17 март куни Наманган вилоят, Косонсой туман, Испарон қишлоғида яшовчи ўнлаб деҳқон томорқаси тортиб олинганига норозилик билдириб, боғдорчилик фермер хўжалиги бошлиғи ва унинг ишчиларини тошбўрон қилди.
Расмий маълумотга кўра, норозилар фермер ва унинг беш ишчисига тан жароҳати етказган.
Норозилар, шунингдек, фермерга тегишли тўртта машинани ҳам тошбўрон қилиб, уларга шикаст етказган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълумотига кўра, мазкур воқеа юзасидан икки кишига нисбатан “Безорилик” моддаси билан жиноят иши очилган.
Воқеа 17 март куни соат 12:30ларда Испарон қишлоғидаги Ўзбекистон маҳалласида содир бўлган.
Озодликка воқеа жойидан жўнатилган видеоларда ўнлаб эркак ва аёлнинг бир-бирига бақириб-чақираётгани кўринади. Шовқин баландлигидан одамларнинг нима ҳақда тортишаётганини англаш қийин.
Видео давомида янаям кучлироқ шовқин эшитилади ва одамларнинг ҳаммаси шовқин келган томонга югураётгани, баъзилар қўлига ердан тош олгани кўринади, одамларнинг “ур-ур” деган овозлари эштилади. Баъзилар шу атрофдаги уйлар деразасини тошбўрон қилгани ҳам тасвирларда акс этган.
Бошқа бир видеода ўнлаб одамнинг битта жойга тўплангани, улар орасида ўнга яқин формали ИИБ ходимлари ва ҳарбий кийимлилар ҳам кўринади.
Воқеа жойида “Тез ёрдам” машинаси тургани ва ИИБ ходимлари гапидан машинада жароҳатланганлар борлиги англашилади.
Яна бир видеода одамларнинг бир-бири билан тортишаётгани ва уларни ИИБ ходимлари ажратишга уринаётгани кўринади.
Видеолар бир нечта бўлакдан иборат бўлиб, узуқ-улуқ тасвирлар воқеани тўла гавдалантирмайди.
Тафсилотларни воқеа жойида бўлган косонликлардан бири Озодликка гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, норозилик Ўзбекистон маҳалласида яшовчи 30дан зиёд одамнинг томорқаси тортиб олингани сабаб келиб чиққан:
“Биз жуда чекка қишлоқда яшаймиз. Одамлар йиллар давомида ташландиқ ерларни ўзлаштириб, томорқа сифатида фойдаланиб, шу ерда деҳқончилик қилиб келишган. Боғдорчилик хўжалиги бошлиғи деҳқонларнинг ерларини тортиб ола бошлади. Жонига теккан одамлар ўша куни йиғилишиб, фермернинг дала шийпонига бостириб боришди. Ўзаро тортишув жанжалга айланиб кетди. Жаҳли чиққан одамлар дастлаб фермернинг дала шийпонини тошбўрон қилиб, ойнасини синдиришди. Эшикни бузиб кириб, ичкаридаги компьютерларини ҳам синдиришди. Кейин фермерни ва унинг ишчиларини тошбўрон қилишди. Фермер ва унинг ишчиларининг машиналарини ҳам тошбўрон қилишди. Воқеа жойига ИИБ етиб келгач, одамлар тинчланди”.
Суҳбатдошнинг айтишича, норозилик билдирган деҳқонларнинг томорқалари боғдорчилик хўжалиги ҳудудида жойлашгани сабаб фермер бу ерларни олишини айтган:
"Одамлар фермер хўжалиги ташкил қилинишидан аввал далалар атрофидаги ерларни ўзлаштириб томорқа қилган. Боғдорчилик хўжалиги ташкил қилингач, фермер ўзлаштирилган ерлар ҳам унинг хўжалиги ҳудудига киришини айтиб, томорқаларни одамлардан тортиб ола бошлади. Фермер ўзиники деб ҳисоблайдиган ҳудудга одамларнинг ўтишини тақиқлаб қўйди".
Воқеадан икки кун ўтиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти Испарон қишлоғидаги можаро бўйича расмий баёнот эълон қилди.
Баёнотда ёзилишича, Испарондаги можарода 50-60 нафар аёл ва эркак иштирок этган. Можаро оқибатида боғдорчилик фермер хўжалиги бошлиғи ва унинг беш нафар ишчиси турли даражада тан жароҳати олган.
Шунингдек, норозилар “фермер хўжалиги ишчиларига тегишли бўлган “Nexia-3”, “Niva”, “Hyundai”, “Merсedes-benz” русумли автомашиналари, “Samsung” русумли экскаватор, фермер хўжалигининг дала шийпони ойналарини тош билан уриб шикастлаганлар”, дейилади расмий баёнотда.
Расмий баёнотда ҳам можарога маҳалла аҳлининг фермер (К.М) билан"гўёки маҳалладаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олаётганлигини рўкач қилиб, у билан низолашиб" қолиши сабаб бўлгани айтилган.
Ҳозирда Косонсой туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими Испарондаги можаро бўйича жиноят иши очган.
Можарода иштирок этган 24 ёшли ва 34 ёшли икки эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, “Жиноят иши доирасида барча фуқароларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳар бирининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши таъминланади”, дейилади ИИВ баёнотида.
Испарондан олинган сўнгги маълумотга кўра, можарода қатнашган деҳқонлар бирин-кетин ИИБга чақиртирилиб, сўроқ қилинмоқда.
Озодлик боғдорчилик хўжалиги бошлиғи, 55 яшар фермер К.М. (фермер ва унинг ишчиларининг исм-фамилияси Озодликка маълум. Бироқ тергов давом этаётгани боис улар шахси очиқланмаяпти) билан 19 март куни боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ фермернинг мобил телефони кун давомида ўчиқ бўлгани боис, у билан воқеа юзасидан суҳбатлаша олмадик.
Можарода иштирок этган деҳқонлар ҳам тергов бўлаётгани боис Озодлик билан суҳбатлаша олмасликларини айтишди.