Украинада бир ҳафтадан бери қутураётган ёнғин ишламаётган Чернобил атом электростанциясига етиб боришига бир километрча қолди, бироқ фавқулодда вазиятлар хизматлари унинг тарқалиши назорат остида эканини айтмоқда.
Экологлар ўрмон ёнғинлари 1986 йили рўй берган энг даҳшатли ядро фалокати жойидаги радиоактив кулни яна ҳавога кўтариши мумкинлигидан огоҳлантирди. Улар фикрича, ўша кул яқин атроф ва Украина пойтахти Киев аҳолисига таҳдид қилиши мумкин.
Украинанинг Фавқулодда вазиятлар хизмати 13 апрелдаги баёнотида Киев вилоятидаги радиация даражаси “табиий фон қийматидан ошмаётгани”ни, АЭС атрофидаги ёпиқ ҳудудда “ўзгармагани”ни айтди.
Бироқ Greenpeace Russia ташкилоти ихоталанган ҳудуд орқали ўтаётган ёнғин кўлами Киевдаги ҳокимият идоралари тан олаётганидан анча кенглиги ва улар радиация хавфини туғдираётганидан огоҳлантирди.
‒ Атом ёки хавфли радиация объектига яқинлашиб келаётган ёнғин ҳар доим хавфли бўлади, ‒ деди Greenpeace Russia ташкилотининг энергетика лойиҳалари раҳбари Рашид Алимов. ‒ Бундай ҳолатда эртага ёмғир ёғишидан умид қилиб турибмиз.
“Олов ичида қолган ҳудуд”
АҚШ НАСА космос агентлигининг Ресурсларни бошқариш учун ёнғинлар ҳақидаги маълумотлар бериш тизими орқали сунъий йўлдошдан олинган суратлардан маълум бўлишича, ёнғин одамлар яшамаётган Припят шаҳри чеккаларига етиб ва ишламаётган АЭСга яқинлашиб қолган.
Чернобил бўйича туроператор Ярослав Емельяненко Фейсбукда вазиятни жуда оғир дея тавсифлади.
“Ҳудуд олов ичида. Маҳаллий ҳокимият идоралари ҳамма назорат остида дея ҳисобот бермоқда, лекин амалда ёнғин янги ҳудудларга ёйилмоқда”, деб ёзди у.
Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати матбуот котибаси Ольга Козакнинг DPA ахборот агентлигига айтишича, вазият “чиндан ҳам жиддий, аммо назорат остида”.
Кучли шамол ёнғин тарқалишини жиловлаш учун ёнғинга қарши мудофаа чизиғини ҳосил қилган ўт ўчирувчиларга ва жиҳозларни ҳудудга олиб киришга халақит бермоқда.
Ёнғинлар ихоталанган ва ҳеч ким яшамайдиган ҳудудда 3 апрелда бошланиб, атрофдаги ўрмонларга тарқалган эди.
Полиция ходимлари ўт қўйишда гумон қилинган 27 яшар маҳаллий аҳоли вакилининг шахсини аниқлади. Терговчиларга айтиши бўйича, у қандайдир чиқинди ва ўт-ўланни “эрмак учун” ёққан.
Украинанинг бир қанча вилоятларидан яқинда мавсумга хос бўлмаган қуруқ шароитда майда ёнғинлар рўй бераётгани ҳақида хабарлар олинди.