Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:57

МИБ ходимлари: Бизни 1 июнгача ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқариб, энди ойликсиз ишлатишяпти!


МИБ ходимлари профилактик тадбирда.
МИБ ходимлари профилактик тадбирда.

Қашқадарё вилояти Китоб тумани Мажбурий ижро бюросининг Озодликка боғланган ходимлари коронавирус карантини боис ўз ҳисобидан мажбурий таътилга чиқарилганлар иш ҳақи тўланмаган ҳолда якшанба кунлари ҳам ишлашга мажбурланаётганини билдирди.

Озодлик гаплашган МИБ ходимлари иддаосига кўра, уларга бу таътил даврида ишлаганликлари учун ойлик ёзилмаслиги оғзаки тарзда очиқ айтилган.

Китоб туман Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Сероб Аламов 20 май куни ўз ходимларининг бу иддаоларига жавоб беришни истамади ва телефонни ўчириб қўйди.

МИБ матбуот хизмати эса¸ бу жараëннинг қонунчилик асосида бўлаëтгани¸ китоблик мибчилар эътирози ўрганилишини билдирди.

21 май куни Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган Китоб туман МИБ ходимига кўра, ўзи ва ҳамкасблари 24 мартдан иш ҳақи сақланмаган ҳолда ўз ҳисобидан таътилга чиқарилган.

Айтилишича¸ жорий ой бошидан таътил 1 июнгача узайтирилган¸ аммо 15 май куни улар қайта ишга чақиртирилиб, коммунал қарзларни йиғишга жалб этилган.

Ишдан ҳайдалиш таҳликаси боис аноним қолишни истаган Китоб туман МИБ ходимининг айтишича, уларга таътил даврида ишлаганликлари учун ойлик ёзилмаслиги оғзаки тарзда айтилган:

- Таътил 1 июнгача кучида қоляпти, ишлаганимизга ойлик ёзилмайди, бошлиқ 15 май кунидан ишга чақиртириб, коммунал қарзларни йиғишга жўнатяпти.

Қашқадарё вилояти Китоб тумани Мажбурий ижро бюросининг Озодлик суҳбатлашган бошқа ходими коронавирус карантини шароитида қарздорликни ундириш бўйича "бажариб бўлмайдиган" режа қўйилганини ҳам айтади.

- Ҳозир светни тўламаса пения йўқ, светни ўчириб ҳам қўя олмайсиз. Бекорга уйма-уй юрибмиз. Бошлиқ эса 41 миллион сўмлик план қўйиб, бизни якшанба кунлари ҳам ишлашга мажбурлаяпти, ҳужжатда эса ҳаммамиз 1 июнгача ўз ҳисобимиздан ўз ихтиёримизга кўра меҳнат таътилига чиқарилганмиз.

Озодлик МИБ ходимларининг бу иддаолари юзасидан Китоб тумани Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Сероб Аламовга боғланди.

Аламов Озодлик саволини эшитиши билан алоқани узиб қўйди.

Китоб МИБнинг коммунал тўловлар бўйича бошлиғи Бахтиёр Мейлиев эса ишчиларга коронавирус шароитида ўз ихтиёрига кўра, ўз ҳисобидан таътилга чиқишлари тавсия этилганини билдирди.

15 майдан карантин чоралари юмшагани сабаб айрим ходимлари ишга қайтадан чақиртирилганини эътироф қилган бу мулозим¸ уларга ойлик тўланиш-тўланмаслиги ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

- Буни катта бошлиқдан сўрайсиз, - деди Мейлиев.

"Ҳаммаси меҳнат қонунчилиги асосида бўляпти"

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматининг Озодлик 21 май куни суҳбатлашган мулозими, ҳозирда, бўлимлардаги ходимларнинг ўз ҳисобидан таътилга чиқиши билан боғлиқ вазият¸ шунингдек ишга қайтиш истагини билдираётган ходимлар мурожаатлари ўрганилаëтганини билдирди.

- Ҳаммаси Ўзбекистон меҳнат қонунчилигига тўлиқ амал қилинган холда бўляпти. Китоб туманидаги сиз айтаётган холатларни эса ўрганиб, кейин маълумот берамиз, - деди Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати ходими.

Ҳақ тўланмайдиган "мажбурий таътил"

Мажбурий ижро бюроси коронавирус инфекциясини тарқалаши олдини олиш ва унинг эҳтимолий оқибатларини камайтириш мақсадида жорий йилнинг 24 мартдан бошлаб айрим ходимларга ўз ҳисобидан таътилга чиқиш тавсия этилгани ва бу жараëннинг ихтиëрий ариза асосида бўлганини маълум қилган.

Озодлик билан суҳбатда бўлган инспекторлар эса¸ ишдан ҳайдалиш таҳдиди остида мажбурий таътилга чиқишга мажбур бўлганини билдирган.

“Бизни 30 март куни мажбурлаб ариза ёздириб, ўз ҳисобимиздан 1 ойлик таътилга чиқаришди. Тўрт кун аввал яна таътилимизни 1 ойга чўздириш ҳақида ариза ёздик. Ариза ёзмаганларга “ишдан бўшайсан”, деб таҳдид қилишди, - деган эди МИБнинг Тошкентдаги бўлимларидан бири ходими 30 апрель куни Озодлик билан суҳбатда.

Озодликка мамлакатдаги бошқа мибчилардан ҳам шу мазмундаги хабарлар келган.

Хусусан¸ апрель ойи бошида Мажбурий ижро бюросининг Чирчиқ шаҳар бўлимида ходимлари ўз ҳисобидан мажбурий меҳнат таътилига чиқарилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Чинозлик МИБ ходимининг Озодликка йўллаган мурожаати.
Чинозлик МИБ ходимининг Озодликка йўллаган мурожаати.

Озодлик хабари ортидан Мажбурий ижро бюроси ушбу ҳолат юзасидан Чирчиқ тумани МИБ раҳбарлари билан профилактик суҳбатлар ўтказилганинини билдирган эди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддасининг биринчи қисмига биноан, ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG