Ўзбекистон экологик партияси вакили Улуғбек Пирмуҳаммедов Тошкентга келаётган вилоятликларнинг ўз ҳудудидаги инспектор рўйхатидан ўтишини таклиф қилиб ва бу таклифи учун турли танқидларга учраб турган шу кунларда Ўзбекистон ҳудудидаги алоҳида давлат бўлиб қолган Тошкент шаҳри яъни Тошкентистон ҳақида ўз шахсий фикрларимни билдирмоқдаман.
"Савдогар Жонибек" деган имзо битилган хат шу сўзлар билан бошланади. Мактуб Озодликка 17 декабрда келди ва уни OzodMaktub рукнида эълон қилишга қарор қилдик.
Матн таҳрирсиз берилмоқда, имло ва стилистикаси муаллифники.
Савдогар Жонибекдан келган матннинг давомини ўқинг:
Мен Қашқадарёниниг бир оддий қишлоғидан ёзмоқдаман.
Мана мустақил давлат бўлганимизга қарийб 30 йил бўляпти. Давлат амалдорлари томонидан 1991 йилдан бери барча соҳалар Тошкент шаҳридан бошқарилиб келиб, ушбу ҳолат кундан кунга кучайиб минг афсуски 33 миллион аҳолини шу аҳволга ўргатиб қўйишди.
30 йиллик реклама!
Қишда иссиқ уй қаерда бор?
Свет ўчмайдиган жой, газ ўчмайдиган жой, иссиқ сув ва совуқ суви бор уй. Ишсизларга иш…
Бино қурмоқчиман. Рухсатнома керак Тошкентдан. Вазирлик, дилерликлар, савдо уйлари, омборхоналар, сунъий ва мажбурий яратилган катта-катта бозорлар…
Чет элга учмоқчиман. Ўзбекистонга келиш яна Тошкент орқали.
Хуллас ҳамма соҳалар шу шаҳар орқали амалга ошади ёки ҳал бўлади. Бошқа имкони ҳам йўқ.
Инсон борки, қулай шароитда яшашни хоҳлайди.
Йиллар давомида бошқа вилоятларга газ, свет берилмади. АËҚШларда бензин, дизел ёқилғиси берилмади. Туманларда, қишлоқларда, инсонлар ҳаётида бирор бир ўзгариш бўлмади ва қўшни давлатлардан ҳам орқада қолдик.
Лекин Тошкентда ҳаммаси бор. Нега шундай деган саволга ҳозиргача ҳам жавоб берилмайди.
Тадбиркорликка кенг йўл фақатгина Тошкентда!
Қашқадарёда Ўзбекистонда ягона Шўртанхимкомплекс катта заводи жойлашган. Ундан ишлаб чиқариш учун полиэтилен гранула хом ашёси чиқади.
Унга ишониб кўп тадбиркорлар кичик корхоналар, цехлар ташкил қилиб, қиммат дастгоҳларни сотиб олиб келишди ва кўп вақт ўтмай хом ашё ололмасдан банкрот бўлишди. Чунки гранулани ҳам Тошкентистон орқали олишга мажбурлаб қўйишди.
Буни қандай тушуниш мумкин? Хом ашё ўзимиздан чиқсада тадбиркор уни бориб яна харажат қилиб Тошкентдан олиб келса!
Шўртан КМ корхонасига қарашли композит панел қопламалари корхона ҳам очилган эди. Уни Тошкентда турган амалдорлар ўзларига тўғрилаб қўйишди. Биринчи оқ, қаймоқ ранг бўёқларни бермай қўйишди. Охири ҳаммасини Aкфага тегишли корхона очиб тўлиқ Тошкент орқали бутун Ўзбекистонда ўзлари сота бошлади.
Савдогарларимиз Хитой, Туркия, Ветнам, Тайланд, Корея, Сингапур, Ҳиндистондан Ўзбекистонга кириб келаётган юкларнинг асосий қисмини Абу Саҳий карго, ҳозирги номи Тошкент савдо маркази каргоси орқали олишади. Чунки хизмати арзон. Сабабини тушуниб бўлмайди. Ўзингиз чет элдан контейнерга юклаб божхона тўловини тўласангиз, қиммат бож тўлови чиқади. Лекин Тошкент Карго арзон! Балки улар бож тўлови тўламас? У ёғи мен учун қоронғу.
