“Сардобани “еган икки лаққа балиқ” ҳукуматнинг юқори поғонасида турибди”, деди таниқли публицист Шароф Убайдуллаев OzodNazar эшиттиришида. Суҳбат давомида 6 ярим йилга қамалган блогер Отабек Сатторий масаласи ҳам кўтарилди.
Суҳбат мактаблардаги аҳволдан бошланди. Бу масалага президент Мирзиёев макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги вазифаларга бағишлаб 12 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида тўхталди.
Kun.uz сайтининг иқтибос келтиришича, Президент мактаблардаги аянчли эканини айтган:
“Нима мени қийнайди десангиз, айтаман: мактабдаги шароит. Мактабдаги аҳволни кўрса, одам тавба деб юборади. Шу 4 йилда мактабга жуда кўп эътибор бердик, аммо муаммолар ҳали ҳам кўп. Камчиликларни 27 йил кўриб кўрмасликка олганмиз. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанддаги мактабларнинг аҳволини яхши биламан.
Учинчи Ренессансга пойдевор қуряпмиз, деяпмиз. Агар маблағларни тўғри сарфлаб, келажагимиз бўлган мактабларга биринчи навбатда йўналтирмасак, китоби, шароити, ўқитувчининг иш ҳақини жой-жойига қўймасак, ниятимизга эриша олмаймиз.
Ҳозирнинг ўзида мактабни таъмирлаш, уёқ-буёғини суваш учун 30 триллион сўм керак бўляпти. Бир пайтлар партани олиб бориб қўйиб, мактаб филиаллари очилган. Бу ҳозир катта муаммога айланяпти: бундай мактаблар филиалларида ўқиган болаларнинг билими, ўқитувчиларнинг савияси, ойлиги, шароити қандай бўлади - бунга жавоб йўқ. Бу фақат мактаб таълимининг ўзидаги муаммолар. Шерматов (халқ таълими вазири)ни олдимга чақирсам, шароитни яхшилаш учун 30 триллион маблағ керак, деяпти. Бу китоб-у партаси ҳисобга олинмаганда, фақат таъмирлаш учун кетадиган маблағ. Ҳожибоев (соғлиқни сақлаш вазири)ни чақирсам, 60 триллион сўм керак, деяпти. Бу пулларни қаердан оламиз?” деб айтган президент.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қашқадарё, Самарқанд ва Наманган вилоятларида аянчли аҳволга келиб қолган қатор ўрта мактаблардаги шароитлар танқид қилинганди.
Ўзбекистон молия ва назорат идоралари қатор мактабларда таъмир ва бошқа мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағлари талон-торож қилингани ҳақидаги ҳисоботларни эълон қилган. Халқ таълими вазирлиги коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар энг кўп содир этилган тизимлардан бири сифатида танқид қилинган.