Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:18

Боғотни “қамал” қилиб барчани теримга мажбурлаган ҳоким жаримага тортилди


Иллюстрация
Иллюстрация

15 сентябрдан бошлаб тумандаги барча шаҳарча ва қишлоқлар аҳолиси ҳамда корхоналарнинг барча ишчи-хизматчилари ҳоким буйруғи билан пахта теримига сафарбар қилингани ҳақида 20 сентябрь куни Озодлик ëзгани ортидан ҳоким ва яна икки мулозим жаримага тортилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон меҳнат вазирлигининг Телеграм каналида маълум қилинди.

Хабарда айтилишича¸ пахта теримига мажбурлаш ҳолатини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи бошчилигида юборилган ишчи гуруҳ Боғот туманига етиб борган.

Ўрганиш натижасида Боғот туманида ҳақиқатан меҳнат қонунчилиги меъёрлари бузилганлиги аниқланган.

Мехнат вазирлиги ахборотида таъкидланишича¸ Боғот туман ҳокими О.Холбоев, Боғот тумани молия бўлими бошлиғи Ж.Рўзметов ҳамда Боғот тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Авезовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан 2 230 000 сўмдан 6 690 000 сўмгача, жами 15 610 000 сўм миқдорда жарима тайинланган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу йил қўлда терилган 1 кг пахта учун нархлар оширилиб, биринчи теримда – 800 сўм, иккинчи теримда – 1200 сўм тўланиши белгиланини эслатиб ўтган.

Вазирлик фикрича. "Теримчилар учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиляпти".

Пахта теримида кўнгилли сифатида қатнашиш истагида бўлган фуқаролар учун terim.uz сайти ишга туширилгани ҳам эслатилган.

Вазирлик эслатмаси: Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қонунга хилофдир! Агар Сизни пахта терими ёки бошқа бирор ишга мажбурлашса ёки шундай ҳолатга дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, dmi.mehnat.uz сайти ёки mehnathuquqbot Телеграм ботига мурожаат қилинг!

Боғот туман ҳокими Ойбек Холбоев
Боғот туман ҳокими Ойбек Холбоев

Қуйида Озодликнинг “Боғот ҳокими туманда қамал ҳолати эълон қилди. Ҳамма пахтада!” сарлавҳаси остидаги мақоласи билан яна бир бор танишишингиз мумкин.

Тумандаги учта йирик саноат корхонаси ва мактаблардан ташқари барча бюджет идораларига терим отрядлари ташкил қилиш буюрилди.

Бу ҳақда Боғот туманида ташкил қилинган терим отрядларидан бири раҳбари 36 яшар Ферузбек Матëқубов Озодликка маълум қилди.

Матёқубовнинг айтишича¸ 19 сентябрь куни туман ҳокими Ойбек Холбоев тумандаги 300 га яқин фермер хўжалиги раҳбарлари¸ 12 худуддаги терим отрядлари учун масъуллар¸ бюджет идоралари раҳбарларини йиғиб мажлис ўтказган.

Озодлик суҳбатлашган, аммо хавфсизлигини таъминлашни ўйлаб, исми айтилишини истамаган фермер икки соат давом этган мажлис аудиосини Озодликка жўнатди.

Аудиодан туман ҳокиминики, деб тушуниладиган овоз эгаси ўта қўпол тарзда бюджет ташкилотлари, хусусан туман молия бўлими бошлиғини кам одамни пахта теримига сафарбар қилгани учун сенсираб ҳақорат қилгани эшитилади:

- Йўқол бу ердан, қорангни кўрмай! Сенга ўхшаган минг молия бор. Менга пахта терадиган молия керак. Сени ишинг ҳал бўлди. Энди учириб юбораман сени. Учасан энди!

Аудиони Озодликка жўнатган фермернинг айтишича, бу гапларни ва шунга ўхшаш барча таҳдидларни айнан туман ҳокими Ойбек Холбоев​ айтган.

Мажлис мобайнида туман ҳокими пахта даласига 150 ўрнига 65 теримчи чиқарган “Ватанпарвар” ташкилоти раҳбарига ҳам таҳдидли дағдаға қилгани аудиоëзувда акс этган:

- Сени олдин мақтагандим. Сен нима қулмисан? Қулни мақтасанг устинга хожатга чиқади дейишади. Нега ташкил қилган пахта отрядингда одам кам? Йўқол бу ердан!

