Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:19

Хусусий бандлик агентликлари: Иқтисодий ислоҳотлар йўлидаги аччиқ сабоқ


Human хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳинур Файзуллаев 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди
Human хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳинур Файзуллаев 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов мамлакатдаги барча хусусий бандлик агентликларини ёпиб ташлаш билан таҳдид қилди ва айни дамда бу яхши фикр бўлиши мумкин.

2016 йил сентябридан бери мамлакатни бошқариб келаётган президент Шавкат Мирзиёев мамлакатини турғунлик ботқоғидан олиб чиқишга ваъда берган эди. Ўзбекистон иқтисодиёти 2016 йили вафот этган биринчи президент Ислом Каримов даврида турғун ҳолатга тушиб қолган.

Мирзиёевнинг иқтисодиётга туртки бериш борасидаги уринишларида айрим нохуш ҳолатлар ҳам бўлиши турган гап эди.

Европа ва Шарқий Осиё мамлакатларида иш топишда аҳолига кўмаклашаётган хусусий бандлик агентликлари бунга мисол бўла олади.

Арипов 19 февралда “Human” хусусий бандлик агентлиги мижозлари билан учрашди.

“Озодлик” радиоси кўп ойлар давомида товламачилик билан шуғуллаётган бандлик агентликлари ҳақида хабарлар бериб келди. “Human” ўшалар орасидаги ёмон от чиқарган агентликлардан биридир.

2019 йил сентябри охирида 52 мижоз судга “Human” агентлигига қарши товламачилик айблови билан даъво аризаси киритди. Улар 2018 йил ноябридан 2019 йил сентябрига қадар агентликка Германия, Чехия Республикаси, Болгария, Литва, Туркия ва Япония сингари мамлакатлардан иш топиб бериши учун пул берган.

Ҳар бир киши 18 – 35 миллион сўм (тахминан, 1800 – 3700 АҚШ доллари) тўлаган. Агентлик ходимлари пулни чўнтагига урган, аммо ҳеч бир мижозга чет элдан иш топиб бермаган.

Расман айтилишича, Ўзбекистондан 2 миллионга яқин киши чет мамлакатларда, асосан, Россияда меҳнат мигрантлари бўлиб ишламоқда. Баъзи кишилар ушбу рақам икки марта кўп деб ҳисоблайди. Ўн йилдан кўпроқ вақтдан бери вазият шундай бўлиб келмоқда.

Оғир шароитлар

Мигрант ишчилар ҳар йили Ўзбекистонга бир неча миллиард доллар жўнатади. Лекин уларнинг ишлаш ва яшаш шароитлари оғир ва маошлари умумий кўрсаткичдан ўта паст.

Марказий Европада ёки Япония ва Жанубий Корея сингари мамлакатларда ишлаш яхши имконият сифатида кўрилади ва иш изловчилар “Human” сингари агентликларга иш топиб бергани учун бир йилда топадиган маошини тўлашга рози.

“World Work” деб аталувчи яна бир хусусий бандлик агентлиги мижозларига Болгарияга ишга жўнатишга, улар ўша ерда 800 евролик маош олишига, бепул тураржой ва озиқ-овқат билан таъминланишига ваъда берган.

“Озодлик” радиоси мухбири 2018 йил декабрида Ўзбекистон жанубидаги Қашқадарё вилоятида яшовчи 42 яшар Ориф Рустамов билан суҳбатлашган эди. У оила аъзолари билан бирга Интернетдан Тошкентда жойлашган “International Experience” агентлигини топиб, 2019 йил апрелида унинг вакиллари билан шартнома имзолайди.

Уларнинг ҳар биридан 4000 доллар олган агентлик 3 ой ичида Чехия Республикасидан иш топиб беришни ваъда қилади. Аммо орадан саккиз ой ўтгач ҳам на агентликдан ва улар тўлаган пулдан бирор дарак бўлади.

“Озодлик” ноябрда Навоий шаҳридаги бир хусусий бандлик агентлиги 211 мижознинг 66 минг доллардан ошиқ пулга чув тушириб кетгани ҳақида хабар қилган эди. Ўша мижозларга Жанубий Кореядан 2000 доллар ойлик маош тўланадиган иш ваъда қилинган.

14 августда Бандлик ва меҳнат вазирлиги матбуот хизмати одамларга хизмат ҳақини олдиндан 100 фоиз олган бандлик агентлари ҳақида огоҳлантириш билдирган ва уларни ёпишга ҳам ваъда берган, лицензияси қайтариб олинган агентлик рўйхатини ҳам эълон қилган эди.

Зикр этилган агентликлардан фақат “Human” рўйхатда йўқ эди. Уларга 2018 йил 17 декабридан 2019 йил 12 апрелига қадар лицензия берилган. Лицензия берилишидан бир оз олдин, яъни 2018 йил ноябрида Бандлик ва меҳнат вазирлигига қарашли Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори, директор ўринбосари ва бошқа амалдорлари бир қанча жиноятларда, жумладан, Кореяга ишга жўнатаман деб пора олганликда, айбланиб қамалган эди.

2019 йил октябрида Қонунчилик палатаси ўтказган суриштирувдан маълум бўлишича, 65 та хусусий бандлик агентлигига лицензия берилган, аммо улардан 30 таси Ўзбекистондан ташқарида ишлаш учун бирорта ҳам иш топиб бермаган.

Ариповнинг “Human” агентлиги алдаб кетган мижозлар билан учрашувига қайтадиган бўлсак, бош вазир ўшанда президент буйруғи билан пулидан айрилган 1084 кишига товон пули берилишини маълум қилган эди. Бундай агентликлардан жабр кўрган яна қанча киши пули қайтарилишини даъво қилаётгани маълум эмас.

“Human” агентлигининг лицензияси 2019 йил сентябрида бекор қилинди ва унинг директори Шоҳнур Файзуллаев 10 йилга кесилди.

Мирзиёев Каримов президент бўлган йиллар (1991 – 2016) мамлакат иқтисодиётига етган зарарни ислоҳотлар, жумладан, иқтисодий ислоҳотлар билан тузатишга ваъда бериб келяпти.

Хусусий бандлик агентликларига рухсат берилиши Мирзиёев ҳукуматининг ана шундай уринишларидан бири бўлган эди, лекин энди бунақа агентликлар фаолиятини яхшироқ тартибга солиш кераклиги аён бўлмоқда.

Хусусий бандлик агентликларини ташкил этишга рухсат берадиган қонун 2018 йил 27 сентябрида кучга кирган эди. Тахминан 1 йил давомида фақат одамларни қақшатиш билан шуғулланган 60 га яқин агентлик ташкил этилди.

Мирзиёев ҳукуматига муаммони тан олгани, уни ҳал этмоқчи ва айрим алданиб қолган кишиларга товон пули тўлаб бермоқчи бўлаётгани учун раҳмат айтиш керак.

Ўзбекистон ислоҳотлар йўлидан одимлаб боргани сари ушбу муҳим сабоқдан керакли хулоса чиқариб олинади ва такрорланишига йўл қўйилмайди, деб умид қилса бўлади.

Брус Панниер, Озод Европа/Озодлик радиосининг инглиз тилидаги Qishloq Ovozi блоги олиб борувчиси.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG