Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:04

Ҳокимлар мамлакат бўйлаб газеталарга обуна бўлишга мажбурламоқда


Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан Озодликка келаётган хабарларга қараганда, корхона ва ташкилотларда мажбурий обуна тақиқланганига қарамай, туман ҳокимлари қўл остидаги ходимларни бунга мажбурламоқда.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридан, Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидан, Наманган вилоятининг Поп туманидан, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидан келган хабарларда фермерлар, ўқитувчи ва шифокорлар, бошқа бюджет ташкилотлари ходимлари ўзлари билмаган нашрларга обуна бўлишга мажбурланаётгани айтилган.

Расмийлар эса обуна мажбурий эканлигини инкор қилмоқда.

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги ташкилотлардан бирининг исми сир қолишини сўраган раҳбари, шаҳар ҳокими барча ташкилотларни мажбурий обуна қилдираётганини Озодликка ёзди:

“28 ноябрь куни эрталаб соат 7.30да Нурафшон ҳокими шаҳардаги барча ташкилотлар раҳбарларини йиғиб, ҳамма ташкилотга газета ва журнал обунаси бўйича режа қўйди. Асосан эътибор “Машъал”(шаҳар), "Тошкент ҳақиқати" (вилоят) ва “Халқ сўзи” ҳукумат газетасига бўляпти. Яна бошқа нашрлар ҳам бор. Яна ҳокимнинг гапини қаранг, обуна мажбурий эмасмишу, лекин ҳар ҳафта якунида қайси ташкилот қанча обуна бўлгани ҳақида ҳисобот бераркан. Бу нимаси, мажбурий обуна қилмаслик ҳақида Бош вазирдан тортиб агентлик раҳбаригача айтадию, ҳокимлар эски ҳаммому, эски тос”.

Нурафшон шаҳар ҳокимининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Сирожиддин Носиров обуна кампаниясининг мажбурий эканлигини инкор қилди:

- Биз ҳеч кимга мажбурий обуна бўласан деб айтмаганмиз. Тавсия сифатида “Машъал”, “Тошкент ҳақиқати”, “Халқ сўзи” деган газеталар бор. Мана газетага бориб, шартнома олиб, обуна бўлишларинг мумкин деган тавсия мажлисларда берилган бўлса керак. Мажбурий деган нарса йўқ ва бунга тузилган режа ҳам йўқ”.

Айни пайтда, Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги тадбиркорлардан бири, туман ҳокимининг Телеграм каналидаги мажбурий обунага оид топшириғи скриншоти ва даврий нашрларга обуна уюштириш юзасидан ҳокимликнинг режасини юборди.

Ургут тумани ҳокимининг Телеграмдаги топшириғи
Ургут тумани ҳокимининг Телеграмдаги топшириғи

Ургут Сайлов 2019” Телеграм гуруҳида "Маматжон Турдиев" деб номланган аккаунт эгаси (Туман ҳокими исми Маматжон Турдиевдир) бундай деб ёзади:

“Обуна ҳам деярли ўзгариш йўқ, ташкилот раҳбарлари хулоса қилмаяпти, қишлоқ хўжалиги бўлими бухгалтерия, фермерлар билан ишласин”.

Хабарнинг давомида ҳоким обуна қилиш масъулияти юкланган Шерзод исмли мулозимга бошқа ташкилотлар ҳам обунани тезлатиши ҳақида илмоқли гап ёзади:

“Қолган ташкилотларга Шерзод, менинг саломимни етказ”.

Обуна бўйича Ургут тумани ҳокимлиги режаси
Обуна бўйича Ургут тумани ҳокимлиги режаси

2010 йил даврий нашрлар обунаси режасида эса, туман ҳокимининг ўринбосарларига “Халқ сўзи”, “Народная газета”, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд”, “Ургут садоси”, “Нуроний”, “Кексалик гашти”, “Жамият” газеталарига обуна уюштиришга масъул қилиб қўйилган.

Исми сир қолишини сўраган туман ташкилотларидан бирида ишлайдиган мутахассиснинг айтишича, ҳар бир ташкилотга қанчадан нашрга обуна бўлиш ҳокимлик томонидан белгиланган:

“Масалан, ҳокимнинг биринчи ўринбосарига 1832та газетага обуна қилдириш юкланган. Яна бир ўринбосар эса 3278та обуна қилдириши керак. Шунақа қилиб жами 8 мингдан ортиқ газеталарга мажбурий обуна қилдириш керак. Бу ишнинг бошида туман ҳокимининг ўзи турибди".

Туман ҳокимлигининг хотин-қизлар қўмитаси раиси Замира Муртазоеванинг айтишича, ташкилотлар ўз хоҳиши билан обуна бўлмоқда:

- Обуна мажбурий деб ҳеч ким айтмаган. Қайси ташкилот бўлса ўз хоҳиш-истаги бўйича ариза берган ва шунга кўра обуна бўлган. Дунёда бўлаётган сиёсий жараёнлардан хабардор бўлиб туриш учун обуна бўляпмиз. Лекин мажбурий эмас.

Фарғона вилоят, Қўштепа туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчи ҳам барча мактабларда мажбурий обуна давом этаётганини айтди:

“Мактаб директоримиз туман халқ таълими бўлими мудирининг буйруғини кўрсатди. Синф раҳбарларига 150 минг, ўқитувчиларга 80 минг, ўқувчиларга 6-8 минг сўмдан мажбурий обуна келяпти экан. Ариза ёзасизлар, ойликдан олиб қолади, деяпти. Қарийб ўн йилдан буён мактабда ишлайман. Ҳар йили шунча пул олиб қолишадию, лекин қўлимизга бирор марта газета келиб тушган эмас. Нимага обуна бўлганимизни ҳам билмаймиз. Аввал қандай бўлса, шундай давом этяпти. Ўзгариш бўлди, мажбурий обуна йўқолди дейишгани пуч гап”.

Ўқитувчи Қўштепа туман халқ таълими бўлими мудири Ориф Деҳқоновнинг буйруғи ва мактабларга мажбурий обуна бўлиш режаси суратини ҳам юборди.

Қўштепа тумани ХТБ мудирининг мактабларга обуна тақсимоти графиги
Қўштепа тумани ХТБ мудирининг мактабларга обуна тақсимоти графиги

Қўштепа туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими бундай гаплардан хабари йўқлигини айтди

Озодликка Сурхондарё вилоят, Ангор туманидаги соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари ва Наманган вилоят, Поп тумани фермерлари ҳам мажбурий обуна қилдирилаётгани ҳақида шикоят қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқитувчиларнинг турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлиги таъкидлаган эди.

"Ўқитувчи мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг 12-моддасида "Ўқитувчиларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш қонун билан ман этилади", деб ёзилган.

XS
SM
MD
LG