Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:00

Маҳмуд Ражабнинг "юриши"ни ëритган блогер қамоқдан кейин руҳий касалликлар диспансерига ётқизилди (ВИДЕО)


Блогер Шабнам (Нафосат) Оллошукурова
Блогер Шабнам (Нафосат) Оллошукурова

Шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг “Тошкентга юришини” ëритгани ортидан 10 кунлик қамоқ муддатини 3 октябрь куни ўтаб бўлган 32 яшар блогер Нафосат Оллошукурова ўша куннинг ўзида Урганч туманида жойлашган Хоразм вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансерига ëтқизилди.

Бу ҳақда Озодлик мухбирига Оллошукурова яшайдиган Боғот туман ИИБ вакили 4 октябрь куни билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиевнинг ëрдамчиси Озодликнинг Нафосат Оллошукуровага оид конкрет саволига бирдан "бундай ҳолатда бемор прокуратура санкцияси билан диспансерга жойлаштирилади, Соғлиқни сақлаш вазирлигида бундай ваколат йўқ, эртага телефон қилсангиз, батафсил жавоб оласиз" деди.

Оллошукурованинг отаси Болтабой Оллошукуровнинг Озодликка 4 октябрда айтишича, қизи Нафосат ҳеч қачон руҳий касалликдан азият чекмаган.

Болтабой Оллошукуров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00
Бевосита линк


Оллошукурова яшайдиган Боғот туман ИИБ вакилига кўра¸ Оллошукурова Боғот туман ИИБ ходимлари тарафидан қамоқдан олиб чиқилиб рухий касалликлар диспансерига олиб борилган. Мулозимнинг айтишича, Оллошукорова “вос-вос” касалига чалинган деб топилиб, диспансерга олиб кетилган. Боғот туман ИИБ вакилига кўра, Оллошукурова 4 октябрь эрталаб яқинларидан бири билан учраштирилган.

Маҳмуд Ражабнинг "юриши"ни ëритган блогер қамоқдан кейин руҳий касалликлар диспансерига ётқизилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:29 0:00

Хоразмлик маҳаллий журналист руҳий касалликлар диспансеридаги врач билан суҳбатига таяниб, Оллошукурованинг 3 октябрь куни диспансерга олиб келингани ва 4 октябрь куни бемор сифатида расмийлаштирилганини айтди.

Оллошукурованинг яқинларига кўра¸ блогер "ўта оғир беморлар сақланадиган хонага жойлаштирилган". Бу информацияни текшириш учун диспансер билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Яқинларининг айтишича¸ Оллошукурова илгари руҳий ҳолатидан шикоят қилмаган. Отаси Болтабой Оллошукуровнинг Озодликка 4 октябрда айтишича, қизи Нафосат ҳеч қачон руҳий касалликдан азият чекмаган.

Оллошукуровани диспансерга бориб кўриб чиққан яқинларидан бирининг Озодликка айтишича¸ блогер деразасига панжара ўрнатилган палатада сақланмоқда:

- Кўзларининг тагига қараб, унга укол қилинган деб тахмин қилдим. Кўп гаплашишга уни қоровуллаб турган милиса изн бермади. Нафосат мен гаплашиб олай чиқиб туринг деса ҳам милиса чиқмади. Урганчдаги диспансернинг ўта оғир беморлар ëтадиган қисмида ётибди. Доктор касаллик тарихини кўрсатди менга, аммо нусха олишга изн бермади. Вос-вос касал дейишди.

Озодлик Нафосат Оллошукурова ётқизилгани айтилаётган Хоразм вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансери билан боғлана олмади.

Айни пайтда Озодлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланди.

Вазир ўринбосари Баҳодир Юсупалиевнинг ëрдамчиси Озодликнинг Нафосат Оллошукуровага оид конкрет саволига бирдан "бундай ҳолатда бемор прокуратура санкцияси билан диспансерга жойлаштирилади, Соғлиқни сақлаш вазирлигида бундай ваколат йўқ, эртага телефон қилсангиз, батафсил жавоб оласиз" деб жавоб берди.

