Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:45

Цемент импортига тақиқ бекор бўлгани мамлакатдаги цемент заводларига салбий таъсир қилди


"Қизилқумцемент" заводи.
"Қизилқумцемент" заводи.

«Қувасойцемент»¸ «Бекободцемент» ва «Қизилқумцемент» мутахассисларининг Озодликка айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг 22 май кунги қарори туфайли мамлакат бозорига ташқаридан кўп миқдорда цемент кириб келгани оқибатида маҳаллий заводларда ишлаб чиқариш ҳажми тушиб кетган.

Цемент заводлари вакилларига кўра, цементга импорт чеклови бекор қилиниши мамлакатдаги цемент ишлаб чиқарувчи 5 та йирик цемент заводи маҳсулотлари реализацияси ҳажмини қисқартириб юборди.

Хусусан, «Қувасойцемент» заводи 22 майгача кунига 5 минг тонна цемент ишлаб чиқарган бўлса бу рақам 28 май куни 4 минг тоннани ташкил қилиб¸ ишлаб чиқариш тўртдан бирга камайган.

"Қизилқумцемент" ва Охангарондаги цемент заводи ходимлари ҳам деярли бир хил гапни айтди. Цемент ишлаб чиқариш хажми сезиларли камайган. Охангарон цемент заводи кейинги 4 кун ичида сурункасига 500 тонна кам цемент ишлаб чиқарган. Завод омборлари сотилмай қолган цементга тўлган.

«Бекободцемент» заводининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Руслан Гариповнинг 28 май куни Озодликка айтишича¸ мамлакатга кириб келаëтган цемент сифати борасида ҳам саволлар бор.

Гариповга кўра¸ маҳаллий цемент саноати мамлакат эҳтиëжини қондира олади:

«Цемент импортига тақиқ бекор бўлгани қатор салбий оқибатлар касб қилди. Биринчидан, мамлакатдан валюта чиқиб кетмоқда. Иккинчидан,цемент тужжорлари иложи борича арзон ва сифати шубҳали бўлган цементни олиб киришмоқда. Бу сифати шубхали цементдан уйларнинг томини бостирадиган бетон тўсинлар ясалса одамлар ҳаëти хавф остида қолади. Маҳаллий цемент саноати эса давлат стандартларига амал қилади. Маҳаллий завод 400 марка деб сотувга чиқарган цемент сифати доимо 450 ва ундан юқори бўлади. Пишиқлик запаси деган қоидага амал қилинади. Ўзбекистондаги цемент заводлари хатто Россияникидан ҳам мукаммал ва замонавий технологияга эга. Ўтган йили мамлакатдаги цемент заводлари 11 миллион тонна цемент ишлаб чиқаришди. Ташқаридан эса уч ярим миллион тонна цемент импорт қилинди. Бу уч ярим миллион тонна цементни ҳам мамлакатдаги 5 та йирик ва ўнга яқин майда корхоналар ишлаб чиқариб аҳоли эхтиëжини қондира олади».

Гариповнинг яна таъкидлашича цемент ишлаб чиқариш линиясидаги узилишлар завод технологик тизими учун салбий оқибат касб этмоқда:

«Печкалар ичидаги юқори ҳарорат узлуксиз бўлиши технология талабидир. Билсангиз, қишда газ етишмовчилиги боис, завод бир муддат тўхтади. Бугун эса ишлаб чиқарилган маҳсулот сотилмагани учун тўхтаса бундан цемент саноати ютмайди. Бундан ташқари бу заводлар мавжудлигининг ижтимоий аҳамияти ҳам бор. Бекобод ва Охангарон шаҳарларидаги минглаб аҳоли шу заводларда ишлаб кун кўради. Бу заводларнинг муттасил ишлашидан давлат ҳам манфаатдор бўлиши ва Германияда жорий қилингани каби қисман субсидия ҳам қилиниши керак».

Гариповга кўра¸ Германиядаги Хайделберг цемент заводининг электр энергиясига ҳаражатини давлат субсидия ажратиб қоплаб беради. Бунинг эвазига завод шаҳардаги чиқиндиларни ўз печкасида ëқиб утилизация қилиб беради.

Суҳбатдош Германиядаги бу тизим яқин истиқболда Ўзбекистон цемент саноатига жорий қилиниши режаланганини ҳам айтди.

