Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:11

Кобулда тинч хаос ҳукм сурмоқда. Польшалик журналист Толибон Афғонистонига сафари ҳақида


Кобул бозори, 22 сентябрь, 2021
Кобул бозори, 22 сентябрь, 2021

Шу кунларда ўзбек-афғон чегараси орқали Толибон ҳокимияти остидаги Кобулга сафар қилган польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска толиблар ҳокимиятни қўлга олгандан бир ой ўтиб Афғонистондаги вазиятни "тинч хаос" деб тасвирлайди.

Унинг The Diplomat нашридаги мақоласида ёзишича, хориж кучлари олиб чиқиб кетилиши, чет элликлар ва минглаб афғонистонликлар тезда эвакуация қилиниши ортидан бутун мамлакатда тартибсизлик ҳукм сурмоқда.

"Янги ҳукмдорлар қанчалик қаттиққўл бўлишини ҳеч ким билмайди. Лекин ижтимоий ва сиёсий муносабатлар анча енгиллашган кунлар ортда қолгани ҳаммага маълум", деб ёзади журналист.

Унинг кузатишича, "хаос билан бирга тартиб ҳам юзага келган". Узоқ йиллар давомида мамлакатни қуруқлик орқали кесиб ўтиш мумкин эмас эди. Ҳукумат назорати остида бўлмаган жойлардаги Толибон назорат пунктлари хавфли эди, йўллар бўйлаб тез-тез жиноятлар содир этиларди. Эндиликда мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш ҳар қачонгидан ҳам осонлашди, деб ёзади мақола муаллифи.

"Ҳайратон ва Кобул орасидаги масофа 450 километрни ташкил қилади, лекин эски, ёмон сақланган йўлда 10 соатдан кўпроқ юришга тўғри келиши мумкин".

Пикулицка афғонистонлик ҳайдовчилар йўлдаги саноқли Толибон назорат пунктларига яқинлашаётганда мусиқани ўчириб қўйишига гувоҳ бўлганини айтмоқда. Унинг Толибон қўмондон сўзларидан иқтибос келтиришча, "мусиқани расман тақиқлаш шарт эмас, одамлар бу гуноҳ эканлигини аллақачон билади".

Журналистга кўра, кўпгина назорат-ўтказиш пунктидан нисбатан осон ўтиш мумкин. Гарчи мамлакатнинг барча йўлларида бўлмаса-да, саёҳат қилиш анча хавфсиз. Одамлар аниқ қоидалар йўқлигига қарамай, ҳар қандай қонунбузарлик учун жазо қаттиқ бўлишини билишади.

Журналист Кобул марказида ишловчи йўл полициячиси билан суҳбатлашган. 26 ёшли Аламамад Амирийнинг айтишича, полицияга энди жарима солишга рухсат берилмайди. Унинг фикрича, толиблар буни ҳаром, деб билади. Мамлакатдаги бошқа полициячилардан фарқли ўлароқ, у янги ҳукумат остида ишлашда давом этишга қарор қилган. Толибон Амирий Кобулдаги собиқ ҳукуматга хизмат қилгани учун ундан қасос олмасликка ваъда берган.

Янги ҳукумат Ислом руҳида миллий янгиланишни ваъда қилган бўлса-да, Толибон мамлакатни бошқариш учун собиқ республиканинг институционал хотираси, процедуралари ва ходимларига таянмоқда. Кўплаб маъмурий ходимлар ўз лавозимида қолишга ва янги ҳукмдорлар учун ишлашда давом этишга қарор қилган.

Уларсиз бутун давлат бошқаруви издан чиққан бўларди.

Пикулицканинг ёзишича, шаҳар ҳаётини кузатиш афғон жамиятидаги ўзгаришларни англаб олишга ёрдам беради.

«Кўчаларда одам гавжум эмас ва ҳеч нарса тўлиқ ишламайди», дейди Амирий.

«Элита кетди, лекин оддий одамлар қолди. Кўчалар хавфсизроқ. Одамлар толиблардан қўрқишади. Ташқарида аёллар ҳам озайди».

Аёллар кийимлари бўйича расмий қоидалар ҳали-ҳануз мужмал бўлса-да, аёллар Толибон қайтгани улар учун нимани англатишини яхши билишади.

