Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:18

Сурия ўрнига Афғонистон? Толибоннинг постсовет мамлакатларига таъсири


Teaser - Taliban control
Teaser - Taliban control

Толибон ҳаракатининг Афғонистонда ҳокимиятга қайтиши халқни қашшоқлаштирган олигархлар ва коррупционерларга қарши муваффақиятли кураш ҳақидаги афсона даражасига чиқиши мумкин.

Афғонистонга чегарадош Марказий Осиёнинг собиқ совет мамлакатлари, шунингдек, Россиянинг ўзида вазият таранглашгани сайин мусулмон ёшларнинг аксар қисми Толибонни “музаффар жиҳод” намунаси ўлароқ тасаввур қила бошлайди, дея урғулашмоқда экспертлар.

“Ислом давлати” ва “Имарат Кавказ” (“Кавказ амирлиги”)дан фарқли ўлароқ, Толибон оддий қўзғолончи отрядлардан шундай кучга айландики, уни ҳали ғалаба қозонмасидан Москвада расмий даражада қабул қилишди ва у билан музокара олиб боришга ҳозирлик билдиришди.

“Толиблар АҚШни шарманда қилганидан хурсанд пропаганда Россия телеэкранларида ҳарчанд тантана қилмасин, овози Америкага етиб бормайди. Россиялик “патриот”лар фикрининг америкаликларга иссиғи ҳам йўқ, совуғи ҳам. Аммо россиялик мусулмонлар – Кавказда, Волгабўйида буларнинг барини аниқ-тиниқ кўриб, эшитиб туришибди. Ва табиийки, уларнинг назарида радикал исломнинг нуфузи ошмоқда”, дейди сиёсатшунос Аббос Галлямов.

Мафкуравий инқироз шароитида, яъни Путиннинг йўли ўзини оқламаган, Шимолий Кавказ республикалари эса турғунлик даврига кирган айни паллада исломчи ёшлар Толибонга юз буриши мумкин.

Пропагандачилар эффекти

Толиблар ҳақидаги афсона бир неча йил муқаддам “Ислом давлати” ҳақидаги афсона сингари ривожланиши мумкин, деб ҳисоблайди Толибон ҳаракати бўйича россиялик етакчи экспертлардан бири, сиёсатшунос Андрей Серенко.

“Толибларнинг ғалабаси Россияда, ундан ҳам аввал Ўрта Осиёда исломий ёшларнинг бир қисми радикаллашишига, ёшлар орасида айнан жиҳодчилар ахлоқ модели оммалашишига олиб келади. Афғонистондаги Толибон бренди бошқа масалаю бошқа мамлакатлардаги Толибон бренди ва у ҳақидаги афсоналар – буткул бошқа масала. Бу бренд глобал тус олиш, вирус каби тарқалиш учун барча имкониятларга эга”, таъкидлайди Серенко.

Суҳбатдошимиз урғулашича, Толибон ҳақидаги афсонанинг конкрет сиёсий гуруҳ бўлмиш толибларга ҳеч бир дахли бўлмайди, у мустақил ҳодиса ўлароқ бўй кўрсатади. Бурун ИШИДга хайрихоҳ бўлган радикал ёшлар Толибоннинг реал ғалабасини кўриб, энди унга шайдо бўладилар.

“Бежизга бундан бир ярим йилча муқаддам “ал‑Қоида” шайхлари Толибонни жиҳоднинг ғалабага элтувчи модели, деб аташмаганди. Узоқ курашиш, аммо ғалаба қозонмаслик мумкин, улар эса ғалаба қилишди. Бинобарин, Толибон ҳақидаги афсоналарни нафақат ҳаракатнинг ўзи, балки “ал‑Қоида” пропагандачилари ҳам тарқатишяпти, улар орасида русийзабон аудитория билан ишлайдиганлар бор”, қўшимча қилади Серенко.

Экспертнинг сўзларига кўра, айни шароитда Толибон ғалабаси пропагандасидан энг кучли таъсирланиш Марказий Осиёдаги постсовет мамлакатларда рўй беради: бу давлатлардаги вазият Афғонистондагига жуда ўхшаш – аҳоли орасида камбағал ва қашшоқлар бисёр, “тувагигача тилла”дан бўлиб кетган маҳаллий олигархлар халқни ҳар томондан эзиб ташлаган.

“Маршал Дўстум ва президент Ашраф Ғаниларнинг ҳашаматли саройларида олинган видеотасвирлар туфайли толиблар нафақат жиҳодчилик, балки ижтимоий адолатнинг сиёсий принциплари тарғиботчиларига айланишди. Чиройли картина яратилди – толиблар олигархларни жазолашди, коррупционерларни қувиб солди. Уларнинг ғалабаси эса гўё ўз халқини талаб, қашшоқликка мубтало қилган порахўр ва ўғрилар устидан қозонилган ғалаба каби тақдим этилмоқда”, давом этади сиёсатшунос.

