Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:42

Нозим Тўлахўжаев: “Ўзбекфильм” “Ўзбеккино”нинг ўгай боласими?


Нозим Тўлахўжаев
Нозим Тўлахўжаев

Ўзбек киноижодкорлари, киномутахассисларининг “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Ф.Ф.Абдуҳолиқов билан зиддиятли муносабатлари туфайли ўзбек киносида юзага келган вазият муносабати билан тўрт ой аввал Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида конференция ўтказилган эди.

Ўша учрашув якунида “Ўзбеккино” Бош директори зиммасига Агентлик раҳбарияти билан киноижодкорлар ўртасида юзага келган зиддиятни баратараф этиш ва муросага келиш ҳамда ижодий гуруҳларнинг фаолияти учун мўътадил шароит яратиш вазифаси юкланган эди.

Шунингдек, ўша учрашувда Бош директор Ф.Абдуҳолиқовга Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари эслатиб қўйилди:

«Бизнесмен бўлсин, марҳамат... Ижодий ишларга аралашиб ўзини ҳам, санъат деган муқаддас тушунчани ҳам беобрў қилмасин. Буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутишга ҳаққи йўқ».

Лекин Бош вазирнинг ўзбек киночилари билан муросага келиш ҳақидаги аниқ топшириғига ҳамда Президентимиз белгилаган йўлдан оғишмаслик кераклиги ҳақидаги кўрсатмасига қарамай, Абдуҳолиқов “Ўзбеккино”ни катта миқдордаги давлат маблағини хусусий тадбиркорларга тарқатиш ярмаркасига айлантириш орқали миллий киносанъатнинг ялпи тижоратлашувини кучайтирди. Давлат студияси бўлмиш “Ўзбекфильм”ни эса очликка маҳкум этди! Тасаввур қилинг, бир йилда 10 га яқин бадиий фильм ишлаб чиқарган “Ўзбекфильм”га, эндиликда бир дона фильм берилмоқда! У ҳолда, нима учун Президент “Ўзбекфильм” биносининг капитал таъмири, қимматбаҳо аппаратура, автотехника хариди учун шу қадар катта маблағ ажратди экан?! Ҳарқалай, ўзбек кино санъатини 100 йил давомида жаҳонга кўз-кўз қилиб келган “Ўзбекфильм”нинг шинам хоналарини, техникаси, либослари, ҳатто мутахассисларини халқимиз орасида “хонтахта” номи билан оммалашган саёз фильмлар суратга оладиган хусусий киностудияларга ижара асосида бериш учун бўлмаса керак! Нима, “Ўзбекфильм” киностудияси “Ўзбеккино”нинг “ўгай боласи”ми? Балки бу, раҳбарнинг иш усулига қарши ёзилган хатга имзо чеккан студия ходимларидан қасос олишнинг ўзига хос йўлидир?!

Сўнгги пайтларда ўзбек кино оламида урф бўлган ва имкони борича овоза қилинаётан пиар-акциялар ва киноанжуманларда бош директор “бундан буён Агентлик Бадиий кенгаши “очиқ” ва ҳаққоний ишлайди, ҳатто Кенгаш йиғилишлари ўтказиладиган хонага видеокамералар ўрнатилиб, Агентлик сайти орқали онлайн намойиш этилади”, дея жар солганди. Лекин ҳозир бунинг мутлақо аксини кўряпмиз. “Ўзбеккино” сайти анчадан бери фаолият юритмаяпти, Бадиий кенгаш йиғилишлари эса шу қадар ёпиқ ўтказиладики, ҳатто сценарийлари муҳокама этилаётган муаллифлар ҳам таклиф этилмаяпти... “Ўзбеккино”нинг тажрибали ва виждонли, лекин унинг иш усулини қабул қилолмаётган мутахассисларининг ишдан ҳайдалиши ҳам, Агентлик Бадиий кенгаши эса раҳбарга ноқулай бўлган киноижодкорларга тазйиқ ўтказиш воситаси сифатида фаолият юритиши ҳам одатий ҳолга айланди... У ўзига ёқмаган ёки унинг иш усулига қарши чиққан сценарий муаллифи, актёр, режиссёр, муҳаррир, ҳатто гримёрни кинолойиҳадан четлатиш учун Бадиий кенгашни ишга солмоқда. Агар сценарий аъло даражада ёзилган бўлса ҳам, бош директорнинг бир оғиз талаби кифоя, сценарий қабул қилинмайди! Баъзи ҳолларда эса, фильмлар шундоқ, сценарийсиз ҳам ишлаб чиқаришга тушиб кетилаверади! Бундай қонун-қоидаларга хилоф ҳодисалар ҳатто совет даврида ҳам содир бўлмаган! Тасаввур қилинг-а, нейрохирург беморнинг миясини операция қилиши керак, лекин касаллик ташхиси ҳали қўйилмаган! Қизиқ, бемор операциядан омон чиқармикин?!