Озодлик 28 май куни суҳбатлашган "Ўзстандарт" давлат агентлиги мулозими¸ қурилиш бозорларидаги импорт цемент намуналари тасодифий танлов асосида текширилаëтганлигини айтди. Мулозимга кўра¸ барча импорт цементни бирдай сифати ëмон дейишга асос йўқ.

Таннархи қиммат ўзбек цементи

Цемент¸ қурилиш қоришмалари бўйича номзодлик диссертацияси ëқлаган олим ва мухандис Абдулла Юсупов¸ «Бекободцемент» заводи вакили Гарипов айтган асосий фикрга қўшилган холда¸ махаллий цемент заводлари юз тутган муаммоларга тўхталди:

«Бу таннарх масаласи. Масалан, бир миқдор цементни ишлаб чиқаришга Германиядаги заводда 10 киши банд бўлса¸ бизда 50 киши шунча цементни ишлаб чиқаради. Шу кунда маҳаллий цементнинг бир тоннаси 70 АҚШ доллари. Шу сифатдаги цементни Қозоғистон ëки Эрондан тоннасига 35 АҚШ доллар тўлаб обкелиш мумкин. Иккинчи муаммо маркетинг билан боғлиқ. Маҳаллий заводлар цементни биржага қўймай¸ ахоли ва тадбиркорларга нақд пулга сотяпти. Биржага қўйса атайлаб нархни баланд қилиб қўйишяпти. Учинчи муаммо перепроизводство. Маҳаллий цемент завод омборларида туриб қолиб сифатини йўқотмоқда».

Юсуповнинг яна таъкидлашича¸ ҳақиқатда яхши тажриба ва ишлаб чиқариш потенциалига эга бўлган цемент саноати модернизацияга мухтож:

«Технологик линияларни яхшилаш¸ тош майдаловчи тегирмонлар модернизацияси ўз йўлига. Асосийси эффектив бошқарув¸ сифатни айни ҳолатда ушлаб таннархни камайтириш масаласи. Шу масала ечилса, Ўзбекистон цемент заводлари маҳаллий аҳоли эхтиëжини қондириб¸ қўшниларга ўз маҳсулотини экспорт қилиши ҳам мумкин. Ҳозирги кунда мамлакат заводлари ташқарига цемент экспорт қилмайди»

Юсуповга кўра, яқин олти ой ичида АҚШнинг «Alfa Eco Corporation» компанияси Жиззах вилоятнинг Зафаробод, Фориш, Бахмал туманларидан бирида цемент заводи қуриб ишга туширади.

Бу эса ўз навбатида цемент бозорида маҳаллий ишлаб чиқарувчи улушининг радикал кўпайишига сабаб бўлади»

Харидор хурсанд

Тошкент вилоятида кичик турар-жойлар қуриш билан шуғулланадиган ширкат эгаси¸ кейинги 4 кун ичида биржада цемент нархи сезиларли арзонлаганлигини Озодлик билан суҳбатда билдирди.

"Импорт цементга чеклов олингандан кейин биржада цемент нархлари тушди. Серобчилик бўлса, арзончилик бўлади. Олдин тоннаси 70 доллар бўлган цементни 59 доллардан олдик. Яна қараб турибмиз, нарх тушсин деб. Хурсандмиз".

Қарордан қароргача

Ҳукуматнинг жорий йил 23 апрелдаги қарорига мувофиқ, цементга Ўзбекистонда бўлган талабнинг пасайиши сабабли унинг импорти вақтинча тўхтатилган эди.

Цемент импортига киритилган чекловдан бир ой ўтиб, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, чеклов олиб ташланди.

Цемент импорти тақиқини бекор қилган ҳужжат
Цемент импорти тақиқини бекор қилган ҳужжат

Республикада амалга оширилаётган қурилиш ишларининг тўхтаб қолмаслиги учун 23 майдан бошлаб цемент импортига жорий қилинган чеклов бекор қилинади, дейилади ҳужжатда.

25 апрелдан бошлаб қурилиш бозорлари фаолияти ва бинолар қурилишига изн берилгани ортидан цементга эҳтиёж кучайди.

Озодлик Цемент импортига тақиқ бекор бўлгани мамлакатдаги цемент заводларига салбий таъсир қилгани юзасидан изоҳ сўраб, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ахборот хизматига мурожаат қилиб жавоб ола олмади.

XS
SM
MD
LG