Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:49

Россия патенти 15.06 да тугайдиган мигрантларга қўшимча 3 ой беряпти. Фаоллар ҳаммага берилишини талаб қиляпти (ВИДЕО)


Полиция рейди
Полиция рейди

Россия Ички ишлар вазирлиги меҳнат муҳожирлари ишчи патентлари яроқлилик муддати автоматик тарзда 93 кунга узайтирилганига оид Россия президентининг 18 апрелда имзолаган қарорига изоҳ берди. Вазирликка кўра, бу чора патенти муҳлати 2020 йилнинг 15 мартидан 15 июни оралиғида тугайдиганларга нисбатан қўлланилади.

Россия Ички ишлар вазирлиги ишга рухсатнома муддатини узайтириш учун қўшимча тўлов тўлашнинг ҳожати йўқлигини билдирди.

Айни пайтда мигрантлар масалалари билан шуғулланувчи жамоат ташкилотлари "Патентсиз Ёз" акциясини бошлаб юборди. Улар патент муддати қачон тугашидан қатьиназар барча меҳнат муҳожирларини патент тўловларидан озод қилишни сўрамоқда.

Россия ИИВи Путин қарорига изоҳ берди

Россия Ички ишлар вазирлиги президент Владимир Путиннинг коронавирус пандемияси даврида хориж гражданларининг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солувчи қарорига қўшимча изоҳ берди.

Президентнинг 274-сонли “Россия Федерациясида янги коронавирус инфекциясининг (COVID-19) тарқалиш таҳдиди билан боғлиқ хориж гражданлари ва гражданлиги йўқ шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солишга доир вақтинчалик чоралар тўғрисида”ги қарори 2020 йилнинг 18 апрелда имзолаган эди.

"Агарда патент муҳлати 2020 йилнинг 15 мартидан 15 июни оралиғида якунланадиган бўлса, у автоматик тарзда 93 кунга узайтирилади. Патент муҳлатини узайтириш учун бирор қўшимча тўлов амалга оширишнинг ҳожати йўқ. Иш берувчиларнинг хориж гражданларидан ишга рухсатнома учун аванс тўловларини амалга ошириш талаблари асоссиздир", дейилади расмий хабарномада.

Ички ишлар вазирлиги хабарида патентга эга бўлмаган хорижликларга кўрсатилган муддат давомида меҳнат фаолияти билан шуғулланишига рухсат берилганини ҳам эслатиб ўтди.

Бундай изоҳнинг пайдо бўлишига айрим россиялик иш берувчиларнинг аванс тўлови ўтказилган ишга рухсатномаларни талаб қилаётгани, сабаб бўлгани айтилмоқда.

Шу йилнинг 18 апрелида Россия президенти хориж гражданларига берилган ишга рухсатнома, регистрация, визалар муддатини автоматик тарзда 15 июнгача узайтириш тўғрисидаги қарорга имзо чеккан эди.

Қарорда барча бошқа миграция ҳужжатларининг амал қилиш муддати ҳам 15 июнгача музлатилгани айтилади.

Озодлик ҳатто Россия полицияси ходимларининг ҳам кўча-куйда ушланган меҳнат муҳожирларидан пули тўланган ишга рухсатномаларни талаб қилаётгани ҳолатлари тўғрисида хабарларни олаётган эди.

Озодликнинг Москвадаги тингловчиларидан бири юборган видеода Москва метросида марказий осиёликдан ҳужжатларини талаб қилаётган полиция ходимлари на Москва мэри Сергей Собянин, на Владимир Путин қарори тўғрисида хабари борлигини билдиради ва муҳожирни кейинги текширишлар учун полиция бўлинмасига олиб кириб кетади.

Патент тўловлари ва бошқа миграция ҳужжатлари масаласида ҳатто соҳа юристлари ва мутахассислари орасидаги тушунмовчилик ва келишмовчилик меҳнат муҳожирларини саросимага солиб қўйди.

Водийлик Илҳом Ҳайиткулов 28 мартдан буён давом этаётган “изоляция режими” давомида ишсизликдан қийналиб кетганини Озодликка гапирди.

- “Патентни ҳеч ким сўрамайди!”, деб элчихона ҳам, юристлар ва мутахассислар айтганди. Лекин, ҳозир қаерга иш сўраб бормасанг ҳаммасида патент асосида ишга олмоқда. Москва патенти Москва вилоятига ўтмаяпти. Иш эса шаҳарда мутлақо йўқ. Одамларимиз патентларни тўлаб ишга киришга мажбур бўлмоқда, деди Илҳом.

Россия Мигрантлар федерацияси "ПАТЕНТСИЗ ЁЗ" акциясини бошлади

2020 йилнинг 15 мартидан 15 июни оралиғида патент тўловчиларини амалга оширувчилардан ташқари бу муддатдан олдин ёки кейин ишга рухсатномаси муддати тугаган меҳнат муҳожирларининг катта қисми мавжуд. Шунингдек, Россияда нолегал ҳолатда бўлган ёки миграция қайди тугаган ишчиларнинг катта қисми 15 июндан бошлаб яна тўловларни амалга ошириши лозимлиги белгиланган.

Бундай вазиятда Россия Мигрантлар федерацияси (РМФ) патент тўловларини музлатиш нафақат 15 март-15 июнь оралиғидаги тўловларни амалга оширганлар, балки барча хорижликларга тааллуқли бўлиши лозим, деган фикрни билдирди.

Ташкилот Владимир Путиннинг юқорида тилга олинган қарорини яна уч ойга узайтириб, патент муҳлатини 2020 йилнинг сентябригача белгилаб қўйиш таклифи билан чиқди.

Ўзининг Youtube каналида РМФ раҳбари Вадим Коженов #ЛЕТОБЕЗПАТЕНТА (ПАТЕНТСИЗ ЁЗ) акциясини бошлаб юборганини эълон қилди ва барчани бу акцияга қўшилишга даъват этди.

- Муҳожирларнинг патент учун тўловлари музлатилган муҳлат 15 июнда тугайди. Бу кунга эса 3 ҳафтадан кам вақт қолди. Биз вазият ўзгармагани, Россия иқтисоди тикланмагани, кўпчилик ишсиз экани ва тўлашга қурби йўқлигини кузатяпмиз. Шу сабабли биз “ПАТЕНТСИЗ ЁЗ” акциясини бошлаяпмиз, деди Вадим Коженов.

Мигрантлар федерацияси раҳбари йиғилган имзолар Россия ҳукуматига топширилиб, патент тўловлари “таътили” узайтирилиши талаб қилинишини айтди.

27 май куни эса Россия президенти Владимир Путин билан учрашган Москва ҳокими Сергей Собянин “ўзини яккалаш режими”ни 14 июнгача узайтиргани тўғрисида қарор имзолаганини билдирди.

Айни пайтда, шаҳар мэри жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб коронавирус билан боғлиқ чекловлар аста-секин олиб ташланиши, Москвада шу кундан бошлаб айрим маиший хизмат ва хўжалик моллари товарлари билан савдо қилувчи расталар ишга тушишини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG