Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:33

Кластер шоу: Қизириқда 500 фермер ерлари тортиб олинаётганига норозилик билдирмоқда


Қизириқлик фермерлар ерлари тортиб олинаётганига норозилик билдириб, президентга мурожаат қилди. (Видеодан скриншот)
Қизириқлик фермерлар ерлари тортиб олинаётганига норозилик билдириб, президентга мурожаат қилди. (Видеодан скриншот)

Сурхондарёнинг Қизириқ туманидаги 500 нафар фермер ўз ерларининг босим ва тазйиқ билан тортиб олинаётганига норозилик билдириб, президент Мирзиёевга видео мурожаат билан чиқди.

Фермерларнинг Озодликка айтишича, туманда фермерлар фаолияти зўравонлик йўли билан тугатилиб, уларнинг ери янги ташкил қилинган хорижий кластер корхонасига берилмоқда.

Туман ҳокими Илҳом Юсупов фермерларнинг зўравонликка оид шикоятини на инкор қилди ва на тасдиқлади.

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев қизириқлик фермерлар муаммоси бўйича Бош прокуратурага сўров хати киритган.

Президентга мурожаат

Қизириқлик фермерлар ижтимоий тармоқлар орқали президентга йўллаган очиқ мурожаатида тумандаги 500 фермернинг ери ноқонуний йўллар орқали тортиб олинаётгани айтилиб, бунга норозилик билдирилади.

“Фермерлардан аризани олмай туриб, ёпиқ сессия қилиб, фермер хўжаликларини тугатиш ҳақида қарор қилган. Бизда ҳақиқат, қонун йўқми? Барча фермер норозимиз”, - дейди қизириқлик фермерлардан бири.

Маҳаллий блогер Элмурод Муқимовнинг YouTube тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган мурожаатда ўнлаб фермер навбати билан чиқиб, президентдан ёрдам сўрайди.

25 йилдан буён фермерлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганини айтган фермер президентдан Қизириқдаги фермерларни хонавайрон қилмасликни сўраб, уларга кластер билан шартнома асосида ишлашга имкон берилишини талаб қилади:

“Кластер биз билан фьючерс шартномаси асосида ишлашини талаб қиламиз”.

Фермерларга кўра, харид қилинадиган маҳсулотга олдиндан ҳақ тўланадиган фьючерс битимлари кредит ва лизинг тўловларини тўлиғича тўлаб бўлмаган фермерлар учун яхши имкониятдир. Акс ҳолда фермерлар бу қарзларни қайтариш имконига эга эмаслигини айтади.

“Файзиев Нодирбек” фермер хўжалиги раҳбари банкдан 2,5 миллиард сўмлик кредит олиб, Германиядан 92 та чорва моли олиб келганини ва фермер хўжалиги тугатилса, бу қарзни тўлаш имконига эга эмаслигини айтади.

Паррандачилик фермаси қуриш учун 1 миллиард сўм кредит олганини айтган бошқа бир фермер ҳам ўзининг хонавайрон бўлишидан ташвишда.

Мажбурий ариза

Қизириқлик фермерлар иддаосига кўра, жорий ой бошида тумандаги фермер хўжаликлари фаолиятини бутунлай тугатиш ҳақида қарор чиқарилиб, кейин фермерлардан мажбурий равишда ариза олиш жараёни бошланган.

Озодлик ўндан зиёд қизириқлик фермер билан суҳбатлашди. Уларнинг барчаси фермер хўжалигини тугатиш ҳақидаги аризага мажбурий равишда қўл қўйдириш ҳолатлари бўлаётганини айтди.

“Декабр ойининг бошида тумандаги барча фермерларни ҳокимиятга чақириб, “печать билан келинглар” деди. Ҳамма печатини кўтариб борди. Ҳоким фермерлар фаолияти тугатилганини айтиб, ҳаммадан аризага печать босишни сўради. Ҳоким муовини компьютерда ёзилган тайёр ариза бланкасини ҳаммага тарқатиб чиқди. Ҳаммамизни мажлислар залига қамаб, эшикларга ИИБ ходимларини қўйиб қўйишди. “Печать босмасанглар, залдан чиқмайсанлар” дейишди. Кўпчилик қўрққанидан аризага печать босиб берди”, дейди хавфсизлик сабаб исми очиқланмаслигини сўраган қизириқлик фермер.

Қизириқ туман ҳокимлигида бўлган бу ҳолатни Озодлик гаплашган бошқа фермерлар ҳам тасдиқлади. Уларнинг айтишича, аризага муҳр қўймаган фермерларга ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари босим қилишни бошлаган.

