Толибон жангарилари Кобулни эгаллаб олиб, Афғонистонни «Исломий Амирлик» деб эълон қилганига бир ой тўлди.
Аммо янги Толибон тузуми аллақачон қатор сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий бўҳронларга дуч келмоқда. Уларни ҳал қилиш Толибоннинг исёнчи гуруҳдан функционал ҳукуматга ўтиш қобилияти учун синов бўлади.
Жангари гуруҳ ушбу синовдан ўта олмаётганини кўрсатувчи исбот-далил кўпайиб бормоқда.
Токио университетининг минтақа бўйича мутахассиси Масато Ториянинг сўзларига кўра, Толибон тузган ҳукумат умуман бошқарув тажрибасига эга эмаслиги шусиз ҳам аянчли аҳволда бўлган иқтисодий вазиятни янада оғирлаштирмоқда, натижада Афғонистон бўйлаб яшаш шароитлари янада ёмонлашмоқда.
Тория Толибон раҳбариятининг рақиб фракциялари ўртасида вужудга келган ички тафовутлар туфайли Афғонистонда фуқаролар уруши давом этиш хавфи юқори эканини айтди.
«Афғонистоннинг яна фуқаролар урушига дучор бўлиши эҳтимолини инкор этиб бўлмайди», деди у.
Ҳақиқатан ҳам, мустақил таҳлилчилар айни дамда Толибон минтақавий бўлинмаларга бўлиниб кетиши эҳтимоли ҳар қачонгидан ҳам юқори эканини айтишмоқда. Хусусан, шарқда «Ҳаққоний тармоғи», мамлакат ғарбида эса қандаҳорлик Толибон асосчилари мустақил йўл тутишга қарор қилиши мумкин.
«Мамлакатни забт этиш ҳар доим ҳам осон қадам. Афғонистонда гувоҳ бўлиб турганимиздек, уни бошқариш энг қийин масала», деди тарихчи ва пуштун қабилалари ўртасидаги рақобат бўйича мутахассис Уильям Далримпл Озодлик билан суҳбатда.
«Айнан мана шу босқичда кескинликлар ва ёриқлар ошкор бўлади».
Толибон ичида рақобат ва зиддиятлар давом этар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистон «гуманитар ҳалокат» ёқасида тургани ва асосий хизматлар бутунлай қулаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Афғонистон марказий банкининг 9 миллиард долларлик ташқи захиралари музлатиб қўйилган. Бу мулкнинг асосий қисми АҚШда сақланади.
Чет эллик донорлар Афғонистонга ёрдам беришни тўхтатиб қўйди. Донор ҳамжамияти ёрдам қайта йўлга қўйилиши Толибон бошчилигидаги ҳукуматнинг хатти-ҳаракатига боғлиқлиги айтмоқда. Толибон ҳокимиятини ҳали бирор давлат тан олгани йўқ.
Натижада оддий халқ гиперинфляция, қашшоқлик, нақд пул танқислиги, валюта қадрсизланиши ҳамда ўсиб бораётган ишсизликдан азият чекмоқда.
Толибон Кобулни қўлга олингандан кейин, мамлакатдан қочиб кетган марказий банк ходими Ажмал Аҳмадий Озодлик билан суҳбатда ушбу иқтисодий кўрсаткичларнинг барчаси янада «ёмонлашишини» кутаётганини айтди.
Айни пайтда, Толибон ҳаракатининг Афғонистонни 1996 йилдан 2001 йилгача бошқарган Толибон ҳукуматидан мўътадилроқ экани ҳақидаги даъволарига қарамай, жангари гуруҳ тез суръатда аёлларнинг ҳуқуқларига қайтадан чекловларни киритди.
Хусусан, аёлларнинг таълим олишига оид қатъий қоидалар жорий қилинди ва уларга ишлаш қарийб бутунлай ман этилди.
Иқтисодий мутахассисларнинг фикрича, Толибон Кобул ва мамлакатнинг бошқа кўплаб ҳудудларида яшовчи аёлларни иш жойларини ташлаб, уйда қолишга мажбурлаётгани шусиз ҳам оғир аҳволда бўлган иқтисодиётга зарар етказмоқда.
Толибоннинг рақибларини афв этиш ваъдалари ҳам қуруқ сўзга ўхшаяпти.
Сўнгги ойларда Human Rights Watch ташкилоти Толибон назорати остига ўтган бир неча шаҳарда инсон ҳуқуқлари жиддий бузилган ҳолатларни ҳужжатлаштирди.
Толибон қуролли шахслари, шунингдек, уларнинг ҳукмронлигига норозилик билдиришга журъат этганларга нисбатан зўравонлик билан чора кўрди. Намойишчилар ва уларнинг раҳбарлари кўчаларда ёки уйларида отиб ўлдирилгани ҳақида хабарлар мавжуд.
