Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:36

“Стратегик тузоқ”. Жанубий Осиёда янги даврга ҳозирланаётган Хитойнинг муаммо ва ҳадиклари


Толибон асосчиларидан Мулла Абдул Ғани Бародар ва Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И. Тяньцзинь , Хитой - 28 июль, 2021
Толибон асосчиларидан Мулла Абдул Ғани Бародар ва Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И. Тяньцзинь , Хитой - 28 июль, 2021

Пекиннинг Жанубий Осиёга таъсири ортиб боряпти, айни чоғда Хитой манфаатлари янги қаршилик тўлқини билан тўқнашмоқда.

Толиблар Кобулни босиб олиб, Афғонистон ҳукуматини ағдарганидан сўнг бир ҳафта ўтмасдан Покистоннинг Гвадар порт шаҳрида ҳудкуш террорчи Хитой ширкатига қарашли транспортга ҳужум қилди.

Бу икки воқеани 1600 чақиримдан ортиқ масофа ажратиб турса-да, улар кўплаб таҳлилчилар томонидан “бутун минтақада Хитой хавфсизлигига таҳдидларнинг янги даври” деб аталаётган ҳодисадан далолат беради. Ва бу таҳдидлар Афғонистонда вазият беқарорлашиши муносабати билан янада кучайиши мумкин.

20 август куни Гвадарда амалга оширилган ҳужум учун жавобгарликни “Белужистонни озод қилиш армияси” (БОА) ўз бўйнига олди. Бу Покистонда икки ой ичида хитойликларга қарши содир этилган учинчи ҳужумдир.

Ҳужум кўламига оид хабарларда фарқ бор: БОА олти нафар хитойлик ишчи ва уч қўриқчи ўлдирилганини иддао қилган бўлса, Хитой ва Покистон расмийлар бир нафар Хитой фуқароси ҳамда икки бола нобуд бўлганини, лекин, умуман олганда, мазкур ҳужум вазият эскалациясини – хитойлик ишчилар Покистон жангариларига тобора кўпроқ нишон бўлаётганини англатади.

Толиблар 15 август куни Кобулда марказий ҳокимиятни забт этганидан сўнг Хитой давлат ОАВлари ва расмий шахслари АҚШнинг саросима ичида одамларни эвакуация қилишга тушиб кетиши ва Ғарб қўлловидаги ҳукуматнинг бу қадар осон қулаши Вашингтоннинг халқаро обрў-эътиборига жиддий зарба берганидан хурсанд бўлиб, байрам қилишди.

Хитой Толибон билан прагматик иш алоқаларини йўлга қўйган, шу билан бирга, Пекин ўз хавфсизлигига дахлдор айрим масалаларга диққат қаратиш, жумладан, уйғур жангариларининг ҳар қандай гуруҳига Афғонистондан бошпана бермаслик шарти билан радикал ташкилотни иқтисодий ва бошқа тарафлама дастаклашни ваъда қилган.

“Пекин Толибон билан янада мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш зарурлигига шубҳа қилмайди ва ҳозирда Қўшма Штатлар ўз ҳолига ташлаб қўйган Афғонистонда ўзини энг нуфузли ташқи ўйинчи ўлароқ эълон қилишга тайёр”, деган эди 20 август куни “New York Times” нашрига Хитой Халқ-озодлик армиясининг собиқ катта полковниги Чжоу Бо.

Пекин ўзига нисбатан юксак ишончини ҳарчанд кўз-кўз қилмасин, қатор таҳлилчилар минтақани қамраб олган мавҳумлик тўлқини – терроризм кучайишидан тортиб Хитой лойиҳаларига қарши норозиликкача – хавотирларни зўрайтирганини илғамоқдалар. Зеро бу хавф-хатар потенциал жиҳатдан Хитойнинг Покистондаги стратегик манфаатларига, хусусан, катта маблағ ва куч сарфлаб амалга оширилаётган улкан инфратузилмавий ва инвестицион лойиҳа бўлмиш “Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги”га жиддий шикаст етказиши мумкин.

“Эндиликда Хитой буларнинг барини ўзаро боғлиқликда ва Покистон билан Афғонистон яқинлашуви кўнгилсиз оқибатларининг бир қисми сифатида кўради”, деб ҳисоблади Германиянинг Маршалл фонди ходими ва “Хитой – Покистон ўқи” китоби муаллифи Эндрю Смолл.

Янги тенденция

Бу хавотирлар марказида – сўнгги пайтларда Покистонда мунтазам тус олаётган хитойларга қарши ҳужумлар ётади.

14 июль куни Покистон шимолида хитойлик ишчиларни олиб кетаётган автобус портлатилиб, 13 киши, шу жумладан тўққиз нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлди. Покистон ҳукумати жавобгарликни “Таҳрики Толибон Покистон” (ТТП) гуруҳи зиммасига юклаб, ҳужум Афғонистон ичкарисида режаланганини иддао қилди.

Бунинг ортидан 28 июль куни Карачида хитойлик ишчиларга яна бир ҳужум уюштирилди, апрель ойида эса Хитойнинг Покистондаги элчиси Кветте шаҳридаги меҳмонхонада юз берган терактдан мўъжиза туфайли омон қолган эди.

Хитой авал ҳам покистонлик жангарилар ҳужумларига нишон бўлган: 2018 йилда БОА Хитойнинг Карачидаги консуллигига катта куч билан ҳужум қилган эди. Бироқ сўнгги ҳодисалар тўлқини янги тенденциядан дарак бермоқда, дейди Сингапурдаги Наньян технология университетининг Жанубий Осиёдаги исёнчи гуруҳлар бўйича эксперти Абдул Босит.

