Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:33

Россия ва Украина ўртасида уруш бошланмоқдами? Олти саволга олти жавоб


Украина армиясининг ҳарбий ўқув машғулоти.
Украина армиясининг ҳарбий ўқув машғулоти.

Ижтимоий тармоқларда улашилган бир неча видеода Россиянинг оғир ҳарбий техника ортилган колонналари Сибирдан Украина билан чегарадош ҳудудларга кетаётгани акс этгани айтилмоқда.

Россияни ишғол этилган Қрим ярим ороли билан боғловчи Керчь бўғози устидаги кўприк қисқа вақтга ёпилди.

Хабарларга кўра, бундан кўзланган мақсад – кўприк орқали қурол-аслаҳа ташиб ўтишдир.

Бу орада Украина шарқида Киев кучларини Россия дастаклаб келаётган айирмачилардан ажратиб тутувчи назорат чизиғида отишмалар кўпайди. Россия давлат телевидениеси таҳдид оҳангига ўтди.

Хўш, Украина ва Россия ўртасида “совуқ уруш” аланга олиш арафасидами? Қуйида икки мамлакат ўртасида танглик кучайишига доир олти саволга жавоблар билан танишишингиз мумкин.

Шундоқ ҳам уруш бўлаётган эмасмиди?

Ҳа, шусиз ҳам уруш давом этаётган эди. Украинанинг Донбасс номи билан танилган шарқий минтақасидаги зиддият етти йил олдин апрель ойида бошланган. Сулҳ битимларига қарамай, можаро бутунлай ҳал бўлмади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, тўқнашувларда 2014 йил апрелдан бери 13 минг дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 1 миллиондан зиёд аҳоли ўз уйини тарк этган.

Кенг миқёсли жангларнинг сўнггиси 2017 йилнинг январь ойида Авдеевка шаҳрида рўй берди. Шундай бўлса-да, снайпер ҳужуми ва миномёт отишмалари мунтазам равишда кузатилади. Донецк шаҳри шимолидаги Шуми яқинида 26 март куни ана шундай шиддатли отишма содир бўлди.

Расмий Киевга кўра, 2020 йил бошидан буён 70 дан ортиқ украиналик ҳарбий ҳалок бўлган, бир неча юз киши яраланган.

Россия март охиридан бошлаб Украина билан чегарага яқин ҳудудда ҳамда Қримда қўшин тўплай бошлади. Бу ҳолат Ғарб давлатларининг хавотирига сабаб бўлмоқда. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Россия Қримни 2014 йил март ойида халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда аннексия қилган.

Нега бунча кўп қурол-аслаҳа кўчирилмоқда?

Сўнгги икки ҳафта ичида Россия қуролли бўлинмалари Украина билан чегарага ёки чегарадош ҳудудларга ҳамда Қрим томон йирик юриш бошлаганини кўрсатадиган маълумотлар, фотосурат ва видеоматериаллар кўпайди.

Тадқиқотчилар, журналистлар ва экспертлар тасвирлар геолокациясини аниқлаш орқали Кремлнинг ниятига ўрганишга киришди.

Аксар таҳлилчиларга кўра, бу Кремлнинг шунчаки Киевни қўрқитиш ҳамда Ғарбга Россия кўплаб аскарни сафарбар қила олишини кўрсатишга қаратилган куч-қудрат намойишидир.

Москва Карнеги маркази ходими Максим Саморуков 5 апрель куни чоп этилган мақоласида “Қўшинлар манфурлик билан кўчирилаётгани Россия тезкор ғалаба ҳақида ўйлаётганини эмас, балки қудратини кўз-кўз қилаётганини англатади”, – деб ёзди.

Кузатувчилар, шунингдек, Россия ўтмишда мунтазам равишда ҳарбий машғулот ўтказиш мақсадида босқинчиликсиз йирик сонли қўшинларни кўчирганини таъкидламоқда. Аммо баъзи таҳлилчилар бу сафарги ҳарбий ҳаракатлар умуман бошқача эканига эътибор қаратмоқда.

Кремль нима деяпти?

Россия деярли ҳеч нима демаяпти. Бошқача қилиб айтганда, бирон тайин гап айтгани йўқ.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ўтган ҳафта журналистларнинг қўшин ҳаракати ҳақидаги саволларига жавоб бермади. Песков қўрқадиган ҳеч нарса йўқлиги, ўз чегаралари ичида қуролли бўлинмаларни бир ердан иккинчисига кўчириши Россиянинг мутлақ ички иши эканини айтиш билан чекланди.

