Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:49

Расмий Бишкек Туркия Қирғизистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишини билдирди


Президент Садир Жапаров Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Анқарада 9 июнда учрашди.
Президент Садир Жапаров Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Анқарада 9 июнда учрашди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Анқарага сафари доирасида Туркия Қирғизистонга харбий-техник ёрдам кўрсатадиган бўлди. Қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган можародан кейин қирғиз жамоатчилиги ҳукуматни Туркиядан ҳарбий ёрдам сўрашга чақирганди.

Қирғизистон Ташқи Ишлар вазири Руслан Қазақпаевнинг айтишича, Қирғизистон билан Туркия стратегик ҳамкорилик кенгашининг бешинчи йиғинида соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалик, маданият, спорт, ёшлар сиёсати ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳалқаро даражадаги саккизта ҳужжат имзоланган.

“Президентлар Садир Жапаров билан Ражаб Тоййиб Эрдўғон яна бир муҳим масалани —визасиз режим муддатини узайтиришни ҳам муҳокама қилди. Учрашувда бундан ташқари ҳарбий-техник ҳамкорлик масаласида ҳам сўз бўлди. Турк томони Қирғизистон Мудофаа вазирлигига грант асосида харбий-техник ёрдам кўрсатиш истагини билдирди”,- деди Қирғизистон Ташқи Ишлар вазири Руслан Қазақпаев.

Айни пайтда Анқара томондан берилиши кутилаётган ҳарбий-техник ёрдам ҳажми ҳақида аниқ маълумот берилмади.

Қирғизистон ва Туркия ўртасидаги 30 йиллик дипломатик алоқада Анқара иқтисодий жиҳатдан кучли ҳамкор сифатида Бишкекка турли йўналишларда қўллов кўрсатиб келган. Бунинг ичида тилга олинган ҳарбий-техник соҳада ҳам аввалдан ёрдамлар кўрсатиб келган.

Масалан, 2018 йилга қадар Туркия Қирғизистонга йилига 1 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатган бўлса, 2019 йилдан бошлаб бу кўмак миқдори 2 миллион долларга етказилган.

Түркиялик таҳлилчи Сердар Йилмаз Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида:

“Икки давлатнинг ҳарбий жиҳатдан ҳамкорлик қила олиши аниқ. Бундай ҳамкорликнинг ижобий намунасини Қозоғистонда кўряпмиз. Туркия 2013 йили Қозоғистонга “Аселсан” фабрикасини очди. “Аселсан” – Туркиянинг қурол-яроқ, ўқ-дори чиқарган миллий ширкати. Шундай фабрикани биз Қирғизистонда, Садир Жапаров кўрсатган ерга оча оламиз. Биз узоқ йиллардан бери Қирғизистонга ҳарбий жиҳатдан ёрдам кўрсатиб келяпмиз. Баъзи қирғиз аскарлари Туркияда машғулотлардан ўтиб келишяпти”, - деди турк таҳлилчиси.

Туркия ўзи ишлаб чиқаётган қурол ва техникаларни бир неча давлатларга сотади ёки ёрдам сифатида бериб келади.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги сўнгги, Қорабоғ жанжалида ҳам Анқара Бокуга ёрдам кўрсатгани кўпчиликка маълум.

Айтиш жойизки, шу йилнинг май ойи охирлари ва май ойи бошларида қирғиз-тожик чегарасида кузатилган можародан кейин Қирғизистондаги бир қатор экспертлар расмий Бишкекни Анқарадан ҳарбий ёрдам олишга чақириб келган.

Бироқ Қирғизистон собиқ мудофаа вазири Абибилла Қудайбердиев, Қирғизистон ҳарбий ёрдамни бошқа мамлакатлардан ҳам олганини айтар экан, бу борадаги Туркия билан ҳамкорликни Тожикистон билан можарога боғлаш нотўғрилигини айтади.

Туркиянинг ҳарбий-техник ёрдами борасидаги маълумот ҳозирча фақат расмий Бишкек томонидан айтилди. Туркия ҳукумати ва дипломатик идоралари бу борадаги позициясини эълон қилганича йўқ. Бу борадаги ҳамкорлик деталлари бошқа форматдаги музокаралардан кейин маълум бўлиши мумкин.

Айтиш жоизки, Қирғизистон-Тожикистон ўртасидаги сўнгги можародан кейин ҳар икки давлат ташқаридан ҳарбий ёрдам олиши борасида маълумотлар пайдо бўлаяпти. Аввалроқ, Қозоғистон Тожикистонга беминнат ҳарбий ёрдам бермоқчилиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Қозоғистон ҳукумати ва Тожикистон ҳукумати ўртасида имзоланган беминнат ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини билдирди.

Мудофаа вазирлиги расмий билдирувида таъкидланишича, икки давлат ўртасида мазкур шартнома жорий йилнинг 17 апрелида имзоланган.

Шартномага асосан Қозоғистон Тожикистонга 5,45 миллиметр калибридаги уч миллионга яқин ўқни, 23 миллиметр калибридаги 20 мингта ўқни ва минемёт учун 10 мингта 82 миллиметр калибридаги ўқ-дорини беминнат ёрдам сифатида туҳфа қилади.

Бу ҳарбий ёрдамни Қозоғистон ўз маблағи ҳисобига темир йўл орқали Жамбил вилоятининг Ўтар станциясидан Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги Рохати станциясигача етказиб беради.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги ҳудди шунга ўхшаш шартнома жорий йилнинг 2 мартида Қирғизистон ҳукумати билан ҳам имзоланганини билдирган.

Мудофаа вазирлиги баёнотида мазкур икки давлатга кўрсатилаётган беминнат ҳарбий ёрдам Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара низоларининг ривожланишига кўмаклашиш мақсадида амалга оширилмаётгани алоҳида таъкидланади.

28,29,30 апрель ва 1 май кунлари қирғиз-тожик чегарасида содир этилган тўқнашувда Қирғизистон томонидан 36 киши ҳалок бўлиб, 154 киши жароҳат олган, Тожикистон томонидан эса 19 киши нобуд бўлиб, 87 киши яраланган эди.

Можарода икки мамлакат вакиллари бир-бирларини айблаб чиққанлар, Қирғизистон билан Тожикистон прокуратура идоралари эса бир-бирларининг фуқароларига қарши оғир моддалар бўйича жиноят ишлари очишган.

XS
SM
MD
LG