Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:52

Мирзиёев Ўзбекистон харитасини қайта чизмоқда: Тошкент вилояти иккига бўлиниши мумкин


Президент Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёевнинг "аввалдан ўйлаб юрган" режаси амалга ошса, Ўзбекистонда янги вилоят пайдо бўлиши мумкин.

Тошкент вилояти иккига бўлиниши мумкинлиги тўғрисида президент Мирзиёев 19 март куни Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган Халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясида маълум қилди.

Давлат раҳбарининг фикрича, вилоятни иккига бўлиш “халқ манфаатларига” хизмат қилади.

Таҳлилчилар эса, вилоятни иккига бўлишдан мантиқ кўрмаётгани, бюрократик аппаратни кенгайтириш аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш гарови эмаслигини айтмоқда.

Тошкент вилояти харитаси
Тошкент вилояти харитаси

Икки йилдан буён айтилаётган сир

"Сизга бир сирни айтаман. Мен ўзим билан харита олиб келганман. Тошкент вилоятини иккига бўлмоқчиман. Мана жим бўлиб қолдинглар. Тушунаман, бу сизларга ёқмайди. Бўлмоқчиман, Конституция бўйича ҳуқуқ менга берилган. Мен таклиф бераман, Олий Мажлис кўриб чиқади", - деди Шавкат Мирзиёев 19 март куни Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган Халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясида.

Давлат раҳбарининг фикрича, Тошкент вилоятида “бирдамлик йўқ”:

"Ангрендаги оқсоқолнинг гапи Бекободга тўғри келмайди. Бекободнинг гапини Чиноз олгиси келмайди… Иккита ихчамгина вилоят бўлади… 22 та ҳудудни бирдан бошқаришнинг ўзи бўлмайди. Лекин бу ҳақда ҳали ўйлаяпман".

Вилоятнинг иккига бўлиниш эҳтимоли тўғрисида Президент 2019 йилнинг 3 июнида Тошкент вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам гапирган эди. Ўшанда Тошкент вилоятда қишлоқ хўжалиги жуда танг аҳволда экани қайд этилган.

Тошкент вилояти

  • 1938 йилда ташкил этилган бу вилоят Ўзбекистоннинг шимоли-шарқида, Тиёншон тоғларининг ғарбий ёнбағрлари билан Сирдарёнинг орлиғидаги 15 300 квадрат километрлик майдонни эгаллаган. Вилоят ҳудуди мамлакат умумий ҳудудининг 3,4 фоизини ташкил қилади.
  • Вилоятда 2,9 миллион киши яшайди. Бу мамлакат аҳолисининг 8,7 фоизидир.
  • Қиёслаш учун: Фарғона вилоятида 3 584 800 (2017), Андижон вилоятида 3 188 200 (2021), Наманган вилоятида 2 810 900 (2020) киши яшайди.
  • Вилоят пойтахти 2017 йили Тошкент шаҳридан Тўйтепага (ҳозир Нурафшон шаҳри) кўчирилган.

Фарқлар мавжуд, лекин улар қаерда йўқ?

Президент Мирзиёев 18, 19 март кунлари Тошкент вилоятига қилган амалий сафари давомида вилоятларнинг бир-биридан, Тошкент вилоятидаги туманларнинг бир-биридан фарқи тўғрисида кўп гапирди.

- Фарқлар, албатта, бор -деди Озодликка Чиноз туманидаги мактаблардан бирининг исми айтилмаслик шарти билан гапирган директори, - Масалан, бизнинг Чиноз Янгийўл, Зангиотадан орқароқда, бу туманларда ишлаб чиқариш ривожланган, ишсизлик камроқ. Бироқ биз, масалан, Қуйи Чирчиқдан ободроқмиз. Ишим юзасидан турли семинарларга, тадбирларга кўп бораман, шунинг учун вилоятни яхши биламан, дея оламан. Лекин туманлар орасидаги фарқ вилоятни бўлиш учун асос бўлишига ақлим етмайроқ турибди, ахир ҳамма жойни бир хил қилишнинг иложи йўқ-ку, барибир?!

