Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:41

Хусусийлаштиришнинг янги босқичи ва эски муаммолар


Ўзбекистон президенти 27 июнда имзолаган фармонга биноан давлатга қарашли 274 та йирик корхона ва хўжалик бирлашмаларининг акция пакетлари, газета, журнал, нашриётлар, ишлаб чиқариш корхоналари хусусий секторга сотилади. Сотувга, шунингдек, давлатнинг 15 та кўчмас мулк объекти ҳам қўйилади.

Фармон муқаддимасида бу чорадан кўзланган мақсадлар қаторида “иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш мақсади” ҳам тилга олинган.

Фармонни шарҳлаган ўзбекистонлик иқтисодчи олимлар, иқтисодиётда давлат улушининг қисқартирилишини олқишлаган ҳолда, хусусийлаштиришнинг янги босқичи мулкни қайта тақсимлаш ва аҳоли ўртасида табақаланишнинг кучайишига олиб келиши эҳтимолидан хавотир билдиришди.

Бу каби хавотирга сабаб ўтган даврдаги хусусийлаштириш тажрибаси.

Ўзбекистонда бунга қадар амалга оширилган хусусийлаштириш жараёнлари асосий натижа - мамлакатда расман ўрта синфнинг таянчи бўлган мулкдорларнинг шаклланишига олиб келганича йўқ.

Хусусий мулк эгаларининг ижтимоий гуруҳ сифатида шаклланмагани эса, мамлакатнинг бошқа, жумладан, соғлиқ ва таълим сингари ижтимоий соҳалари, шунингдек, фуқаро жамияти ва сиёсий эркинликларнинг аҳволига таъсир кўрсатаётган омил сифатида кўрилади.

Собиқ совет давлатларининг аксариятида хусусийлаштириш жараёнларининг шаффоф бўлмагани мамлакатлар иқтисодиётида кейинчалик юзага чиққан тизимли муаммолар ва аҳоли қашшоқлашувининг асосий сабабларидан бири сифатида тилга олинади.

Хусусан, Россияда 1990 - йилларда амалга оширилган приватизация жараёнлари оддий халқ тилида "прихватизация" номини олган.

Айни пайтда таҳлилчилар Ўзбекистон сингари аграр давлатда ерга нисбатан хусусий мулкчиликсиз бозор иқтисодиётига тўлиқ ўтиб бўлмаслигини таъкидлашади.

Ўтган йили янги таҳрирдаги Ер кодекси қабул қилинган ва ҳукумат йирик ер ислоҳоти ўтказиш режасини эълон қилган эди.

Аммо ҳозиргача амалда, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ер ресурслари устидан назорат ва ерга эгалик ҳуқуқи давлат ва маҳаллий ҳокимликлар назоратида қолмоқда.

Янги фармоннинг моҳияти

Президент Мирзиёев 27 октябрда имзолаган “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон 22 банддан иборат кенг қамровли ҳужжатдир.

Президент фармонида белгилаб қўйилган чораларнинг ҳар бири учун амалга ошириш муддатлари белгилаб қўйилган бўлиб, энг сўнгги муддат келаси йилнинг 1 июлидир.

Президент фармонига биноан :
274 та давлат улушлари бор корхона;
109 та газета, нашриёт ва журналлар;
26 та ахборот технологиялари корхоналари ва компьютер хизматлари кўрсатиш марказлари;
27 та хусусий сектор ривожланган соҳадаги тиббиёт муассасалари;
12 та ёғ-мой саноати корхоналари;
31 та виночилик тармоғи ва шароб савдо корхоналари тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотилади.

Сотувга қўйиладиган объектлар орасида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳри, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган ва 20 минг 219 квадрат метр майдонга эга бўлган собиқ марказий биноси ҳам бор.

Хусусийлаштириш чет эл инвестициясини жалб қилишнинг асосий йўлидир.

Президент фармонига кўра, давлат активларини сотиб олувчилар тўловларни қонунчиликда белгиланган тартибда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосида амалга ошириши мумкин.

"Чигал фармон"

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, ҳозирда Остонадаги Евроосиё университети доценти, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаевнинг фикрича, Ўзбекистон президентининг 27 октябрдаги фармони “иқтисодий ривожланиш учун жуда муҳим ҳужжатдир, чунки, хусусийлаштириш чет эл инвестициясини жалб қилишнинг асосий йўлидир”.

Сапарбой Жубаев
Сапарбой Жубаев

Айни пайтда Сапарбой Жубаев мазкур фармоннинг хусусийлаштириш тўғрисидаги олдинги қарорларга нисбатан мураккаброқ эканига эътибор қаратди.

“Масалан, - дейди иқтисодчи, - чет эллик инвестор қандайдир корхонага инвестиция киритиш учун ўзининг инвестицион лойиҳаларини олиб келади. Фармонда эса, қайси бир корхоналар учун олдиндан лойиҳа тайёрлаш талаби бор. Бу масала тушунарли эмас”.

Шунингдек, олимнинг фикрича, маҳаллий инвесторлар ёки корхона коллективига хусусийлаштириладиган корхоналар билан чет эл инвесторлари жалб қилинадиган корхоналарни бир қаторга қўшиш янада мураккаблик туғдиради.

Чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун бор корхоналарни хусусийлаштириш билан биргаликда умумий инвестицион иқлимни  соғломлаштириш муҳимдир.