Балки шунинг учун ҳам Президент мамлакатнинг барча корхона ва ташкилотларидаги ходимларнинг манфаатларини раҳбариятнинг “ўзбошимчалик сиёсатидан” ҳимоя қилиш мақсадида “Жамоатчилик кенгашлари”ни ташкил этиш ҳақида кўрсатма бергандир?! “Ўзбеккино”да ҳам ана шундай кенгаш ташкил этилди. Хўш, нима ўзгарди? Бу кенгаш ижодкорларнинг ишончини қозона олмади! Жамоатчилик кенгашига зиддиятли масалани ҳал этиш таклифи билан мурожаат этишнинг фойдаси ҳам йўқ. Чунки кенгаш доим бош директор тарафида. Унда бу кенгашнинг нима кераги бор, деган савол туғилади. Умуман, баландпарвоз гаплар билан беҳуда вақт ўтказишнинг нима ҳожати бор? Кенгаш аъзоларининг ўз шахсий фикрини айтиш ҳуқуқи бўлмаса, ҳамма масалаларни фақат бир киши ҳал қилса, шунча одамни бекорга йиғиб ўтиришнинг ҳожати бормикан?! Бу Президентнинг халқ демократияси ва адолат ҳақидаги ғояларини обрўсизлантириш эмасми?!


Лекин улар қўрқишади ва унга қарши бир сўз айта олишмайди. Ҳатто бош директорнинг буйруқлари, гаплари инсон қадр-қимматини поймол қилаётган бўлса-да, айтганларини сўзсиз бажаришга ҳаракат қилишади. “Жамоатчилик кенгаши” доирасида Абдуҳолиқовга “ноқулай” бўлган киноижодкорлар билан (З.Мусоқов ва “Мультипликацион фильмлар студияси” ходимлари каби) ўтказилган “суҳбат”лар бунинг ёрқин мисолидир. Ўзларини бундай тутишга уларни нима мажбур қилаётганини тушуниш мумкин. Баъзилари - уларга фильм бериб қолишидан умидвор, бошқалари – институтларда таҳсил олаётган фарзандларининг ўқишини “Ўзбеккино” ҳисобидан молиялаштириш истагида, қолганлари эса, хусусий маблағларга суратга олган фильмларини давлатга пуллаш илинжида...