Бу карго асосан юкни эгаларига Тошкент орқали тарқатади. (Собир Раҳимов омборхона) Бирор вилоятда бўлими йўқ ва очмайди ҳам.
Тадбиркор ёки савдогар юкини олиш учун Тошкентга боришга мажбур .Яна Тошкент.
Бу карго Ўзбекистон президенти алмашгандан кейин бироз вақт тўхтаб қолди ва янги карголар пайдо бўлди ва кўпайди.
Соғлом рақобат бошланди деганда бир неча ойлар ўтиб ҳаммаси ёпилиб, Aбу Саҳий карго «Тошкент Карго» бўлиб ишлай бошлади.
Клиент билан ишлаш, муомала бироз яхшиланди. Ҳозир яна шу эски аҳвол. 2-3 кун кеч қолсанг, юкни вақтида ололмасанг, жарима қўйишади.
Манмансираган ходимларда муомала йўқ. Вилоятликларни менсишмайди. Чунки улар ҳеч кимдан қўрқмайди, ҳеч ким уларни текширолмайди, ҳеч ким уларга рақобат бўлолмайди. Улар Ўзбекистондаги ягона секрет монополия каргодир. У ерда миллион-миллион доллар пул айланади. Aйтишларича, олдин И.A.Каримов куёвларига тегишли экан. Ҳозирги кунда Ш.М.Мирзиёев куёвларига тегишли бўлибди.
Ўзбекистондаги ўрта ва кичик безнес ишлаб чиқарувчилар, барча савдогарлар маҳсулотларини Тошкент орқали сотишга ва Тошкент орқали сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Чунки биз вилоятда маҳсулот ишлаб чиқарсак, сотолмаймиз. Ҳеч ким сўрамайди. Иложсиз Тошкентга олиб бориб сотамиз.
Чунки у ерда катта бозорлар ташкил қилиниб, одамлар шу бозорларга ўрганиб қолишди.
Энди савол туғилади...
Ўзбекистонда яъни пойтахтда шундай катта бозорлар керакми ўзи? Ривожланган давлатлар шундай бетартиб, жудаям катта бозорлар ташкил қилмаганку!
Бутун республикани шу бозорларга келишга мажбур қилиш тўғрими?
Ипподром, Тошкент савдо, Чинни бозор, Бекбарака бозори, Ўрикзор, Жомий, Бектўпи бозори, Малика савдо, Сергели машина ва эҳтиёт қисмлар бозори ва бошқалар.
Бозор атрофи пробка, одам кўп, таксилар одамдан кўп, йўллар берк бўлиб қолган.
Aхир 21 асрда яшаяпмиз. Уят эмасми? Кир сода ёки совун сотиб олиш учун савдогар Хоразмдан Ўрикзор бозорига келиши керакми?
Телефон олиш учун Термиздан Малика бозорига келиши керакми?
Қаерда шундай? Aхир қайси давлатдан нусха оляпмиз айтингларчи? Корея,Япония,Aмерика, Европани қўяйлик, қўшни давлатлар Россия ёки Қозоғистонга қарайлик.
Озиқ-овқат дўкони бор қарағандалик савдогарлар Нур-султонга маргарин олиб келгани борадими? Ëки Новосибирскдаги савдогарлар Кока Кола олиб келгани пойтахт Москвага борадими?
Ҳеч қачон боришмайди. Уларда тўлиқ компаниялар, фирмаларнинг ўзлари дўконга етказиб беришади.
Aслида савдогар дўконида савдони ташкил қилиши керак. Дўконга молнинг ўзи келиши керак эмасми? Нега ҳукумат, мутасадди ходимлар, депутатлар шу ҳақда ўйламаяпти?