Аммо Қрим ҳақида гап кетар экан, Киев ва деярли бутун дунё бундай изоҳни қабул қилмайди. Чунки улар Москванинг Қримга даъвосини тан олмайди.

Бу орада Россиянинг Донбасс ва Шимолий Кавказ билан чегарадош ҳудудлари учун масъул бўлган Жанубий ҳарбий округи йиллик ҳозирлик текширувини ўтказилаётганини эълон қилди. Қўмондонликка кўра, 29 мартдан 30 апрелгача қатор машғулотлар ҳам ўтказилади. Жанубий ҳарбий округ Россиянинг Қрим бўйича ҳарбий қўмондонлигини ҳам назорат қилади.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу эса масалага ойдинлик киритиш ўрнига янада кўпроқ савол туғилишига сабабчи бўлди. 25 март куни Шойгу Псков шаҳрида жойлашган десантчилар бўлими ҳамда 56-ҳаво ҳужуми бригадаси қайта ташкил этилиши ва Қримдаги Феодосия портига жойлаштирилишини эълон қилди. Бунинг ортидан Керчь бўғозидаги кўприкнинг ёпилиши тегишли ускуналарни ташиш билан боғлиқ экани хабар қилинди.

Россия мунтазам равишда минглаб қўшин ва ўнлаб бўлинмалар иштирокида йирик ўқув машғулотларини ўтказиб турса-да, баъзи кузатувчиларнинг айтишича, бу сафар кўчирилаётган техника кўлами одатдагидан анча каттадир.

6 апрель куни Шойгу бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий округларда кенг кўламли машғулотлар ўтказилишини эълон қилди.

Сулҳ имзоланмаганмиди?

Украина шарқида тинчлик ўрнатиш бўйича имзоланган ва тез-тез бузиладиган сулҳ Минск келишувларга бориб тақалади. Битим икки қисмдан иборат бўлиб, иккинчи қисм 2015 йил февраль ойида Украина ва Россия томонидан, шунингдек, Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларининг бир қисмини эгаллаб олган россияпараст айирмачилар томонидан имзоланган. Шунингдек, битимни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) тасдиқлаган.

Россия Украина билан чегарадош ҳудудларга қўшин тўплай бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:36 0:00

Бундан ташқари, можарони тугатишга уринаётган Россия, Украина, Франция ва Германиядан ташкил топган гуруҳ – Нормандия формати мавжуд. Россия Украинанинг шарқий қисмидаги жангариларни дастаклаётгани ва молиялаштираётгани, Украинанинг ички сиёсати, Германия билан Франция Москвага қарши кескин жавоб қайтариш ҳамда Киевга ёрдам кўрсатиш борасида қатъий қарорга келолмаётгани туфайли Донбассда тинчлик ўрнатиш мушкул бўлиб қолмоқда.

Германия ташқи ишлар вазирлиги 3 апрель куни баёнот эълон қилиб, юзага келган кескинликни тугатишга чорлади. Баёнотда “барча томонлар” жумласи ишлатилгани танқидга учради. Таҳлилчиларга кўра, бу истилоҳ Россия қўшини тажовузкор ҳаракатларини Украинанинг Донбассдаги мудофаа позициясига тенглаштиришни англатади.

Айни дамда Украина Россия каби кенг кўламда ҳарбий техникасини кўчираётганини кўрсатувчи далил мавжуд эмас. Бундан ташқари, Россиядан фарқли ўлароқ, Украина фақат ўз ҳудудида ичида ҳарбийларини сафарбар қилиб келади.
Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватламоқда. Аммо блокнинг бош дипломати Жозеп Боррель жорий йил февралида Москвага сафари давомида таҳқирланган эди.

Шунга кўра айрим кузатувчилар Брюссель бу масалада Россияга катта таъсир ўтказа олмаслигини айтмоқда.

Таҳлилчи Марк Галеотти BNEIntellinews сайти учун ёзган мақоласида Москва Ғарбга Украина қанчалик кўп қўллаб-қувватланса, ўз ваъдаларини бажаришга мажбур бўлишини тушунтиришга уринмоқда, деб ёзди.

“Кремлнинг Европа буни истамаслигиги ишончи комил”, – дейди Россия ҳақида бир неча китоб ёзган мутахассис Галеотти.

Америка қандай ҳаракат қилади?

Кузатувчилар Россиянинг ушбу ҳаракатлари АҚШ, хусусан, президент Жо Байден учун синов эканини айтишмоқда. Байден Украинанинг узоқ йиллик ва энг ишончли тарафдорларидан биридир.