Мажлисда қатнашган фермернинг Озодликка айтишича¸ туман ҳокими ўзидан катталарни ҳам сенсираб гапирган.

Туман қуршаб олинди

Аудиоëзувда туман ҳокими Ойбек Холбоев мажлисда қатнашаëтган туман ИИБ вакилларига пахта терим даврида тумандан ҳеч ким чиқиб кетмаслигини таъминлашни талаб қилади:

- Тумандан чиқиб кетадиган олтита йўл бор. Шу йўллардан дамасларда одамлар чиқиб кетиб турибди деган хабар келди. Терим вақтида ҳеч ким ҳеч ерга чиқмасин! Ҳамма пахтага сафарбар қилинсин! Олтита йўлга ҳам эрталабдан одам қўйинг. Милиса бўлсангиз сиз ҳам ишланг!

Икки соатдан ошиқ аудиоëзувдан аëн бўлишича¸ ой охирига қадар Боғот туманида мутлақ пахта сафарбарлиги жорий қилинади:

- Фақат элатда биров ўлса қисқа муддатга фотиҳага бориб келиш учун рухсат бераман. Тўй сабаб бўла олмайди. Пахтани териб¸ нормани топширган одам соат еттидан кейин тўй ëки бошқа жойга бора олади.

Идоралар ëпиқ, ҳамма пахтада

Боғот туманида ташкил қилинган терим отряди раҳбари Ферузбек Матëқубовнинг айтишича¸ шу кунларда бутун туман бўйлаб мактаблардан ташқари барча бюджет ходимлари пахтага чиқарилгани боис ҳамма ташкилотларнинг эшигига қулф осилган:

- Нима қилиб бўлсанг ҳам терим отрядида одам сонини таъминлайсан деган военний буйруқ бўлди. Гурландан мардикор олиб келиб, пул тўлаб, пахта тердириб қўйибмиз. Кеча мажлисда айтилди. Туманда 11 минг теримчи бор экан. Шунинг ярми четдан ëлланган мардикор.

Милисанинг ўрнига уй бекаси пахта термоқда

Озодлик мухбири билан гаплашган туман молия ташкилоти ходими сафарбарлик кўламини тасвирлади

- Маҳаллаларга режа қўйилди , ёрдам пули, бола пули оладиганлар маҳалланинг ҳисобидан чиқиши шарт. Ўзимнинг ўрнимга одам тутиб қўйибман. Бизнинг кампир, масалан, кунига 50 минг сўмга милисаларни ўрнига чиқиб бошлади, бир икки қўшнилар билан, пахта пулиниям олади ўзини эплаб. Ўн кун учун олдиндан пул берадилар. Маҳалла раислари уйма-уй одамларни пахтага қувиб ëтибди.

Суҳбатдош, шунингдек, ҳоким ўтказган мажлис ярим тунгача давом этаëтгани¸ уйига ярим тунда келиб, яна эрталаб соат 5-6 да терим отрядларини далага чиқаргани боис ¸ ҳам жисмонан¸ ҳам руҳан толиққанидан шикоят қилади:

- Ҳар куни бошимиз мажлисбозликдан чиқмайди. Ëқмаса кетинглар¸ йўқол дейди, чидаб юрибмиз.

Вилоят ҳокимлиги Боғотдаги сафарбарликдан бехабарми?

Озодлик Боғот туманидаги кечки мажлисдаги дағдаға ва туман миқëсидаги пахта сафарбарлиги борасида изоҳ сўраб вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлимига мурожаат қилди. Ўзини таништирмаган мулозим “туман ҳокимига бюджет ҳодимларига пахта тердир деган буйруқ берилмаган” дея гапни калта қилди. Шунингдек, мулозим мажлисбозликни камайтириш ҳақида туман ҳокимларига тавсия берилганини ҳам таъкидлади:

- Ўтган йилнинг 25 августида Бош вазир Абдулла Ниғматович кечки мажлислар қилманг, деб топшириқ берган. Марҳамат орготделга мурожаат қилиб бу топшириқ ижросини текширишингиз мумкин.

Вилоят ҳокимлиги ташкилий бўлими билан боғлана олмадик.

Боғот туман ҳокимлигида 20 сентябрь кечқурун пахта терими масаласида яна бир мажлис борлигини мажлисга чақирилган маҳаллий фермер хабар қилди.

XS
SM
MD
LG