Сапарбой Жубаевнинг фикрича, фармонда назарда тутилган ишларни амалга ошириш учун янги бошқарув органларини тузишга ҳожат йўқ: “Давлат мулкини бошқарув агентлиги бор, ҳамма ишни шу Агентлик бажара олади. Қанчалик кўп гуруҳ ва комиссиялар тузилса, иш ҳам мураккаблашиб кета беради. Чет эллик инвестор кимга мурожаат қилишни билмай қийналади”, - деди олим.

Сапарбой Жубаевга кўра, мамлакатда умумий сармоя муҳитини яхшилаш муҳим.

“Чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун бор корхоналарни хусусийлаштириш билан биргаликда умумий инвестицион иқлимни соғломлаштириш муҳимдир. Яъни, тадбиркорлик фаолиятига ҳокимлар, прокуратура, ички ишлар органлари ва солиқчилар аралашишини камайтириш лозим”

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов фармондан кўзланган мақсадни олқишлаб, бундай деди:

Президент фармонини иқтисодиётга давлат аралашувини қисқартиришни назарда тутганлиги билан яхши фармон деб ҳисоблайман.

Президентнинг мазкур фармонини иқтисодиётга давлат аралашувини қисқартириш, давлат мулки ёки ҳиссаси юкори даражада сақланиб қолаётган тармоқ ва корхоналарда бозор механизми ва муносабатларини кенгайтириш, иқтисодий ҳокимиятни мулкдорларга бериш, инвестициялар ва бозор рақобатига муҳит яратиш, иш ўринлари ҳосил этиш ва шу каби ижобий жиҳатларни назарда тутганлиги билан яхши фармон, деб ҳисоблайман”.

Хидирназар Аллақулов
Хидирназар Аллақулов


Айни пайтда профессор янги фармон мулкни қайта ва қайта тақсимлаш ҳамда табақалашувнинг кучайишига олиб келиши эҳтимолидан хавотир билдирди.


“Давлат мулкини хусусийлаштиришга гўёки "қонуний" тус бериш орқали давлат мулки тақсимланиб ва қайта тақсимланиб коррупциялашган гуруҳлар томонидан эгаллаб олинди. Мамлакат иқтисодий қолоқликка юз тутди. Аҳоли ўртасида эса, кескин табақалашув содир бўлиб, асосий қисми қашшоқлашди”.

Давлат мулкини хусусийлаштиришга гўёки "қонуний" тус бериш орқали давлат мулки тақсимланиб ва қайта тақсимланиб коррупциялашган гуруҳлар томонидан эгаллаб олинди.

Профессор Аллақуловнинг фикрича, Президент фармонида давлат улуши иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш жараёнида содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлган коррупцион ҳолатларга қарши чора-тадбирлар ҳақида мутлақо хеч нарса айтилмаган.

Хидирназар Аллақулов мамлакатнинг жорий ижтимоий-иқтисодий аҳволини шарҳлар экан, сўнгги 4-5 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти орқага кетиб, аҳолининг реал даромадлари пасайиб бораётганига эътибор қаратади. Унинг фикрича, коронавирус пандемияси туфайли мамлакатнинг иқтисодий ҳолати ва халқнинг аҳволи янада оғирлашган бир пайтда фақат иқтисодий чораларнинг ўзи билан узоққа бориш қийин.

"Мавжуд сиёсий тизим сақланиб қолса, аҳвол янада оғирлашиб бораверади", - дейди олим.

Профессорга кўра, давлат бюджетига солиқ тушумлари ва умуман, тушумлар камайиб кетгани ва бюджет тақчиллиги билан боғлиқ вазиятнинг жиддийлигини олтин сотишда Ўзбекистон биринчи ўринга чиққанидан ҳам кўриш мумкин.

Менинг назаримда мазкур фармонда бир ўқ билан икки қуённи уриш мақсад қилиб олинган...

“Менинг назаримда, мазкур фармонда бир ўқ билан икки қуённи уриш мақсад қилиб олинган. Биринчидан бюджет тақчиллигини бартараф этиш учун маблағ тушириш, иккинчидан давлат улуши бўлган корхоналарни хусусийлаштириш тусини бериб, коррупциялашган гуруҳлар томонидан мулкни тақсимлаб ёки қайта тақсимлаб, ўзлаштириб олиш деб ҳисоблайман”.

Хусусийлаштиришнинг мухтасар тарихи

Давлат активларини бошқариш агентлигига кўра, Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштиришнинг биринчи босқичи 1992-1993 йилларда ўтказилган бўлиб, у “майда хусусийлаштириш” номини олган.

Биринчи босқичда давлат уй-жой фонди, савдо, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш кичик корхоналари, маҳаллий саноат ва иқтисодиётнинг баъзи бошқа тармоқлари хусусийлаштирилган.

1994 йилдан бошлаб бозор инфратузилмасини, шу жумладан инвестицияларни жалб этиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантириш давом эттирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 апрелдаги қарори билан 2012-2013 йилларга мўлжалланган хусусийлаштириш давлат дастури асдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 июлдаги қарори билан ушбу хусусийлаштириш дастури ижро муддати 2015 йилнинг охирига қадар узайтирилган.

Хусусийлаштиришга оид яна бир қарорни Вазирлар Маҳкамаси шу йилнинг 15 июнида қабул қилган бўлиб, бу қарорга биноан Давлат активларини бошқариш агентлиги муассислигида акциядорлик жамияти шаклида UzAssets инвестиция компанияси ташкил этилган.

XS
SM
MD
LG