  • Шабнам тахаллуси билан фаол блогерлик қилиб келган 32 яшар Нафосат Оллошукурова ва шоир Маҳмуд Ражабга нисбатан Урганч шаҳар маъмурий суди 23 сентябрь куни 10 кунлик административ қамоқ жазоси тайинлаш ҳақида қарор қабул қилган эди.
  • Бу қарор асосида 10 кун қамоқ жазоси ўтаган шоир Маҳмуд Ражаб 2 октябрь куни Урганч ИИБ зобитлари тарафидан уйига олиб келиб қўйилган. Маҳмуд Ражаб Озодлик мухбирига "қамоқдаги муомала ва шароитлар яхшилиги" ҳақида гапирди, аммо унинг юришини ëритган Оллошукурованинг кейинги тақдири ҳақида индамади.
  • Шоир ва блогерни қамаш ҳақидаги қарорга кўра¸ “изнсиз кўча намойиши ўтказган” шоир Маҳмуд Ражаб ва блогер Нафосат Оллошукурова Маъмурий жавобгарлик кодексининг учта моддаси бўйича айбдор деб топилган:
  • 183-модда, "Майда безорилик";
  • 192-модда, "Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш";
  • 202-модда, "Рухсат этилмаган йиғилишлар¸ митинглар¸ кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш".

Айни пайтда ушбу норозилик юриши пайти Нафосат Оллошукурованинг нотаниш аёл томонидан калтаклангани ҳолати очиқ қолди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Шабнамнинг калтаклаш борасидаги даъволарини инобатга олган-олмагани Озодликка маълум эмас.

Нафосатнинг яқинлари унинг 10 суткага қамалгани ва руҳий диспансерга жойлатирилганини ноқонуний дея даъво қилишмоқда. Маъмурий жавобгарлик кодексининг 29-моддасига кўра, маъмурий қамоққа олиш уч ёшгача боласи бўлган аёлларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас. Бу тартибнинг Шабнам Оллошукуровага нисбатан нима сабабдан қўлланилмагани Озодликка маълум эмас.

Блогер Олошукурова шоир Маҳмуд Ражаб ва уни қўлловчиларнинг юриш тадбирини жонли эфирда ижтимоий тармоқларда ëйинлаган эди.

Блогерни ëмонотлиқ қилишга уринишди

Хоразм телеканалида 24 сентябрь куни эфирга берилган кўрсатув қатнашчилари норозилик юришини ëритган блогер Оллошукурова ҳаракатини кескин қоралаб гапирган.

Ижтимоий тармоқларда, жумладан, Фейсбук орқали Нафосат Оллошукуровани сохта блогерга чиқаришга уринишлар ҳам кузатилаяпти.

“Президент блогерларни қўллаб турган бир пайтда, Шабнам (Нафосат) Оллошукурованинг норозилик юришини ёритгани аҳмоқгарчилик” дея ёзишди Фейсбукдаги постларда.

Шунингдек, айрим тармоқ фойдаланувчилари Оллошукуровани “Ўзбекистон тинчлигини кўраолмаслик”да айблашди.

Нафосат (Шабнам) Оллошукурова
Нафосат (Шабнам) Оллошукурова

Хоразм вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати тарафидан тайëрлангани тахмин қилинаётган ва Интернетда тарқатилган видеороликда Оллошукурова “ Хоразмни дунëга салбий бўëқларда кўрсатадиган шаллақи” дея ҳақорат қилинган.

Жонли чиқишлари билан танилган блогер

Нафосат Оллошукурова блогерлар сафига бир йилча аввал қўшилган. Асосан, Фейсбук тармоғи орқали жонли чиқишлар қилди. Чиқишларида асосий эътиборни ҳуқуқ-тартибот идораларидан азият чеккан шахсларга қаратди. Яна у Тошкентда расмий идоралар олдида бўладиган норозилик пикетларини тармоқлар орқали жонли ёритадиган блогер сифатида танилган.

Нафосат Оллошукурова тошкентлик ҳуқуқбонлар билан бирга
Нафосат Оллошукурова тошкентлик ҳуқуқбонлар билан бирга

Икки ой аввал Хотин-қизлар қўмитасининг "ҳуқуқбузарликка мойил" аёллар рўйхатини тузиш қарори кенг муҳокамага сабаб бўлганди. Ўша пайтда Оллошукурова Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова билан Фейсбук орқали жонли интервью қилгани билан ҳам танилган эди.

32 яшар инглиз тили ўқитувчиси, блогер Нафосат Оллошукурованинг уч ёшга тўлмаган икки эгизак фарзанди бор. Ҳозирда болаларга Тошкентда Нафосатнинг онаси қараяпти.

XS
SM
MD
LG