Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:56

Айрим банклар хориж билан пул ўтказмаларини вақтинча тўхтатиб қўйди


Хориждаги аксар ўзбек талабалари ота-онаси жўнатган пул эвазига ўқийди.
Хориждаги аксар ўзбек талабалари ота-онаси жўнатган пул эвазига ўқийди.

Уч кундирки, мамлакатдаги айрим банкларда пул ўтказиш тизими ишламаяпти.

Оқибатда¸ хорижда ўқиётган фарзандларига пул жўната олмаётганлар ёки хорижда ишлаётган оила боқувчисидан пул кутаётганлар мушкул вазиятга тушиб қолган.

Марказий банк мулозими айрим банклардаги пул ўтказмалари билан боғлиқ ҳолатни "техник муаммо" дея изоҳлади.

Тошкентлик Наргиза икки кундан бери эри Америкадан жўнатган пулни банкдан ололмаяпти.

“Икки болам бор. Эрим Калифорнияда ишлайди. Карантин бошланишидан олдин эрим бизга 200 доллар жўнатди. Болам касал бўлиб, бир неча кун банкка бора олмадим. Кеча "Ҳамкорбанк"ка борсам, “переводлар ишламаяпти” деди. Бугун борсам яна шу аҳвол. Уйимиз ёнида бошқа банк йўқ. Биринчидан, карантин сабаб узоқдаги банкларга бора олмайман. Иккинчидан, ёш болаларим билан кўчада юришга қўрқаман, вирус юқиши мумкин. Менга пул жуда зарур. Ўзи эрим иши юришмай, бир ойча пул жўнатмаганди. Ҳозир умуман пулимиз қолмади. Нима қилишимни билмаяпман”.

Россиянинг Уфа шаҳрида ўқиётган термизлик йигитнинг ота-онаси ҳам уч кундирки, ўғлига пул жўната олмаяпти.

Талаба йигитнинг Озодликка айтишича, Термиздаги банклар пул жўнатмаларини қабул қилмаётгани сабаб у пулсиз ўтирибди.

“Уйдагилар душанба куни Термиздаги "Алоқабанк"ка боришган. Банкдагилар “перевод ишламаяпти”, деб қайтариб юборишган. 3 кундан бери Термиздаги бошқа банкларга ҳам кириб чиқишди. Лекин пул жўната олишмаяпти. Ўзбекистондан учта курсдошим бор бу ерда, улар ҳам уйидан пул ололмаяпти. Биттасининг акаси Россияда ишлайди, унга акаси пул жўнатди. Лекин иккаламизнинг ҳеч кимимиз йўқ бу ерда. Майли ҳозир қарз олиб эплармиз. Лекин перевод ишламаса, кейин нима қиламиз?

Озодлик мухбири "Ҳамкорбанк" филиалларидаги телефон қўнғироқларига ҳеч ким жавоб бермагач, банкнинг расмий сайти орқали банк консультантига онлайн мурожаат қилди.

“Хорижга пул жўнатса бўладими?” деган саволимизга "Ҳамкорбанк" консультанти “Афсуски, ҳозирда 31 мартдан бошлаб 6 апрелгача пул ўтказмалари вақтинча тўхтатилган” дея жавоб берди.

"Ҳамкорбанк" консультанти билан онлайн ёзишма скриншоти. 1 апрель 2020 йил
"Ҳамкорбанк" консультанти билан онлайн ёзишма скриншоти. 1 апрель 2020 йил

"Ҳамкорбанк" консультанти қўшимча маълумот учун банкнинг Телеграмдаги саҳифасига киришни маслаҳат берди.

Банкнинг Телеграм саҳифасида ҳам халқаро пул ўтказмалари вақтинча тўхтатилгани эълон қилинган.

Жумладан, "Ҳамкорбанк" 31 март кунги Телеграм постларидан бирида халқаро пул ўтказмалари вақтинча тўхтатилган пайтда, банк офисига ташриф буюрмаган ҳолда, чет элга пул жўнатиш бўйича "лайфхак” ҳақида ёзган.

Озодлик "Алоқабанк"нинг Сурхондарё бўлими билан ҳам боғланиб, пул ўтказмалари борасида сўради.

Банкнинг ўзини таништирмаган ходими Western Union тизими ишлаётгани, бироқ “Золотая корона” тизими билан боғлиқ муаммо борлигини айтди.

“30 мартдан бошлаб “Золотая корона” тизимида узилиш бўляпти. Бу тизим ишламаяпти. Одамларга Western Union тизимини таклиф қилсак, хизмат ҳақи қимматлиги учун хоҳламаяпти. “Золотая корона” қачон ишлашини айта олмайман”.

"Алоқабанк"нинг Тошкентдаги бош офисининг Озодлик боғланган мутахассиси “Золотая корона” тизими нафақат Сурхондарё¸ балки банкнинг барча филиалларида ишламаётганини айтиб, буни техник муаммо дея изоҳлади:

“Алоқабанк" филиалларида “Золотая корона” тизимида узилишлар бўляпти. Банк “Золотая корона” билан тўғридан-тўғри онлайн тарзда ишлайди яъни интеграция қилинган. Агар жойда интернетда муаммо бўлса, тизимда ҳам узилиш бўлади. Ҳозир техникларимиз муаммони ҳал қилиш устида ишлаяпти. Новосибирск билан ҳам боғланишди. Энди бизда ҳам карантин, уларда ҳам. Шунинг учун одам кам. Лекин техникларимиз ваъда беришди: “Бугун обеддан кейин ишга туширамиз”, дейишди. Серверда переустановка қиладиган жойлари бор экан. Шуларни тўғрилашаяпти”.

Марказий банкнинг Озодлик боғланган мулозими ҳам пул ўтказмалари билан боғлиқ муаммоларни “технический сбой” деб атади ва муаммони ҳал қилиш устида ишланаётганини таъкидлади.

"Пул ўтказмалари билан боғлиқ муаммо фақат айрим банкларда мавжуд", деган мулозим қайси банкларда узилиш бўлаётганини очиқламади.

Озодликнинг мобиль мухбири 1 апрель куни Тошкентдаги Ипотека банк, Инфинбанк, Ипакйўли банки ва Капиталбанк билан боғланиб, ушбу банкларда пул ўтказмалари тизими тўла ишлаётганини аниқлади.

Ўзбекистонда пул ўтказмалари билан боғлиқ узилишлар коронавирус пандемиясидан олдин ҳам кузатилган.

XS
SM
MD
LG