Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:45

Москва касалхонасига бурни қонаб ётқизилган ўзбекистонлик бўлғуси врач 7 кундан бери комада қолмоқда


20 августда бурнидан қон келгани учун Москва шифохоналаридан бирига олиб келинган самарқандлик 22 яшар талаба Ўлмасхон Баҳронов, кўп ўтмай, оддий палатадан реанимация бўлимига ўтказилган ва комага тушиб қолган.

Ўлмас ётган касалхона врачлари унинг аҳволи тўғрисида Озодликка маълумот беришдан бош тортди.

Ўлмаснинг онаси, врач Ҳилола Шукуруллоеванинг айтишича, ўғли касалхона врачлари тайинлаган нотўғри препаратлар оқибатида комага тушган.

Москвадаги Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН) Тиббиёт институтининг 4 курсига ўқишга ўтган 21 ёшли самарқандлик Ўлмасхон Баҳронов 20 августда Россия пойтахти 67-сонли касалхонаси ЛОР бўлимига ётқизилди.

Яқинларининг сўзларича, Ўлмасхоннинг бурнидан қон келган ва у тез тиббий ёрдам хизмати ёрдамида шифохонага олиб келинган.

Ўзбекистонлик талабанинг онаси Ҳилола Шукуруллоева тузалиб қолган ва жавоб берилиши керак бўлган ўғли психиатр врач буйруғи билан 27 август куни бирдан реанимацияга ўтказилганини айтди:

- Эртаси куни жавоб берамиз деганида, бироз боши оғриб қолган. Чақиртирилган невропатолог “Сен психический касал, қулоғингга ҳар нарсалар эшитилади, сенда шизофрения бошланаяпти”, деб реанимацияга ётқизган. Қўлларини боғлаб “Сен наркотик истеъмол қиласанми? Эртага текширамиз унда”, дея Галоперидол препаратини тайинлаб кетган. Уни ҳамшира қилган, аммо боламнинг юраги 5 соатдан кейин тўхтаб қолган.

Бироқ талаба юрагини қайта ишга туширган шифокорлар унинг мияси фаолияти тўхтаганини яқинларига маълум қилган.

Ҳилола Шукуруллоева бу ҳодисаларни унга Ўлмас билан палатада ўша кунларда бирга бўлган курсдоши Вера айтиб берганини билдирди. Вера врач Ўлмасдан тиббий суғурта полисини талаб қилгани, акс ҳолда уни қабул қилмасликларини айтишганини маълум қилган.

“Ўлмас суғурта полисини кўрсатиб, унга тиббий ёрдам кўрсатишларини талаб қилганидан кейин алоҳида хонага ўтказилган ва қарашни бошлашган” дея Веранинг сўзларини келтирди Ҳилола Шукуруллоева.

Ўлмаснинг аҳволида, онасининг айтишича, ўзгариш йўқ:

- Ана энди 7 сутка комада. Ўзгариш йўқ. “Сабабини билмаймиз!”, дейишаяпти. Биз эртаси куни Самарқанддан етиб келдик, булар эса “Мияси ўлган – яшайдими-яшамайдими, Худонинг ўзи билади” дейишди.​

Врач Ҳилола Шукуруллоеванинг айтишича, ўғли Ўлмас бурнида бундан бир неча ой олдин пластик жарроҳлик амалиёти ўтказилган эди. "Ўлмаснинг аҳволи ёмонлашишига врач Андрей Павлов Галоперидол антипсихотик препарати тайинлангани сабаб бўлган" деди врач она.

-​ Бурнида қийшиқлик бор эди. Нафасни осонлаштириш учун оддий операция қилган эдик. Мен айтяпман - Галоперидол юракни тўхтатиб қўяди, жигарини ўлдиради. Булар эса “Боланг церротик ҳолатда келиб тушган”, деяпти. Бўлмаган гап! Ўша препарат интоксикация берган. Ўлдирган болани! Вера уни реанимацияга ётқизишга қарши бўлган, лекин уни палатадан чиқариб юборишган.

Оғир аҳволда қолаётган Ўлмас Баҳроновнинг ота-онаси фарзандининг бу ҳолатга тушишига врачларнинг лоқайдлиги ва бефарқлиги сабаб бўлганини иддао қилмоқда.

Москва шаҳар 67-сонли шаҳар клиник шифохонасида ўзбекистонлик талаба йигитга препарат тайинлаган Соматопсихиатрия бўлими бошлиғи Андрей Павлов Озодлик саволларига жавоб бера олмаслиги, зеро шу кунларда у таътилга чиқиб кетганини билдиришди.

Клиниканинг Реанимация бўлими бошлиғи Баҳроновнинг комага тушиши сабаблари борасида фақат яқинларига маълумот бериши мумкинлигини айтди.

- У биринчи реанимация бўлимида қолмоқда. Аҳволи жуда оғир – ҳарорати 37,4. Бизга у 20 август келган эди. Комага тушганидан бери ҳолати ўзгаришсиз.

Беҳуш ҳолатда қолаётган ўзбекистонлик талабанинг яқинлари Россия ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва Бош прокуратураларига бу масала юзасидан текширув ўтказишни сўраб мурожаат қилгани айтилди.

Озодлик билан гаплашган йигитнинг отаси Боҳодир Баҳронов ўғлини кўришга Ўзбекистон консуллигидан ҳам вакил етиб келгани ва вазият элчихона назоратига олинганини қўшимча қилди.

Аниқланишича, Ўлмас Баҳронов шифохонага тез ёрдам машинасида олиб келинган ва уни талабаларга бериладиган тиббий суғурта полиси асосида қабул қилишган.

Озодлик суғуртаси бўлмаган ўзбекистонликларнинг Россия шифохоналарида қабул қилинмаслиги ҳолатлари борасида кўп маротаба хабар берган эди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбари Ином Мажидовга кўра, Россияда Ўзбекистондан келиб, таҳсил олаётган талабалар сони йил сайин кўпаймоқда ва ҳозирга келиб уларнинг умумий сони 25 мингдан ошган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилга қадар Ўзбекистондаги олийгоҳлар талабалари сони 18 фоизга кўпайтириш режаланганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG