Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги 64/69-сонли манзил колонияда сақланаётган 51 яшар маҳкум Қутбилло Икромов президент Мирзиёев бошлаган жазони либераллаштириш сиёсатини боис, озодликка умид қилаётганини билдирди.
ОзодМикрофонга боғланган Икромовнинг айтишича, 2008 йилда ЖКнинг 117, 223, 182 ва 242-моддалари асосида жиноий гуруҳ таркибида қўшни Қирғизистондан товар-маҳсулотларни ноқнуний олиб ўтиш ва сотишда айбланиб, 15 йилга қамалган.
Жазонинг 10 йилини турма, 5 йилини манзил колонияда ўташга маҳкум Икромов, аслида, ноқонуний товарлар контрабандаси билан шуғулланмагани, фақатгина, шу иш билан шуғулланишда айбланганларнинг пулини ташиб берган оддий таксичи бўлганини даъво қилмоқда.
- 2008 йилда қамалганман. Аслида мен оддий таксичи бўлганман, менга келиб, савдогар болалар пулимизни Андижонга олиб бориб беринг, дейишган. Қанчалигиниям билмаганман ва обориб берганман. 4 кундан кейин келиб, уйимизни босишди ва 15 йилга қамаб юборишди, - деб айбсизлигини даъво қилди Икромов.
Президент Мирзиёев ҳокимиятга келиб, чегаралар очилиб, қўшни давлатлар билан савдо-сотиқ қайта йўлга қўйилгач, Қутбилло Икромов, унга қўйилган айблов ўз мазмунини йўқотган, деб билишини айтди ва жазонинг қолган муддатидан озод қилинишига умид билдирди.
Унинг айтишича, оиласи, хусусан, 80 ёшга кирган онасининг бу борада республиканинг ваколатли органларига қилган мурожаатларига ҳануз аниқ жавоб берилмаган.
Унинг мурожаатига қулоқ тутаркан мухбир, айни пайтда у жазо муддатини ўтаётган 64/69-сонли манзил-колониядаги шароит ҳақида ҳам саволлар берди.
Суҳбат асносида Қутбилло Икромов яқинда 25 кун даволангани ва бунинг учун маблағни оиласи сарфлаганини айтди.
Қуйида Қутбилло Икромов билан суҳбатни тингланг:
Бу суҳбатдан сўнг Озодлик мухбири Ўзбекистон Жазони ижро этиш Бош бошқармасига (ЖИЭББ) боғланиб, манзил-колониядаги маҳбусларга кўрсатиладиган тиббий хизмат ва моддий таъминот тартиби билан қизиқди.
Бошқарма ходимининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, манзил-колониядаги маҳбусларга кўрсатилган тиббий хизмат учун пул давлат бюджетидан ажратилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги белгилаган озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб ҚОИДАЛАРИ 375, 376-бандларида:
"375. Манзил-колонияларда сақланаётган маҳкумларни ихтисослашган стационар асосида даволаш давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида амалга оширилади. 376. Маҳкумларнинг тиббий-санитария таъминоти республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади", деб белгиланган.
ЖИЭББ вакили Қутбилло Икромовнинг яқинларига тегишли тартибда бошқармага мурожаат қилса, ҳолатга аниқлик киритилишини таъкидлади.