Президент Ш.М.Мирзиёев қарори билан ташкил этилган анимацион фильмлар давлат унитар корхонасида ҳам ачинарли вазият ҳукмрон.
Ўсиб келаётган ёш авлодни мультипликация санъати орқали тарбиялашга йўналтирилган студия инқирозга юз тутган. Бу бош директорнинг бир ярим йиллик раҳбарлиги давомида атиги битта мультфильм ишлаб чиқаришга туширилган студия аҳволини яна қандай таърифлаш мумкин?! У раҳбар бўлишидан аввал бу студияда йилига камида бешта мультфильм тайёрланар эди! Шу студияда ишлаб чиқаришга туширилган бир мультфильмимни ноқонуний равишда тўхтатиб қўйгани етмаганидек, менинг миллий қаҳрамонимизга айланган Хўжа Насриддин ҳақидаги иккинчи фильмимнинг ишлаб чиқарилишига ҳам тўсқинлик қилмоқда! Бунинг учун у топган баҳонани қаранг! Агар ушбу мультфильмни ишлаб чиқариш учун ўзим пул топиб келсамгина, фильмни қайта ишлаб чиқаришга туширар эмиш! Бу аҳмоқона ўзбошимчаликдан ўзга нарса эмас! Тасаввур қилинг, агар бугунги пандемия шароитида шифокорлар касалхона раҳбаридан дори-дармон учун пул ажратишини сўрашса-ю, у бўлса “пулни ўзингиз топиб келинг!” деса! Бундай раҳбарнинг аҳволи нима бўлишини биласизми? Эҳтимол, уни қамаб қўйишса керак?! Давлат томонидан ҳар йили давлат фильмлари учун тегишли маблағ ажратилади ва у бу пулларни мавжуд талаб-қоидаларга риоя этган ҳолда сарфлаши шарт! Лекин у, бу пулларни хусусий анимацион фильмлар ишлаб чиқарувчи студияларга ажратяпти! Давлат студияларининг кўп йиллик тажрибага эга ходимларини эса, ойлаб маош олмасдан оч-наҳор юришга мажбур этяпти. Давлат маблағини сафлашдаги бу каби сурбетона фирибгарликнинг чегараси бормикин?!
Бош директор, мавжуд қонунларга хилоф тарзда “Мултипликацион фильмлар студияси” Давлат унитар корхонасига хусусий тадбиркорни раҳбар этиб тайинлади! Бу ҳам етмаганидек, унинг хусусий компаниясига бирваракайига учта мультсериал учун буюртма бериб, пул ҳам ўтказди! Нима, бу, “ўзи, гўёки, қарши курашга отланган” коррупция эмасми?
Кино ишлаб чиқариш ўрнига катта ҳажмдаги маблағ қуруқ ваъдабозлик билан тўлиб-тошган кўплаб киноанжуманлар, кинозиёфатларга сарфланмоқда. Бу вақтда эса, кино ходимларининг уч ойлаб маош олмаётганини (“Ўзбеккино” МА ходимлари бундан мустасно), пуллар, шунчаки, (ҳали амалга оширилмаган ишларни кўкларга кўтариб) пиар дея, реклама дея, ҳавога совурилаётганини кўриш тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолатдир!

Яна бир ажабтовур ҳолат! Телесериаллар ишлаб чиқаришга мослаштирилган “Ўзбектелефильм”, “Медиамарказ” турганида, бу ёқда ҳар бир хусусий телеканал телесериал тайёрлаш бўйича ўзига хос тарзда мусобақалашаётган бир пайтда “Ўзбеккино” ҳам телесериалларга буюртма бериш ишларини бошлаб юборган.
Ва, ниҳоят, унинг фаолиятини чўққиси: у “Ўзбекфильм” киностудиясини фақат техник хизмат кўрсатиш бўйича концернга айлантириш, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ташкил этилган “Мультипликацион фильмлар студияси”ни эса тугатишга қарор қилди. Айтингчи, мамлакат Президенти ташкил этган корхонани тугатиш ҳуқуқини унга ким берди!? Ҳеч ким! Бу ҳам ўзбошимчаликнинг юксак намунаси!
Шу ўринда бир савол туғилади: жаноб Абдуҳолиқов, сиз Президентимизнинг маданий-мафкуравий қарашларига қаршимисиз? Нима, сиз унга душманмисиз? Бош вазир Абдулла Ариповнинг ўзбек кинематографиясида юзага келган зиддиятли ҳолатни бартараф этиш ҳақидаги вазифасини бажариш у ёқда турсин, мамлакатимизнинг маданияти тараққиётига болта урмоқчимисиз?! Агар сиз учун Президент, Бош вазирнинг Қарор ва кўрсатмалари қонун бўлмаса, сиз нимани ўзингиз учун қонун деб биласиз?! Биз ёрдам сўраб кимга мурожаат қилишимиз керак? Балки бевосита мамлакат Президентига мурожаат қилишимиз керакдир? Аммо хатти-ҳаракатингиздан кўриниб турибди, сиз, ҳатто, ундан ҳам ҳайиқмайсиз!

Лекин ишонаман, вақт келади ва сизнинг раҳбарлигингиз давомида олинган фильмлар, шунингдек сизнинг, нафақат давлат бюджети, балки ўзбек миллий кино санъатига етказган зарарингиз ўзининг “муносиб баҳосини” олади!

Нозим Тўлахўжаев,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

OzodMaktub муаллифларининг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди. Озодлик мактубда кўтарилган масалалар юзасидан "Ўзбеккино" Миллий агентлиги раҳбариятининг расмий муносабати ҳамда бошқа киноижодкорларнинг фикрларига очиқ.

XS
SM
MD
LG