Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:51

Украинада Ухандан олиб келинганлар карантинга солинган жой аҳолиси тўполон кўтарди


20 февралда учоқлар Хитойнинг Ҳубей вилоятидан эвакуация қилинган кишиларни олиб келгандан сўнг намойишчилар Нови Санжари қишлоғида Украинанинг ҳуқуқни қўлловчи идоралари ходимлари билан тўқнашди.
20 февралда учоқлар Хитойнинг Ҳубей вилоятидан эвакуация қилинган кишиларни олиб келгандан сўнг намойишчилар Нови Санжари қишлоғида Украинанинг ҳуқуқни қўлловчи идоралари ходимлари билан тўқнашди.

Хитойнинг коронавирус тарқалган Ухан шаҳридан эвакуация қилинган украиналикларнинг биринчи гуруҳи Полтава вилоятининг Нови Санжари қишлоғига олиб келиниши билан тўполон бошланиб кетди.

Вирусни юқтирган бўлиши мумкин бўлган кишиларнинг 20 февралда бу жойга олиб келинишига қарши бўлган қишлоқликлар эвакуация қилинганларга қарата тошлар отди ва полиция ходимлари билан тўқнашди.

Украина ҳокимият идоралари учоқда Ухандан эвакуация қилинган кишиларнинг 47 нафари украинлар, 27 нафари чет элликлар, шунингдек, тиббиёт ходимлари ва экипаж аъзолари бўлганини маълум қилди.

Чет элликлар қайси мамлакатлар ватандошлари экани ўша заҳотиёқ ошкор қилинмади.

Украина президенти Володимир Зеленский 20 февралда Фейсбукдаги саҳифасида украиналиклар ва бир қанча чет элликлар бортида бўлган учоқ Харьковга қўнишдан олдин ёнилғи қуйиш учун қисқа муддат Киевнинг Борисполь аэропортилда тўхтаб ўтганини, гуруҳ карантин жойига автобусларда олиб борилгани ҳақида ёзув қолдирди.

Зеленскийга кўра, Ухандан келган барча кишилар Миллий гвардиянинг Нови Санжаридаги тиббиёт марказида 14 кун давомида карантинда сақланади.

Қишлоқ аҳолиси автобус ойнасидан қараб кетаётган ниқобли кишиларга қарата тошлар отди. Бир автобуснинг деразалари синди, лекин унда кетаётган бирор киши ярадор бўлганми-йўқми маълум эмас.

Полиция баёнотида айтилишича, тўқнашувдан сўнг 9 нафар полиция ходими ва бир оддий ватандош касалхонага ётқизилган ва 24 нафар норозилик намойишчиси ҳибсга олинган.

Зеленский ўша кишилар украинлар табиатининг яхши тарафларини кўрсатмаганини ҳамда карантиндаги кишилар қишлоқ аҳолисига хавф туғдирмаслигини айтди.

Украина соғлиқ сақлаш вазири Зоряна Скалецка қишлоқ аҳолисини карантин хавфсиз эканига ишонтириш учун 2 ҳафта эвакуация қилинганлар бирга бирга яшашини маълум қилди.

Норозилик намойишчилари Украина ғарбидаги Львов вилоятида қисқа вақт магистрал йўллардан бирин тўсиб қўйди. Бунга Ухандан эвакуация қилинган кишилар у ердаги ҳарбий шифохонага ётқизилиши ҳақидаги миш-мишлар сабаб бўлди. Маҳаллий ҳокимият идоралари миш-мишларни инкор қилди.

Хитой ҳукумати коронавирусдан 2233 киши вафот этганини, ушбу вирусни жами 75 минг киши юқтириб олгани ҳақида хабар берди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёнинг бошқа 30 га яқин мамлакатида 1076 та вирус юқтирилган ҳолат қайд этилганини билдирди.

Хитой ҳокимият идоралари 11 милоион кишилик нуфузга эга Ухан шаҳрини қаттиқ изоляция қилиб қўйди. Кўплаб мамлакатлар ватандошларини у ердан олиб чиқиб кетди ва уларни у ёки бу тарзда карантинга солди.

XS
SM
MD
LG