“Хитойнинг келажаги Жанубий Осиёга боғлиқ, аммо у ерда айни пайтда кенг кўламли беқарорлик ҳукм сурмоқда. Хитойликлар нишонга олинаётганининг асосий сабаби – бу Покистон учун муаммо туғдиришнинг самарали воситаси эканлигидир, ҳужумлар тез-те кузатилаётгани у ерда гуруҳларнинг бемалол ҳаракат қилиши учун қулай муҳит мавжудлигини ҳам кўрсатади”, мулоҳаза қилади эксперт.

Пекиннинг асосий диққат-эътибори ҳануз уйғурларнинг “Туркистон исломий партияси, (ТИП)”га қаратиб (Хитой ҳукумати уни Шинжон вилоятида тартибсизликлар чиқарганликда айблайди), бошқа радикал ташкилотларни назардан қочираётгандек. Ҳолбуки “Ал Қоида” ва “Хуросон Ислом давлати” (ХИД) ҳам келгусида Хитойни таҳликага солиши мумкин.

“Ҳужумлар – муаммо, лекин умумий манзарага қарайдиган бўлсак, улар миқёсига кўра жуда майда. Энг асосий савол Хитойнинг бу барча воқеаларга қандай муносабат билдиришга қарор қилишидир”, дейди Босит.

Хитой кетма-кет ҳужумлардан сўнг Покистондаги хавфсизлик даражаси жуда пастлигидан ёзғириб, мамлакат расмийларидан хитойлик фуқаролар ҳимоясини кучайтиришни талаб қилди.

Хитойнинг Толибон билан ҳамкорлик қилишга ундаётган омиллардан бири ҳам айнан – истиқболда Афғонистонда шунга ўхшаш таҳдидлар юзага келишининг олдини олиш истагидир. Гарчи Толибоннинг бунақа хатти-ҳаракатларга раъйи ва салоҳияти бор ёки йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

“Ушбу минтақадан келадиган хавф-хатар кўп қирралидир. АҚШ чиқиб кетганидан сўнг Афғонистонда пайдо бўлган хавфсизлик бўшлиғи Хитойнинг фойдасига ишлайди, бироқ бу кўпга бормаслиги мумкин”, дейди Абдул Босит.

Асосий муаммолар

Покистонда жангарилар фаоллашгани муаммонинг ягона сабаби эмас. Пекиннинг “Бир макон, бир йўл” номли глобал ташаббусининг байроқдори бўлмиш “Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги” лойиҳаси ҳам Покистонда қатор қийинчиликлар ва салбий муносабатга дуч келмоқда.

Август ойи охирида Гвадар шаҳрида ичимлик суви ҳамда электр танқислигига қарши норозилик ҳаракати авж олди, намойишчилар шаҳар кўчаларини тўсиб, шиналарни ёқишди. Бунинг маҳаллий балиқчилар ҳам бош кўтариб чиқишди – Озодликнинг афғон хизмати хабарига кўра, улар яқин-атрофдаги ҳудудий сувларда ноқонуний балиқ овлаётган Хитой траулерлари (балиқчи кемалари – Таҳр. изоҳи) маҳаллий балиқчиларни ягона тирикчилик манбаидан маҳрум қилганидан дарғазаб бўлишган.

Гвадардаги бандаргоҳ “Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги”нинг стратегик бўлагидир: Исломобод уни Хитой ҳукумати дастаклайдиган трансмиллий ширкатга 40 йилга ижарага берган.

Июль ойида Покистон Хитойга оид бешта траулерни Гвадар порти яқинида ноқонуний балиқ овлаганликда гумон қилиб, қўлга олган эди. Хитой ҳукумати бу кемалар қонунга зид равишда балиқ овлаганини рад этди ва улар довулдан сақланиш мақсадида бандаргоҳдан узоқлаша олмаганини иддао қилиб чиқди.

Июлнинг охирлари – август бошларида Хитой мансабдор шахслари 26 контейнер денгиз маҳсулотлари ва 12 контейнер гуручни “маҳсулотларда коронавирус мавжуд”, деган расмий важ билан Покистонга қайтариб юборди. Бироқ покистонлик бир неча экспортчи Озодликнинг афғон хизмати билан суҳбатда бу Исломободнинг хитой балиқчи кемаларини ҳибсга олганига қарши жавоб акцияси эканини айтишди.

Гвадар шаҳри жойлашган Белужистон Покистоннинг энг қолоқ минтақаларидан бири ва БОА раҳбарлигида кўпдан бери Исломободга қарши олиб борилаётган қўзғолонлар маркази ҳисобланади. Гвадар миллий электр тармоғига уланмаган, шаҳарни сув билан таъминловчи тўғоннинг эскириши эса яна бир маиший муаммони келтириб чиқарди.

Гарчи Белужистоннинг сув ва электр танқислиги муаммоларида Хитой айбдор бўлмаса ҳам ушбу мамлакатнинг Покистонда кенг фаолият олиб бораётганлиги тартибсизликлар чиқишига ва аксилхитой кайфияти кучайишига сабаб бўлмоқда.

Ушбу воқеалар жойларда ва айрим вилоятларда Хитойдан норозилик ортиб бораётганини кўрсатади. Шунга қарамай Пекиннинг эътибори ҳануз Афғонистонга ва минтақада жангарилар фаоллашгани билан боғлиқ эҳтимолий хавф-хатарга йўналтирилган.

“Афғонистонда ва умуман минтақада муаммоларга ўралашиб қолмаслиги учун эҳтиёткорлик илан ҳаракат қилиши лозим. Бу минтақани бекорга “стратегик қопқон”, дейишмайди. Айни пайтда Хитойнинг мақсади — хатарни минималлаштириш бўлиши керак, муаммоларга ечим топиш эмас”, дейди Эндрю Смолл.

XS
SM
MD
LG