб келишганини" кўрганини айтди.

Озодлик суҳбатлашган икки ишчи ойликларини олганлигини айтди. Бундан ташқари ишчилар ошхонада овқат сифати ҳам сезиларли даражада яхшиланганини билдирганлар.

Қирғизалиев Касаба уюшмалари федерацияси биринчи навбатда 20 та янги автобус олдириб, заводга олиб борганини, ошхоналар олдида узундан узоқ навбатларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлган моноблок бекор қилинганини, 22 кун иш, 8 кун дам олиш режимига қайтилганинини билдирди.

21 октябрь куни эрталаб соат 7:30да Қашқадарë вилояти Ғузор туманида Uzbekistan GTL заводини қураëтган Enter Engineering компаниясининг минглаб ишчиси стихияли норозилик акциясига чиққан эди.

Ойлик ва овқатнинг вақтида берилмаганидан ғазабга келган ишчиларнинг норозилиги оммавий тартибсизликларга айланиб кетган.

Бош прокуратура маълумотига кўра¸ ишчиларнинг оммавий норозилиги ва назоратсизлиги ташкилотнинг бош пудратчиси "Enter Engineering, Hyundai Engineering, субпудратчилар ҳамда буюртмачи "Uzbekistan GTL" офисининг вайрон қилинишига сабаб бўлган. Шунингдек, вақтинчалик иншоотлар - ошхона, омборхона ва бошқалар ҳам талофат кўрган.

Бош прокуратуранинг қайд этишича, ҳодисада бир неча киши, жумладан, ошхона, кадрлар бўлими, “Enter Engineering” муҳандис-техник ходимларига тан жароҳати етган.

XS
SM
MD
LG