Вашингтон Россия Қримни босиб олиши ортидан Москвага қарши санкция жорий қилди. Собиқ президент Дональд Трамп Россия билан алоқаларни тиклашга уринган бўлса-да, бу санкцияларни бекор қилмади.

Байден маъмурияти Россияга қарши қатъий сиёсат олиб бориш ниятини изҳор қилган.

“Россиядан ушбу провокацияларга изоҳ сўрадик”, – деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Принс 5 апрель куни.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний заҳарланиши ва қамоққа ташланиши ортидан Байден маъмурияти Москвага қарши иқтисодий санкцияларни жорий этди. Шунингдек, Оқ уй Америкадаги идораларга қилинган йирик киберҳужумга жавобан Россияга қарши чора кўрилишини маълум қилди. Вашингтонга кўра, АҚШдаги давлат ва хусусий компаниялар тармоқларига қилинган ҳакерлик ҳужуми Россия томонидан амалга оширилган.

2 апрель куни Байден Украина президенти Володимир Зеленский билан суҳбатлашиб, Вашингтон Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини Россия тажовузидан ҳимоя қилишда давом этишини айтди.

Европа Иттифоқи Украинага янада самарали ва коррупциядан холи ҳукуматни қуришда ёрдам бериш учун юз миллионлаб евро ёрдам пулини ажратган бўлса, АҚШ украин кучларини тренинг ва қурол-яроғ, жумладан, танкка қарши ракеталар, тунда кўриш кўзойнаклари ва радарлар билан таъминлади. Март ойи бошида АҚШ мудофаа вазирлиги Украинага қиймати 125 миллион долларга тенг ҳарбий ёрдам ажратилиши ҳақида эълон қилди.

Кремль Украинанинг НАТОга қўшилишига кескин қарши. Киевнинг альянсга аъзо бўлиш истиқбол ҳали узоқ бўлиб туюлса-да, Зеленский бу ҳақда баёнот беришда давом этмоқда.

“Биз ўз армиямиз ва мудофаа секторимизни ислоҳ қилишга содиқмиз, аммо фақат ислоҳотлар билан Россияни тўхтатиб бўлмайди», – деб ёзди у Twitter платформасида НАТО бош котиби билан учрашувидан кейин.

“НАТОга аъзолик – Донбассдаги урушни тўхтатишнинг ягона йўли”, – дея хулоса қилди Украина президенти.

Россиянинг якуний мақсади нима?

Кремль йирик ҳарбий машқлар ўтказиш ва жанговар бригадаларни кўчириш орқали қандай мақсадларни кўзлаётгани Вашингтон, Киев ёки бошқа Ғарб давлатларига қоронғи.

Бунга жавоб излаш учун Россия ўз биқинидаги бошқа можароларни қандай ҳал қилганини таҳлил қилиш мумкин. Бу каби “музлатилган” зиддиятлар Совет Иттифоқи қулаганидан бери бир неча жойда, жумладан, Грузиянинг айирмачи Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудларида ҳамда Молдованинг Приднестровье ҳудудларида юзага келтирилган.

Ушбу ҳудудларнинг барчасида Россия ҳарбийлари тинчликпарвар кучлар сифатида ёки тўлиқ гарнизон қисмлари сифатида жойлаштирилган. Аммо БМТ ёки ЕХҲТ розилигисиз киритилган ҳарбийлар вазиятни Москва фойдасига беқарорлаштириб келади.

Донбассга ЕХҲТ қўллови билан халқаро тинчликпарвар кучларни юбориш масаласи олдинроқ муҳокама қилинган. Бироқ ушбу таклифлар тарафлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли рўёбга чиқмади.

Кўплаб кузатувчиларнинг фикрича, Россия яқин орада кенг кўламли уруш бошлаши ёки Украинанинг янада кўпроқ ҳудудини эгаллашга уриниши эҳтимоли паст. “Chatham House” тадқиқот марказининг Россия дастури собиқ раҳбари Жеймс Шеррнинг тахминича, Москванинг якуний истаги Украина ҳудудида Россия тинчликпарвар кучларини жойлаштириш бўлиши мумкин.

“Россиянинг “тинчликпарвар” кучлари ҳозирги демаркация чизиғига жойлаштирилишига етаклайдиган драматик ва ҳалокатли маҳаллий эскалация энг ҳақиқатга яқин вариант бўлса ажаб эмас”, – деб хулоса қилади Ж.Шерр Эстония Халқаро мудофаа ва хавфсизлик маркази учун ёзган мақоласида.

XS
SM
MD
LG