Журналистнинг кузатишича, ижтимоий тармоқлардаги фаоллар анъанавий афғон либосларини кийиб суратга тушиб, #donottouchmyclothes ҳештеги билан пост ёзаётган бўлишига қарамай, одамлар кийиб юрган либослар исён эмас, қўрқувни акс эттиради. "Номаълум нарсаларга дуч келган кўплаб аёллар уйда қолишни афзал кўрмоқда", деб ёзади польшалик журналист.

"Толибон бўлмаса, бас"

Агнешка Пикулицка Кобул марказидаги савдо марказларидан бирида харид қилаётган 28 ёшли тиш шифокори Ҳамида Каримий билан суҳбатлашган.

Унинг чиройли, ўзига ишонган чеҳраси билан қора, шалвираган абая ва қизил ҳижоб ўртасида контраст бор эди. У янги ёзилмаган қоидаларга мос келадиган консерватив кийимларни излаётганини айтди. Аммо у катта иштиёқсиз харид қилаётганди.

«Ҳар доим тиззадан юқори бўлмаган калта кийим кийганман. Бу қулай эди ва мен ҳатто кечқурун ҳам кўчаларда ўзим юра олардим. Эндиликда фақат таксида юряпман. Менга ҳужум қилишлари ёки ҳақорат қилишлари мумкинлигини эшитдим, шунинг учун янги кийим сотиб олишим керак. Ўзим бунга ҳеч дуч келганим йўқ, лекин бундай ҳикояларни эшитганман», деди Каримий.

«Немис тилини ўрганаётгандим, лекин яқинда курсни ташладим, чунки энди [эркаклар билан бирга] таълим олишга рухсат йўқ. Фақат аёллардан иборат гуруҳга қўшилишим мумкин эди, лекин ҳаммамиз қўрқяпмиз. Ҳозир интернетда ўрганяпман».

Каримий беморларни ташлаб қўйишни истамагани учун ишлашда давом этишга қарор қилган. Аммо иш ҳам ўзгарган. У энди клиникани эркак шериги билан бирга ишлата олмайди ва фақат аёл беморларни қабул қилмоқда. Уни бундай қилишга мажбурлашмаган. Унинг сўзларига кўра, ўз хавфсизлиги учун ўзи шундай қарор чиқарган.

«Ўтган ойда яхши ўзгаришлар бўлмади. Банклар, маҳаллий давлат идоралари ва вазирликлар ёпиқ. Муваққат ҳукуматдаги одамлар кимлигини билмаймиз. Болалар мактабга боришдан қўрқишади, қуролли эркаклардан қўрқишади. Кечаси босинқираб, ухлай олмайман».

Каримий иложи борича тезроқ кетишни хоҳлайди, лекин ҳозир бунинг учун имконият оз. Минглаб афғонистонлик мамлакатни тарк этиш учун имконият изламоқда. Қаерга боришлари муҳим эмас. Асосийси, борган ерларида Толибон ҳукмронлиги йўқ бўлса, бас, деб ёзади журналист.

Мақолада сўзлари келтирилган яна бир афғонистонлик - 19 ёшли Муртазо Султоний эса, Толибондан қочишнинг турли усулларини синаб кўрган, аммо ҳозирча ҳеч қандай натижага эришмаган.

У икки йилдан бери Кобул марказида сартарошхона ишлатади. Султоний сартарошхона ичини безатиш учун кўп меҳнат қилган. Толибон келишидан олдин, кунига 20 га яқин мижози бўлган; ҳозир атиги икки ёки уч одам келяпти. Толибон соқолни қисқартиришни тақиқлагани учун, одамлар сартарошхонага тез-тез келмай қўйган.

«Одамлар қўрқувда. Толибон дўстларим ишлатадиган бир нечта сартарошхонага бориб, соқолларни қисқартириш ва одамлар сочини ғарбона услубда олиб қўйишни бас қилишни буюрибди. Мен Толибондан қўрқмайман, лекин иш қийин бўляпти, бизнес ҳақида қайғуряпман. Ойига 500 доллар ижара ҳақи тўлаймиз ва бу мушкул бўлиб боряпти», деди Султоний.

Султоний – этник ҳазора, унинг соқоли йўқ. Бу эса келажакда муаммога айланиши мумкин. Тез орада у ўз бизнесини ёпишга мажбур бўлиши мумкин. Унинг ёнидаги DVD дўкони аллақачон ёпилган.

Жозибасини йўқотган Кобул

Пикулицканинг ёзишича, ўтган ойда Кобул ўзининг аввалги жозибасини қисман йўқотган.