Human Rights Watch ташкилотига кўра, собиқ хавфсизлик ходимлари, қулатилган ҳукуматнинг собиқ аъзолари ва уларнинг қариндошлари ҳамда тинч фуқаролар қатл этилмоқда.
Толибон ҳокимиятни қўлга олганидан кейин қулаб тушган ҳукумат институтларини қайта тиклашга эътибор қаратиш ўрнига, ҳатто энг оддий хизматларни ҳам кўрсата олмаяпти.
Толибон раҳбарияти ўз ҳукмронлигига қаршиларга тинч намойиш ўтказишни тақиқлади. Шунингдек, журналистларга норозилик намойишларини ёритиш ҳам тақиқланди.
Ушбу қоидани бузгани учун ҳибсга олинган баъзи журналистлар Толибон расмийлари қўлида қаттиқ калтаклангани ҳақида хабарлар мавжуд.
Оммавий ахборот воситалари фаолиятига чекловлар жорий қилинар экан, кўплаб журналист ишини тўхтатди ёки мамлакатни тарк этди. Оммавий ахборот воситалари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга кўра, мустақил журналистика Толибон ҳукмронлиги остидаги Афғонистонда бутунлай йўқолиб кетиш хавфи остида.
Бундан ташқари, Афғонистонни одамлар оммавий тарзда тарк этмоқда. Ўтган 20 йил мобайнида ҳукуматда ёки хорижий ташкилотларда ишлагани учун Толибон репрессиясига йўлиқишидан хавотир олган ўн минглаб афғонистонлик аллақачон Кобулдан қочиб кетган.
Яна кўплаб одам ҳали қочишга муваффақ бўлгани йўқ. Бутун мамлакат бўйлаб айримлар ўз мол-мулкини йўл четида сотишга уринмоқда.
Баъзилар учун асосий масала омон қолиш ва ўз оиласини боқиш учун етарли пул топишдир. Бошқалар эса бор бисотини қўшни Эрон ва Покистонга қочиб ўтиш сарфламоқда.
«Кўпчилик борини сотмоқда», деди Озодлик билан суҳбатда Кобулдаги сотувчилардан бири.
«Одамлар умидсиз. На иш, на пул бор. Одамларнинг бошқа иложи йўқ».
Бу орада Толибон раҳбариятида келишмовчиликлар юзага келгани ҳақидаги хабарлар ўтган ой мобайнида содир бўлган энг муҳим ўзгаришдир. Доҳадаги сиёсий идорани бошқарган Толибон асосчиси Мулла Абдулғани Бародар Толибон кабинетида бош вазир ўринбосари этиб тайинланганидан кейин, бир неча кунга омма назаридан ғойиб бўлгани бу миш-мишларни кучайтирди.
Толибондаги айрим манбаларига кўра, Бародар Кобулдаги президент саройида «Ҳаққоний тармоғи» вакили Ҳалил ур-Раҳмон Ҳаққоний билан жанжаллашган. Ал-Раҳмон Толибоннинг қочқинлар вазири этиб тайинланган эди.
Бу ҳисоботлар Толибон етакчилик кенгашидаги қандаҳорликлар фракция ҳамда шарқда жойлашган ҳудудларни назорат қилувчи «Ҳаққоний тармоғи» ўртасида зиддият пайдо бўлганидан далолат беради.
Толибон фақат ҳаракатнинг эски аъзоларидан иборат ҳукуматни эълон қилди. Дарҳақиқат, таҳлилчилар жангари гуруҳ Афғонистоннинг турли этник ва диний жамоаларини ўзида жамлаган «инклюзив ҳукумат» тузиш ҳақидаги ваъдалари қуруқ сўз эканини башорат қилган эди.
Вазирлар маҳкамасига тайинланган 33 шахснинг 30 нафари пуштундир. Икки этник тожик бир нафар этник ўзбек вазир бор. Аёллар, шиа, ҳазара, балуж, туркман ёки мусулмон бўлмаган озчилик гуруҳлари вакиллари йўқ.
Қароргоҳи Кобулда жойлашган «Афғонистон таҳлил тармоғи» маркази мутахассиси Али Одилий:
«Бу этник жиҳатдан яхлит, «муллакратик» ҳукумат», деди.
Толибон ағдарилган ҳукумати таркибида бўлган Аёллар ишлари бўлимини тугатди.
Кобул турғунлари Озодлик билан суҳбатда айни дамда кўплаб афғон аёллари иқтисодий ва ижтимоий аҳволи, хавфсизлиги ва келажаги ҳақида пессимистик фикрда эканини сўзлаб бердилар.