Шимолий Кавказ ва умуман Россияда ҳам ижтимоий-иқтисодий вазият қалтисроқ, бироқ Россия сиёсий тизими Марказий Осиё постсовет давлатлариникига нисбатан бирмунча пишиқроқ, қўшимча қилади эксперт.

“Россия кучишлатар идораларининг хатти-ҳаракатлари, бунда жумладан, Қодировнинг Чеченистондаги тутумини ҳам назарда тутяпман, радикал тузилмаларга қарши курашда етарли даражада самарадор.

Бинобарин, Толибон оммалашуви айни пайтда реал оқибатларга олиб келиши маҳол, гарчи ҳадемай толиб бўлиш мусулмон ёшлари орасида модага айланиши мумкин бўлса-да.

Бироқ мазкур жараён Россияда ишлаб юрган минглаб мигрантларга таъсир этмай қолмайди, зеро улар Россияда полиция тазйиқига, амалдорларнинг коррупцион талабларига ва умуман ҳар қадамда жамиятнинг салбий муносабатига тўқнаш келади”, хулосалайди Андрей Серенко.

Сурия ўрнига Афғонистон?

Кремлпараст “Спутник” янгиликлар агентлиги бир неча кун олдин ҳам ИШИД, ҳам “Имарат Кавказ”дан улги олувчи бўлгинчи кучлар билан толиблар ўртасида тўғридан-тўғри алоқа боғланаётгани ҳақида хабар қилди. Қорачой-Черкасия, Ингушетия, Чеченистон, Доғистон, Адигей, Волгабўйи ва Россия босиб олган Қримдан талай одамлар ижтимоий тармоқларда толибларни ғалаба билан рус тилида табриклади.

Бунақа қутловлар қарийб расмий даражада ҳам янграмоқда: чунончи, Чеченистон раҳбарининг диний масалалар бўйича маслаҳатчиси Адам Шаҳидов дастлаб толибларни “азаматлар” деб атади, кейин эса бу сўзига изоҳ бераётиб, “мотурудийлар ва ханафийлар”ни (толиблар ушбу исломий оқимларга мансуб) қўллаб-қувватлашини, Россияда уларни “хатарли” деб ҳисоблашмаслигини ва мўътабар меҳмон каби мамнуният билан қабул қилишларини айтди.

Ҳамма экспертлар ҳам Толибоннинг мазкур ғалабаси муқаррар равишда Россияда исломий ёшларнинг радикаллашувига олиб келади, деб ўйламайди. Хусусан, Шимолий Кавказ Ислом тадқиқотлари маркази директори Руслан Гереев толибларнинг Афғонистондаги ютуқлари Шимолий Кавказдаги вазиятга таъсир этмайди, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, эҳтимолий таъсир олдини олиш учун ёшлар сиёсатини кучайтириш, диний таълимни ва давлат-дин муносабатларини ривожлантириш лозим. Шу жумладан, Россияга ишлаш учун келувчи ёш мигрантлар билан ҳам иш олиб бориш даркор.

Толибон билан бизнес: Халқ қўрқуви ва ҳукумат манфаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:20 0:00

“Россия исталган минтақада ўз манфаатлари ҳақида баралла гапиришга тайёр. Бу Афғонистон билан чегаралардаги вазиятга ҳам тааллуқли, – дейди Гереев. – Толибон ҳаракати Россия Олий суди томонидан тақиқланган бўлса-да, у билан алоқа ўрнатиш зарур, чунки ҳозир Афғонистонда бошқа ҳукумат йўқ. Бу аввало хавфсизлик масаласидир”.

Бироқ вазият бунинг тамом акси ҳам бўлиши, яъни Толибон ғалабалари манзарасида жиҳодчилик ғоялари кучайиши билан бирга, Афғонистонга чегарадош ва бошқа постсовет давлатлардаги радикалларнинг “толиблар юрти”га интилиши ҳам кузатилиши эҳтимоли катта.

1990-йиллар охирида Толибон илк дафъа Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганида “чинакам исломий тузум” ўрнатилганини ва “миллий вазифа” бажарилганини эълон қилган, “бутун ислом оламидаги мусулмон биродарларга ғамхўрлик қилиш”га тайёрлигини билдирган эди.

Радикаллар россиялик мусулмонларни Афғонистонга “ҳижрат қилиш”га даъват этганида ҳақиқий исломий давлатда яшаш иштиёқида бола-чақаси билан кўчиб кетганлар ҳам кўп бўлган.

1999 йилда Волгабўйи ҳудудларидан борган мужоҳидлардан Толибоннинг “Жамоати Булғор” номли жанговар бўлинмаси тузилиб, унинг таркибига татар ва бошқирдлардан ташқари, доғистонликлар, қабардинлар ва руслар кирган эди. Жамоатнинг амирларидан бири – Доғистонда туғилган Ўгней Исо ад-Доғистоний 2009 йилда ҳарбий ҳаракатлар чоғида ўлдирилган. Афғонистонда Америка ва НАТО махсус амалиёти бошланганидан сўнг жамоатнинг айрим етакчилари қўлга олиниб, Гуантанамо қамоқхонасига жўнатилган.

XS
SM
MD
LG