Президент Тошкент вилоятига қилган сафари давомида ичимлик суви, электр энергияси, йўл, таълим ва бошқа шароитларни яхшилаш зарурлигини таъкидлаб айтар экан, “бу мақсадлар учун, йирик ва ўрта лойиҳалар учун вилоятга 119 триллион сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир вилоятда бундай марра олинмаган”, - деди.

OzodRakurs: Президентнинг ўнқир-чўнқир йўлларда берган ваъдалари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:10 0:00

Тошкентлик иқтисодчи Ғуломқодир Турсуновга кўра, бу каби маъмурий бўлиш-қўшишлар мамлакатдаги ишсизлик ва бошқа ижтимоий муаммолар ечимига ижобий таъсир кўрсатаётганининг белгилари йўқ.

“Президент нимани кўзлаётганидан хабарим йўқ, албатта. Лекин кейинги йилларда туманларни бўляпти, қўшяпти. Лекин бу бўлиш-қўшишлар халқнинг турмуш даражасида акс этаётганини кўрмаяпман. Президентмиз вилоят туманлари орасидаги фарқлар ҳақида гапирдилар. Лекин мен катта фарқ кўрмаяпман. Ҳамма ёқда ишсизлик. Мардикор бозорлари кўпайяпти. Айниқса, Тошкент ва Тошкент вилоятида”.

Янги ва янги туманлар

  • 2019 йилнинг августида "Қорақалпоғистон Республикаси таркибида Бўзатов тумани ташкил этилди.
  • 2019 йилнинг ноябрида Сурхондарё вилоятида Бандихон тумани ташкил этилди.
  • 2020 йилнинг мартида Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа тумани ташкил этилди.
  • 2020 йилнинг сентябрида Наманган шаҳри таркибида Давлатобод тумани тузилди.
  • 2020 йилнинг ноябрида Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт тумани ташкил этилди.
  • ЎзА ахборот агентлиги жорий ой бошида Наманган шаҳри таркибида яна бир туман - Янги Наманган тумани ташкил этилиши кутилаётганини хабар қилди.

Мамлакат раҳбарияти янги ҳудудий бирликларни ташкил қилар экан, ҳар бирини ривожлантириш бўйича махсус қарорлар қабул қилган.

Хўш, Тошкент вилоятини икки бўлиш бўйича ишлар бошландими? Чегара чизиғи иккига бўлинадиган вилоятнинг қаеридан ўтади? Бу саволларга вилоят ҳокимлигидан жавоб олиб бўлмади, ҳокимлик матбуот хизматига қилинган қўнғироқлар ҳам жавобсиз қолди.

Маҳаллий бошқарув заифлиги?

Исми сир қолишини сўраган Тошкент вилоят бошқармаларидан бирининг масъул мулозими Озодлик билан ёзишмада “вилоятни иккига бўлиш заруратини, энг аввало маҳаллий давлат бошқарувининг заифлиги билан боғлаш керак”, деган фикрни билдирди.

“Бош прокурор вазиятни ўрганиб, Президентга «Тошкент вилоятида қонун йўқ экан, ҳеч нарсадан қўрқмай қўйишибди», дегани вилоятдаги вазият қанчалик оғир эканлигидан далолат беради” , деб ёзди мулозим.

Президент чиндан ҳам 19 март куни Нурафшонда шундай деган эди.

Мулозимнинг айтишича, вилоятни иккига бўлиш тўғрисидаги гаплар икки йилдан бери бор, лекин кечаги гапдан кейин ҳам амалга ошмай қолиб кетиши мумкин.

“Яна бир йилдан сўнг, “Мана, ўзим синаган, ўзимнинг мактабимни ўтаган Даврон Ҳидоятов вазиятни ўнглади” деган сўзни эшитиш эҳтимоли юқорироқ, деб ўйлайман. Қолаверса, ботқоққа ботган кадрлар сиёсати обрўсини ҳам ўйлаш керак”.

