Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:36

Москва суди муҳожирнинг боласи мактабга қабул қилинмаганини ноқонуний деб топди


Москва суди шаҳар Таълим департаменти зиммасига ўзбекистонлик Каримовлар оиласи фарзандини ўқишга жойлаштириш мажбуриятини юклади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи "Гражданское содействие" ташкилоти фаоллари фикрича, суднинг бу қарори Россияда фарзандларини ўқишга жойлаштира олмаётган кўплаб муҳожирлар учун ўта аҳамиятлидир.

16 июль куни Москва шаҳар суди Ўзбекистон граждани Баҳодир Каримовнинг Москва Таълим департаменти устидан берган кассация шикоятини кўриб чиқди.

Унда суд ўзбек муҳожирининг вояга етмаган фарзандини ўқишга қабул қилиш масаласини пайсалга солган Департамент ҳатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топди ва ишни қайта кўриб чиқиш учун қуйи маъмурий суд инстанциясига қайтарди.

Судда Ўзбекистон ватандоши ҳуқуқларини “Гражданское содействие” юристи Мария Красова ҳимоя қилди.

Баҳодир Каримов 2018 йилнинг февралида 16 яшар ўғлини Москвадаги 1359- мактабнинг 9- синфига жойлаштириш учун ҳужжат топшириб, рад жавобини олган эди.

Мактаб маъмурияти ўзининг рад жавобини “Таълим тўғрисидаги қонун фақат Россия гражданлари учун ёзилган”, дея изоҳлаган.

“Гражданское содействие” юристи Мария Красованинг фикрича, Москванинг кўплаб мактабларида маъмурият мигрант болаларни ўқишга қабул қилмаслик учун турли баҳоналарни излаб топмоқда:

- Аслида биз доимо бундай масалада бир хилдаги муаммога учраяпмиз: мактабда муҳожирдан 3- шакл ёки 8- шаклдаги маълумотнома талаб қилишади. Бу доимий ёки вақтинчалик яшаш жойи бўйича регистрация тўғрисидаги ҳужжатлардир. Аммо бу маълумотномалар фақат Россия гражданларига берилади. Бироқ, Россияда “Таълим тўғрисида”ги жуда яхши қонун бор! Унда аниқ-тиниқ белгиланган: болани ўқишга қабул қилмасликка фақат бир - бу мактабда бўш жойлар йўқлиги сабаб бўлиши мумкин. Регистрация тўғрисидаги ҳужжат фақат 1- синфга бораётган болалардан талаб қилинади. Ҳатто шу вазиятда ҳам у тақдим этилиши шарт бўлмаган ҳужжатдир!

Красованинг айтишича, Каримов тақдим этган ҳужжатларни кўриб чиққан мактаб маъмурияти унинг ётоқхонадан берилган регистрация ҳужжатига шубҳа билдирган ва шу баҳонада “мактабга қабул қилмаймиз”, деган.

“Улар ҳатто боланинг рус тилини аъло даражада билиши, яхши ўқиши ва Россияда олимпиадалар ғолиби эканини инобатга олишгани йўқ”, дер экан, Мария яна бундай деди:

“Регистрациянгиз ғалатироқ экан, ётоқхонада ҳам қайдга туриш мумкинми?! Биз сизнинг болангизни қабул қилмоқчи эмасмиз”, дебди. Судда эса мутлақо бошқа важларни келтира бошлади. Аслида бола ўзбек бўлгани учунгина директор мактабга қабул қилишни истамаётган эди! Бошқа сабаблар йўқ.

Биз аввалига Таълим департаменти ва мактаб устидан туман судига, кейин шаҳар судига бордик – иккалови ҳам бизга рад жавобини берди. Ниҳоят, кассация шикояти асосида суд Президиуми қарор чиқарди. Суд нафақат бизнинг талабларимизни қондирди, балки “Таълим департаменти одамларни мазах қилаяпти” деган гапларни гапирди. Улар айнан таълим муассасалари айби билан кўплаб болалар таълим-тарбиясиз қолиб кетаётганига урғу берди!"- деди Мосгорсуд қароридан мамнунлигини билдирган Мария Красова.

Суҳбатдош бундан бир неча кун олдин бошқа бир ўзбекистонлик меҳнат муҳожири фарзандини ҳам ўқишга қабул қилишмаганини эслади. Унинг айтишича, мактаб директори билан шахсан гаплашиб, судга ва тегишли идораларга мурожаат қилишини айтиб, қўрқитганидан кейингина мигрант бола ўқишга қабул қилинган.

“Гражданское содействие” юристи фикрича, айниқса, Москва мактабларида хориж гражданлари фарзандларига ўқишни тақиқлаш ҳолатлари кўп учрайди.

Суднинг бу қарори аҳамияти борасида сўзлаган Мария Красова бундан буён Россия мактаблари ва таълим департаментлари муҳожирлар фарзандларини ўқишга қабул қилмаслик учун турли баҳоналар қила олмаслигини билдирди.

Бундан буён агарда мактаб тўлиб қолган бўлса, Департамент муҳожирнинг боласини бошқа таълим муассасасига ўзи жойлаштириши шарт!”- дея хулоса қилди москвалик ҳимоячи.

Айни пайтда, Москвада сувоқчилик қилаётган Аҳрорбек бир неча йил олдин Россияга оиласини ҳам олиб келган. У ўтган йили қизини мактабга жойлаштира олмагани гапирар экан, 2019 ўқув йилига ҳужжат йиғиш машаққатлари тўғрисида Озодликка буларни сўзлади:

- Бу йил қизимни биринчи синфга олиб борган эдим, мактабда “Портал орқали қабул қилинади. СНИЛС (Страховой номер индивидуального лицевого счёта - таҳр.) олиб келасизлар”, деди. Одинцовонинг бир чеккасида экан идораси - улар эса биздан паспорт таржимасини сўради, қизчани ва онасиникини. Уни қилиб келсам, регистрация сўради. Қизчани регистрацияси энди 10 кун ичида тайёр бўлар экан. Яна қолди кейинга – оладими, йўқми уни, билмадим.... Каттасида ҳам шундай муаммолар бўлган. Болаларни ўқишга шундоқ қабул қилса бўладику – СНИЛС, прописка, “у ёққа бор-бу ёққа бор” дейишни нима кераги бор?! Документ орқасидан югуриш жонга тегди. Документларни қилолмасдан, боласини уйда сақлаб ўтирганлар ҳам кўп! Ахир, ким боласи ўқишини истамайди – масалан, мен ўғилларим сувоқчи бўлишини истамайман, деди Аҳрорбек.

Озодлик Россия шаҳарларида меҳнат муҳожирлари ўз фарзандларини мактабга жойлаштиришда муаммоларга дуч келаётгани борасида олдин ҳам хабар берган.

Россия миграция идораси 2016 йилда мамлакатда 800 мингдан ортиқ 17 ёшгача бўлган хорижийлар ҳисобда туришини маълум қилган. Бугунга келиб Россияда яшаётган ўзбекистонлик муҳожирлар фарзандлари сонига оид бирор аниқ маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG