Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:52

Трамп ва Путин 16 июл куни Хелсинкида учрашади


АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Москвага сафар қилганидан сўнг президентлар Доналд Трамп ва Владимир Путин учрашувига доир маълумот аниқ бўлди. Ҳар икки тараф расмийларига кўра, саммит 16 июль куни Финляндия пойтахти Хелсинкида бўлиб ўтади.

Бунгача Трамп ва Путин Венада кўришиши мумкин деган хабарлар тарқалган эди.

“Президент Трамп Москвага бориб, Россия расмийлари билан олий даражадаги мулоқот хусусида гаплашиб келишимни сўради”, - деди Болтон чоршанба куни Москвада ўтган матбуот анжуманида.

Унга кўра, икки раҳбар мамлакатлари ўртасидаги муаммолар бўйича фикр алмашиб, уларга ечим топишга, айрим масалалар бўйича ҳамкорликка келишишга умид қилмоқда.

Март ойида миллий хавфсизлик маслаҳатчиси лавозимига сайланган Болтон Россияга қарши қарашлари билан танилган эски сиёсатчи, собиқ президент Жорж Буш маъмуриятида БМТда элчилик қилган, Россияни АҚШ сайловларига аралашганликда айблаган, қурол назорати масалаларида танқид қилган.

Матбуот анжуманида мухбирлардан бири унга ўтмишда Президент Путинни ёлғончи деб атаганини эсига солганда Болтон “ўтмишдаги баёнотларимнинг ҳозирги лавозимимга алоқаси йўқ” деб жавоб берди.

“Айни дамда мен Президент Трампга маслаҳатчиман, унинг сиёсатини ҳаётга татбиқ этяпман”, - деди Болтон.

АҚШда бир неча ойдан бери Россиянинг Америка президент сайловларига аралашгани ҳақидаги даъволар тергов қилинар, Трампнинг баъзи танқидчилари сайлов кампанияси пайтида Трамп сайлов штабини Россия билан тил бириктирганликда айблар экан, АҚШ раҳбарининг Путин билан учрашувга ҳозирланаётгани танқидларга учрамоқда.

Оқ уй ҳам, Кремл ҳам бу даъволарни инкор этиб, айбловлар ортида АҚШ ва Россия муносабатларининг илиқлашишини истамаётган кучлар туришини билдирган.

Россиянинг Америка сайловига аралашганини ўтган йили АҚШга қарши уруш ҳаракати деб атаган Болтон энди Трамп маъмуриятининг бунга доир қарашларини ҳимоя қилмоқда. Трамп Россия билан тил бириктирмаганмиз, деб келади.

“Президентнинг кўплаб танқидчилари кейинчалик ўзини оқламаган турли хил назариялар ва тахминлар ҳисобига сиёсий очко тўплашга ҳаракат қилди. АҚШдаги сиёсий шовқинга қарамай, президент Владимир Путин билан бевосита мулоқот АҚШ манфаатларига, дунёда тинчлик ва хавфсизлик манфаатларига хизмат қилишини таъкидлаб келган”, - деди Болтон.

Путиннинг айтишича, АҚШ-Россия алоқалари ёмон аҳволда ва учрашув муносабатларни тиклашга ёрдам бериши мумкин.

Саммит кун тартиби қандай бўлади, қандай масалалар кўрилади? Икки томон дипломатлари ҳозир ана шу устида ишламоқда.

Кузатувчиларга кўра, одатда олий даражадаги бундай учрашувларни ташкиллаштириш, кун тартиби бўйича музокаралар ойлаб вақт олади. Болтоннинг айтишича, бир неча кундан сўнг АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров учрашиб, асосий мавзулар хусусида фикр алмашади.

Танқидчиларга кўра, бундай қисқа вақт ичида мулоқотга пухта тайёргарлик кўриш мумкин эмас, Трамп кўзбўямачилик билан шуғулланмоқда.

Россия 2014 йилда Қримни ўзига қўшиб олиши ҳамда Украина шарқида маҳаллий исёнчиларни қўллаб-қувватлаши кетидан собиқ президент Барак Обама маъмурияти уни Катта Саккизлик гуруҳидан ҳайдаб, қатор санксиялар жорий этган эди.

2016 йил сайлов кампанияси пайтида Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиши ва Россияга қарши санксияларни бекор қилиши мумкинлигига ишора қилган Трамп президентликка сайлангач, амалдаги санксияларни узайтириб, янги жазо чораларини қўллаган.

Қўшма Штатлар Россияни Суриядаги можарога аралашиб, Президент Башар Ассадни қўллаб-қувватлаганликда, Британияда собиқ рус жосусини заҳарлаганликда ҳам айблайди.

Баъзи хабарларга кўра, Трамп Катта Еттиликни яна Катта Саккизликка айлантириб, Россияни гуруҳга қайтармоқчи.

Вашингтондаги “Атлантика Кенгаши” таҳлил маркази эксперти Роберт Меннингнинг “Америка Овози”га айтишича, агар Трамп ва Путин қурол назоратига доир амалдаги битимларни сақлаб қолган ҳолда Украина ва Сурия бўйича бирор келишувга эриша олса, саммит ўз мақсадига етган бўлади.

"Путин Украина можаросининг музлатилишини истайди, Суриядан ҳам чиқмоқчи”, - дейди Меннинг.

XS
SM
MD
LG