Мулозим Президентнинг “Тошкент вилоятини иккига бўлмоқчиман. Мана жим бўлиб қолдинглар. Тушунаман, бу сизларга ёқмайди”, деган сўзларини шарҳларкан, манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли ҳақида гапирди.

“Президент вилоят сессиясида айтганидек, вилоятни иккига бўлиш маҳаллий катталарга ёқмайди. Бўлиш нафақат вилоят, балки республика миқёсидаги манфаатлар тўқнашувига олиб келади ва кўплар буни қорнига пичоқ тортишдек қабул қилади. Бу ҳақда кўп гапириш мумкин”.

Тошкент вилоят бошқармаларидан бирининг масъул мулозими агар чиндан ҳам вилоят иккига бўлинса, иккинчи қисмининг номи қандай бўлиши мумкин, деган саволга жавобан бундай прогноз қилди:

“Агар Тошкент вилояти бўлинса, икинчи вилоятнинг номи “Зангиота вилояти” деб номланиши мумкин”.

"Қўшнилар қўшяпти, биз бўляпмиз"

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, ҳозирда Қозоғистонда яшаётган иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев ҳам асли Тошкент вилоятидан, вилоятнинг Бўстонлиқ туманидан.

Олимнинг айтишича, Ўзбекистонда вазирликлар сони кўпайиб, янги туманлар ташкил этилаётган бир пайтда Қозоғистонда бу жараённинг акси кузатилмоқда:

“Тўрғай области Қўстанай области билан, Қарағанда Жезқазған билан, Олмаота шаҳри Толдиқўрғон области билан бирлаштирилди. Бу бошқарув аппаратини оптималлаштириш зарурати билан тушунтирилди. Тошкент вилоятини бўлишдан мантиқ кўрмаяпман. Аҳолиси кўп десак, Тошкентникидан кўп аҳолиси бор вилоятлар бор. Иқтисодиёти эса, яхлит блок сифатида шаклланиб бўлган. Шунинг учун зарурат нимада эканлигини тушунолмай турибман”.

Сапарбой Жубаев вилоятни иккига бўлиш ғояси ортида яширин ётган мотивлар ҳақида тахмин қилар экан, бундай деди:

“Балки вилоят ҳокими бўлиш иддаоси бор бирор кучли шахс ҳаракат қилаётгандир? Балки шу мотив бордир?”

19 мартда Нурафшонда ўтказилган йиғилишни ёритган маҳаллий матбуот президентнинг ўтмишда энг қудратли мулозимлардан бўлган собиқ ИИВ вазири Алматов ҳақидаги сўзларига ҳам ўрин берди.

“Президент «Тошкент вилоятини ҳаммадан ҳам яхши биладиган» Зокир Алматовни (ИИВнинг собиқ раҳбари, айни пайт ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси) бекорга олиб келмаганини айтди. Таъкидланишича, Алматов ҳокимга ёрдам бериб, «бутун элни бирлаштириб беради».

Кўпаяётган туманлар, "урчиётган" вазирликлар

Сапарбой Жубаевнинг айтишича, Қозоғистонда вазирликлар сони ҳам, Жаҳон банки тавсияларига биноан кескин қисқартирилган. Шу кунда Қозоғистон ҳукумати 17 вазирликдан иборат.

Ўзбекистонда эса, вазирлик даражасидаги қўмиталардан ташқари 24 вазирлик мавжуд.

Олимнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам давлат бошқаруви персонали сарф-ҳаражатлари (маош ва бошқа чиқимлар) давлат бюджетининг 3-4 фоизидан ортмайди ва бу масалада Жаҳон банки тавсияларига риоя қилинади. Бироқ Қозоғистондан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда номи акциядорлик компанияси, амалда эса, давлатники бўлган қатор йирик компаниялар борки, улар раҳбарияти сарф-ҳаражатлари ҳам давлат зиммасидадир.

XS
SM
MD
LG