Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:27

Коронавирус: Қирғизистон чегараларини ёпмоқчи, Қозоғистонда касалга чалинганлар 27 кишига етди


Сўнгги бир кеча-кундузда Қозоғистон пойтахтида яна 14 кишига коронавирус юққани хабар қилинди.
Сўнгги бир кеча-кундузда Қозоғистон пойтахтида яна 14 кишига коронавирус юққани хабар қилинди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Қирғизистон хукумати чет эл фуқароларининг мамлакатга киришини вақтинча тақиқлайди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Алтинай Омурбекова 17 март куни ўтказилган брифингда маълум қилди.

Омурбековага кўра, бу ҳақда хукумат фармойиши қабул қилинади. «Маълум процедуралар бор, бу ҳақда кейинроқ ТИВ маълум қилади. Биз бу каби профилактик чораларни тўғри деб ҳисоблаймиз», -деди Омурбекова.

Чекловлар бир ой муддатга жорий қилинади. Шу билан бирга юк ташувларига чекловлар қўлланилмайди.

Қирғизистонда эпидемиологик вазият барқарор экани айтилмоқда. Коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолат расман рўйхатга олинмади.

Айни пайтда Қозоғистонда яна 14 кишига коронавирус юққани тўғрисида бу мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов хабар қилди:

«Нур-Султон шаҳрида қайд этилган 14 нафар янги бемор тўғрисида хабар қиламиз. Бу беморлар карантинга жойлаштирилди, диагноз тасдиқланди. Алоқада бўлган барча шахслар аниқланди, уларни карантинга ва изоляцияга олиш ишлари ўтказилмоқда».

Вазирнинг чиқиши давлат телеканалларида намойиш этилди.

Сешанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу ой Олмаотага хорижий рейслар орқали келган уч бемор, жумладан, бир бола ҳақида хабар қилган эди.

Мазкур рақамларни ҳисобга олган ҳолда бугунги кунда Қозоғистонда 27 киши коронавирусга чалингани тасдиқланди: Олмаотада 11, Нур-Султонда 16 киши. Коронавирусга чалинган яна бир қозоғистонлик Германияда даволанмоқда.

Қозоғистонда 16 мартдан фавқулодда ҳолат режими амал қилмоқда, жумладан, йирик савдо объектлари фаолияти чекланди, оммавий тадбирлар тақиқланди, Қозоғистон ҳудудига кириш ва унинг ҳудудидан чиқиш чекланди. Ҳукумат учрашувлари ва матбуот анжуманлари онлайн режимда ўтмоқда.

Қозоғистонда фавқулодда вазият тартиби амалда бўлган пайтда Жума ва бошқа намозлар масжидларда ўқилмайди. Жаноза намози эса фақат яқин қариндошлар иштирокида ўқилади. Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси 16 март куни маълумот тарқатди.

“Мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилингани муносабати билан ҳамда касаллик тарқалиш хавфи юқори бўлгани сабабли масжидларда Жума намози ўқилиши вақтинча тўхтатилади”, дейилган диний идора хабарномасида. Жума намози ўрнига уйда пешин намози ўқиш тавсия қилинган.

Идора масжидлар ёпилмаслиги, уларда азон айтилиши, бироқ масжид ичида намоз ўқилмаслигини билдирган.

Қозоғистон ҳукумати коронавирус тарқалишига қарши кураш мақсадида 16 мартдан 15 апрелгача бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда вазият тартибини жорий этган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда 1641 нафар одам касалхоналарда, 981 киши эса ўз уйларида карантинда тутиб турилибди.

Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳонда коронавирус тарқала бошлаганидан бери 182 мингдан ортиқ кишига вирус юққан, вафот этганлар сони 7 минг кишидан ошиб кетди, 80 мингга яқин киши соғайди.

XS
SM
MD
LG