Ижтимоий муаммолар, коррупция ва аёллар ҳуқуқларини акс эттирувчи шаҳар бўйлаб деворларга чизилган расмлар ўрнини диний ёзувлар эгаллаган. Бир нечта девор расми сақланиб қолган, лекин улар ҳам тез орада эски уч рангли байроқ билан бирга ғойиб бўлади. Ҳамма ерни оқ шаҳодат эгалламоқда. Ҳозирги кунда кўча сотувчилари таклиф қиладиган асосий маҳсулот ҳам Толибоннинг шаҳодат ёзилган оқ байроғидир.

Аммо ҳамма ҳам Толибон қайтганидан қайғураётгани йўқ. 23 ёшли бананфуруш Вазир Муҳаммадийнинг айтишича, Толибон ҳокимиятни эгаллаганидан бери кўчада жиноятчилик камайган.

«Толибон Кобулга келганида мен хурсанд бўлдим. Илгари банан ва пулимни ўғирлайдиганларга тўла эди бу ер. Мени уч марта талон-торож қилишди. Ҳозир энди хавфсиз», деди у.

Бироқ, янги тизимнинг салбий жиҳатлари бор.

«Илгари мен ойига 10 минг афғонигача топардим. Ҳозир 5–6 минг атрофида. Одамлар кўп озиқ-овқат сотиб олишни хоҳламайди, иш йўқ, одамларда пул йўқ ва улар уйларини тарк этишни хоҳламайдилар. Толибон ҳокимиятга келганидан кейин ҳаммаси ўзгарди».

Иқтисодий инқироз қанча давом этиши номаълум. Қурғоқчилик минглаб одамни уйини тарк этишга мажбурлаган. Афғонистон яқин орада озиқ-овқат тақчиллигига йўлиқиши ҳақида хавотирлар мавжуд. Афғонистоннинг 9.5 миллиард доллар қийматга эга хорижий захирасининг катта қисми мамлакат ташқарисида сақланади. Захиралар музлатилган ва банклар ҳафтасига чиқариш мумкин бўлган пул қийматини 200 долларга чеклаб қўйган. Охирги уч ой мобайнида давлат хизматчиларига маош тўланмаган. Афғон бозорлари ўз буюмларини сотаётганларга тўла.

Ҳайвонот боғидаги толиблар

Толибон узоқ муддатли истиқболда қандай йўл тутиши ҳам аниқ эмас. Уйда тинтув ўтказиш аллақачон бошланган. Норозилик намойишлари тақиқланди, мактабларда жинсларни ажратиш жорий қилинди. Бир нечта маҳаллий журналист янги полиция томонидан қаттиқ калтакланди.

Кобул кўчаларида ёш соқолли йигитлар пайдо бўлган. Уларнинг кўпчилиги вилоятлардан келган; бошқалар қамоқхоналардан бир неча ҳафта олдин озод қилинган. Пойтахтда толибни учратиш қийин эмас. Узун соч ва олинмаган соқол, анъанавий икки қисмли кийим, салла ёки кичик дўппи – уларнинг ўзига хос белгилари.

Афғонистондан чиқиб кетган поп юлдуз Толибон ҳокимиятни эгаллаганидан афсусда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

Улар Афғонистон ва АҚШ қўшинларидан мерос қолган катта жипларда кўчаларни назорат қилмоқда. Аммо уларнинг аксари шунчаки шаҳарда яхши вақт ўтказмоқда. Улар тез-тез ҳайвонот боғлари, истироҳат боғлари ва жамоат жойларига боришади. Қўлга киритилган ҳокимиятдан завқланиб, селфига тушишади. Уларни кузатиб туриб, афғон жамиятининг асосий бўлиниши нафақат диний ва этник, балки табақавий бўлганини ҳис қилиш мумкин.

Толибон жангарилари, шунингдек, Кобул қулаши билан очилган, ҳозир бўш қолаётган қамоқхоналарга тез-тез боришади. Уларнинг баъзилари панжара ортида ўтирган, бошқалар шунчаки қизиқишини қондириш учун бормоқда.

Толибон ҳозирча жиноятчиликнинг олдини олишга муваффақ бўлмоқда. Халқ эса қўрқув ичида яшамоқда. Аммо янги ҳукмдорлар мамлакатни самарали тарзда бошқара оладими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади, деб ёзмоқда The Diplomat нашридаги мақоласида Агнешка Пикулицка.

Мақоланинг оригинали билан мана бу линк орқали танишиш мумкин. Муаллиф нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

XS
SM
MD
LG