“Уйга ИИБ бир неча бор келди. “Бормайман” дегандим, “қўлингга нарушник солиб, мажбурлаб олиб кетаман”, деди. Маҳаллада шарманда бўлмай деб, улар билан кетдим. Мени прокуратурага олиб бориб, босим қилишди. Битта хонага қамаб қўйиб, аризага печать босмагунча, шу хонадан чиқмайсан, дейишди. Қўлимга компьютерда чиқарилган аризани бериб, печать босишни талаб қилишди. “Фермерлик фаолиятингни текшириб, хато топиб, қаматиб юборамиз” дейишди. Аризада ер майдонининг гектари ёзилиши керак экан. Гектарни нотўғри ёзиб, қочиб чиқдим”, дейди исмини очиқласа, унга нисбатан яна босим бўлишидан қўрққанини айтган фермер.

Озодлик гаплашган бошқа фермерлар ҳам айни ҳолатга тушганини айтишди. Кейин фермерлар юқори ташкилотларга шикоят аризаси йўллаб, босим бўлаётганидан шикоят қилишган.

“Энг қизиғи, порталга ёзган аризамизни яна прокуратурадаги ўша бизга босим қилган ходимнинг ўзи текширди. Мени яна прокуратурага чақиртириб, тушунтириш олмоқчи бўлишди. Мен бормадим”, дейи қизириқлик фермер йигит.

“Биздан халқ душмани ясашмоқчи”

Озодлик гаплашган қизириқлик фермерларнинг айтишича, уларнинг президентга мурожаати YouTube тармоғида чиққанидан сўнг уларга нисбатан босим янада кучайган.

“Мени яна ИИБ келиб, олиб кетди. “Сен давлатга қаршимисан”, деб менга роса босим қилишди. Мени худди жиноятчи каби қўлимга қоғоз ушлатиб, расмга туширишди. Кейин қандайдир қоғозга ҳам қўл қўйдириб олишди. Мени қамашяпти, деб ўйлаб, жуда қўрқиб кетганимдан нимага қўл қўйганимга ҳам қарамадим. Ўша қоғозга қўл қўйганимдан сўнг мени чиқариб юборишди”, - дейди исмини айтишга қўрқишини билдирган фермер йигит.

Президентга видео мурожаат Интернетда эълон қилингач, ИИБга чақиртирилиб, босим қилинганини Озодлик гаплашган бошқа фермерлар ҳам айтишди.

“Биздан халқ душмани ясашга ҳаракат бўляпти. Айбимиз - туманда бўлаётган ноқонуний ҳаракатларни ошкор қилаётганимиз. Бу кимларгадир ёқмаяпти”, - дейди қизириқлик яна бир фермер.

На инкор, на тасдиқ

Озодлик Қизириқ тумани ҳокими Илҳом Юсупов билан телефон орқали боғланиб, фермерларнинг босим ва тазйиқлари ҳақидаги иддаоларига изоҳ сўради.

Юсупов бу иддаоларни на инкор қилди, на тасдиқлади. Фақат “Бирпас туриб, ахборот берамиз”, дея телефон гўшагини қўйиб қўйди. Ҳоким билан бошқа боғланиш имкони бўлмади.

Қизириқ туман прокуратураси ва ИИБ бўлимларидан ҳам фермерлар иддаолари борасида бирор изоҳ ололмадик.

Озодликдаги ҳужжатга кўра, Қизириқдаги 500 фермер ери “Surxon Cotton Textile Cluster” МЧЖга берилаётгани айтилган.

Ҳужжатда жорий йилнинг 2 декабрь куни ташкил қилинган ушбу МЧЖ хорижий кластер корхонаси сифатида келтирилган, бироқ айнан қайси хорижий давлатга қарашли экани айтилмаган.

Депутат сўрови

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев қизириқлик фермерлар муаммосига эътибор қаратиб, бу борада Бош прокуратурага сўров хати киритилганини маълум қилди.

“Бизларга келаётган мурожаатлар Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш масаласида хавотирлар пайдо қилмоқда. Ҳудуд ва соҳа масъулларидан мазкур масалалар бўйича қонуний иш кўриб, асосли изоҳ беришларини сўраймиз”, дея ёзди Расул Кушербаев.

Ўзбекистонда фермерларнинг ерларини ноқонуний ёки турли босимлар остида тортиб олиш ҳоллари кенг тарқалган. 2000-йиллар бошида "фермер хўжаликлар ерларини оптимизация қилиш" дан бошланган жараён охирги йилларда кластерлаштириш билан давом этмоқда. 29 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатида президент Мирзиёев ерларни "бозор активи"га айлантириш ҳақида гапирди, аммо бунинг қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларга қандай таъсир кўрсатиши маълум эмас.

XS
SM
MD
LG