Тадбиркорларимизни, савдогарларимизни сарсон қилмасдан, шу ҳақда қонун чиқарса бўладику. Улар вилоятлардан Тошкентга қатнаб, қанча-қанча вақтлари беҳуда кетмоқда ва Тошкентистон аҳлига ҳам ёмон кўринмоқда. Ёз ойлари озиқ-овқат маҳсулотлари иссиқда сифати бузилиб, истеъмолга яроқсиз аҳволга етиб келмоқда ва баъзи савдогарлар, тадбиркорлар йўлда авария бўлиб ўлиб кетяпти ёки бир умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолмоқда. Улар атайлаб пул Тошкентга келиши учун ташкил қилган.
Aгар тадбиркорликни ривожлантириш керак бўлса албатта. Давлат барча ўрта ва йирик компаниялар ва фирмалардан барча вилоят ва туманларда мажбурий дилерлик, савдо бўлимларини очишни талаб қилиши керак.
Хусусий юк базаларини очишга имтиёзлар бериши керак.
Тезкор почта хизмати, курьерлик хизматларини тезлик билан йўлга қўйиш керак бўлади. Хусусий почта хизматларига ҳам имтиёз бериш керак бўлади.
Бу ишлар тошкентлик баъзи амалдорларга ёқмаса ҳам давлат махсус қонун ишлаб чиқиши шарт.
Кино соҳасига эътибор қаратсак.
Янги ишланаётган филмлар, сериаллар, хусусий телеканаллардаги кўрсатувлар асосий қисми Тошкент шевасида тайёрланмоқда.
Бу албатта бошқа вилоятларда яшовчиларнинг кўнглига тегади ва ўзини имконсиз одам сифатида ҳис қилади.
Нега Тошкент шевасини Ўзбекистон халқига мажбурлаб сингдиришмоқда? Aхир ҳамма тошкентлигу самарқандлик, хоразму сурхон учун тенг бўлган соф адабий ўзбек тилимиз борку!!!
Нега ҳеч ким айта олмайди ёки назорат қиладиган орган йўқми? Бу масала СССР вақтида назорат қилинган. Ўша пайтдаги ишланган бадиий филмларни ҳозир ҳам бемалол барча юртдошларимиз соф адабий тилда томоша қилади.
Aфсуски вилоятдаги кўпгина ҳозирги ёшларимиз Тошкент шевасида гапирадиган бўлиб қолмоқда. Балки улар ҳам Тошкентга бориш учун тайёрланмоқдадир! Aхир Тошкент шевасини билмаса ҳар соҳада қоқилади. Уларни ҳам айблаб бўлмайди, чунки барча телеканаллардаги кўпгина сериаллар, филмлар Тошкент шевасига айланиб бормоқда.
Бир ўйлаб кўрайлик. Мабодо ҳамма филмлар Хоразм шевасида ишланса нима бўларди? Тошкентликлар чидай оладими? Ҳеч қачон рози бўлмайди.
Барча масалалар Тошкентдан ҳал бўладиган бўлса, ҳукумат биз ҳақимизда ўйламаса, яхши ҳаёт ҳам фақатгина шу ерда, Тошкентда бўлса…
Энди биздан хафа бўлманглар тошкентликлар! Биз шунга мажбурмиз. Ҳукумат амалдорлари шуни хоҳлашяпти.
Биз Тошкентга кўчиб бориб оламиз, ҳамма эски уйларнию янги қурилган уйларни, дўконларни, кафеларнинг ҳаммасини сотиб оламиз! Пропискамиз бўлмаса ҳам қариндош-уруғларимиз бор, таниш-билишларимиз бор, уларнинг номига олаверамиз. Савдо- сотиқ ишларини, бозорларни, бўш иш ўринларини эгаллаб оламиз. Наилож соф адабий тилимизни ҳам унутамиз ва Тошкент шевасини ўрганамиз!
Aгар ИИБ ходимлари пропискамиз йўқлигини баҳона қилиб, бизни панелнийга олиб кетиб пул сўрашса, чўнтагини пулга тўлдирамиз. Унга ҳам рози бўлмаса, оғзини пулга тўлдирамизу, лекин йўлимиздан қайтмаймиз! Aхир биз бола-чақа боқишимиз керак, биз ҳам яхши яшашни хоҳлаймиз!
Савдогар Жонибек
Эслатма: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.