Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:15

Путин Федерал Мажлисга конституцияни ўзгартиришни таклиф қилди


Россия президенти Владимир Путин парламент олдида сўзлаган йиллик нутқи давомида парламент ваколатларини ошириш учун конституцияга ўзгартириш киритишга чақирди.

Путин 15 январь куни Федерал Мажлисда сўзлаган нутқида 1993 йилда қабул қилинган конституция ўзгартирилиши керак, деган фикрни билдирди. Хусусан, президент вазирларни ҳамда бош вазирни тайинлаш ҳуқуқи Россия парламентининг қуйи палатаси - Давлат Думасига ўтказилиши кераклигини айтди. Айни дамда уларни президент тайинлайди.

Аммо Путин бир вақтнинг ўзида Россия “кучли президент республикаси” бўлиб қолиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, вазирларни ҳамда бош вазирни ишдан олиш ҳамда мудофаа ва хавфсизлик вазирларини тайинлаш ҳуқуқи президентда қолиши керак.

- Бу чора мамлакатимиз парламентининг роли ва аҳамиятини оширади, - деди Путин.

Президент бу ислоҳотларни жорий қилиш учун референдум ўтказиш лозим бўлишини айтди, аммо бирор сана таклиф қилмади.

Россияда конституцияни ўзгартириш бўйича сўнгги марта 1993 йилда референдум ўтказилган эди.

Шунингдек, Путин президентликка номзодларга қўйиладиган талабларни кучайтиришга чақирди. Унинг таклифига биноан, бўлажак президент мамлакатда камида 25 йил яшаган бўлиши ҳамда хориж фуқаролигига эга бўлмаслиги керак.

Бундан ташқари, президент халқаро қонунлар устидан маҳаллий қонунлар устуворлигини таъминлаш учун конституцияга тегишли ўзгартириш киритишни таклиф қилди.

Путиннинг нутқи Россия Қримни аннексия қилиб, Украина шарқида айирмачиларни қўллаётгани ҳамда АҚШ сайловларига аралашгани учун Ғарб давлатлари мамлакатга қарши санкция жорий қилган бир пайтга тўғри келди.

Иқтисодчилар Россияга қарши жорий қилинган санкциялар мамлакат иқтисодий ўсишини секинлатгани айтишмоқда. Хусусан, санкциялар туфайли мамлакатда камбағаллик ошиб бормоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида жорий ҳукуматдан норозилик кучаймоқда. Ўтган йилнинг ёзида пойтахт Москвада ва бошқа шаҳарларда кенг кўламли аксилҳукумат норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

67 ёшга тўлган Путин Россия сиёсатида сўнгги йигирма йил давомида энг муҳим шахс бўлиб келади. 2018 йилда Путин олти йиллик муддатга қайта сайланди. Жорий қонунларга биноан 2024 йилда у президентликни тарк этиши керак, чунки бир шахс кўпи билан қаторасига икки муддатга сайланиши мумкин.

Путин ҳар йили уч марта миллий аудитория олдида чиқиш қилади. Федерал Мажлис олдидаги нутқдан ташқари президент ҳар йили савол-жавоб сессиясини ҳамда йиллик матбуот анжуманини ўтказади.

Путун бугун “Манеж” марказий кўргазма залида сўзлаган нутқини ҳукумат расмийлари, суд тизими вакиллари, губернаторлар ҳамда сиёсий элитанинг бошқа аъзолари тинглади.

Путин Россия аҳолисининг озайиб бораётгани мамлакат келажагига тўғридан-тўғри таҳдид солишини айтиб, туғишлар сонини ошириш ҳамда янги оилаларни қўллаб-қувватлаш учун расмийлар кўпроқ чора кўриши кераклигини таъкидлади.

Президентнинг сўзларига кўра, қисқариб бораётган маошлар аҳоли сони ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Айни дамда Россия аҳолиси 147 миллион кишини ташкил қилади

- Мамлакат дучор бўлаётган кенг кўламли ижтимоий, иқтисодий ҳамда технологик қийинчиликларни бартараф этиш учун тезроқ натижа кўрсатишимиз керак, - деди Путин.

- Жамиятимиз ўзгаришларни талаб қилаётгани ҳаммамизга аён. Одамлар тараққиёт истайдилар ва ҳунар, илм-фан ҳамда турмуш соҳаларида олға қадам ташлаш учун курашяптилар, - дея қўшимча қилди президенти.

Нутқи давомида Путин Россия ҳарбий салоҳиятини мақтаб ўтди. Президент Россия глобал қурол-аслаҳа пойгасида етакчилик қилаётганини иддао қилди.

XS
SM
MD
LG