Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:51

ШҲТ саммити: Аъзо давлатлар Эронни ташкилотга аъзо қилиш бўйича ҳужжатни маъқуллади


Эрон президенти Иброҳим Раисий саммитга мезбонлик қилган Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан - 17 сентябрь, 2021
Эрон президенти Иброҳим Раисий саммитга мезбонлик қилган Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан - 17 сентябрь, 2021

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити қатнашчилари 17 сентябрь куни Душанбеда Эронни ташкилотга қабул қилиш жараёнини бошлаш назарда тутилган ҳужжатни маъқуллади. Душанбе саммити якунлари бўйича жами 30 та ҳужжат қабул қилинди.

Эрон президенти Иброҳим Раисий ўз мамлакатининг ШҲТга қабул қилиниши бошланганини олқишлади. У ўз чиқишида хорижий давлатларнинг Афғонистон ички ишларига аралашишини кескин танқид қилди – Раисийга кўра, Афғонистондаги беқарорлик сабаби айнан шунга бориб тақалади.

Эрон раҳбарининг урғулашича, минтақа давлатлари қўшни мамлакат ишларига аралашиш ўрнига бор куч ва ғайратини хайрли ишларга, хусусан, Афғонистонда барча маҳаллий халқлар ва этник гуруҳлар иштирокида инклюзив ҳукумат тузишга қаратишлари лозим.

“Биз афғон халқи мавжуд муаммоларни бартараф этиб, келажакка йўл очиши учун шарт-шароит яратмоғимиз керак. Эрон наздида, бунга фақат минтақа мамлакатлари кўмагида эришиш мумкин”, - деди у.

Теҳрон ШҲТда кузатувчи мақомини 2005 йилда олган эди. Уч йил ўтиб Эрон тўлақонли аъзоликка қабул қилишни сўраб ариза берган. Бироқ Эронни унга нисбатан қўлланган халқаро санкциялар ўз кучида бўлгани сабабли ташкилотга қабул қила олишмаган: ШҲТ низомига кўра, БМТ Хавфсизлик кенгаши санкцияси остидаги мамлакат унга аъзо бўла олмайди. Мазкур санкциялар 2015 йилда – узоқ музокаралардан сўнг Теҳрон ўз ядро дастурини чеклашга розилик билдиргач, бекор қилинди. Лекин Теҳроннинг йўлида янги ғов пайдо бўлди: Душанбе Эронни Тожикистонда тақиқланган Ислом уйғониши партиясини дастаклашда ва мамлакатда амалга оширилган террорчилик хуружларига билвосита алоқадорликда айблаб, унинг аризасини ўтказдирмади. Кейинроқ расмий Душанбе ва Теҳрон ушбу масалада келишиб олишга муваффақ бўлди.

Саммитда видеоалоқа орқали иштирок этаётган Владимир Путин Москва Эроннинг ШҲТ фаолиятида тўла маънода иштирок этишини қўллаб-қувватлагани, чунки Теҳрон минтақада муҳим аҳамият касб этишини айтди. “Эроннинг қабул қилиниши, шак-шубҳасиз, ташкилотнинг халқаро обрў-эътиборини янада оширади”, таъкидлади Россия президенти.

Душанбе саммити иштирокчилари Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига мулоқот ҳамкори мақоми берилишига розилик билдиришди.

Душанбеда ШҲТ саммити якунлари бўйича жами 30 та ҳужжат имзоланди. ШҲТнинг 20 йиллигига бағишланган Душанбе декларацияси, терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича 2022-2024 йилларга мўлжалланган дастур, гиёҳванд моддаларга қарши стратегияни амалга оширишга оид 2018-2023 йилларга мўлжалланган режа, ахборот хавфсизлиги бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси шулар жумласидандир.

Саммитда ШҲТга аъзо барча давлатлар Афғонистондаги вазият юзасидан ўз муносабатини баён қилди. ШҲТ давлатлари қўшни мамлакатдаги вазият, айниқса, Афғонистондаги Толибон ҳукумати борасида ягона нуқтаи назарга эга эмас. Чунончи, Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон Толибон ҳаракати Афғонистонда мустабид ҳокимият барпо этиш ниятида экани ва ўрта асрларга хос қаттиқ шариат қонунларига асосланган Ислом Амирлиги ташкил этилганини эълон қилганини айтди.

Россия президенти Владимир Путин Афғонистонда ҳукумат алмашиши қон тўкилмасдан амалга оширилганини эслатиб, буни ижобий воқелик сифатида тилга олди. Путиннинг фикрича, Толибон ҳаракатини ўзи берган ваъдаларни бажаришга, яъни ижтимоий ҳаётни бир маромга солиш ва афғон жамиятининг барча қатламлари хавфсизлигини таъминлашга ундаш маъқул бўлур эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса, 2022 йилда ШҲТ – Афғонистон форматида музокаралар ташкил қилишни таклиф этди. “Ўз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва ушбу мамлакатдаги вазиятни сиёсий йўллар билан тартибга солиш масалаларини кенг даврада муҳокама қилиш учун ШҲТ – Афғонистон форматида мунтазам равишда юқори даражадаги учрашувлар ўтказишни таклиф қиламиз”, деди Мирзиёев ва мунозараларга кузатувчи давлатлар ва мулоқот ҳамкорлари вакилларини ҳам жалб қилиш зарурлигини қўшимча қилди.

ШҲТ мамлакатлари фақат бир масалада якдил бўлиб чиқди: Афғонистонда барча халқлар ва этник гуруҳлар иштирокидаги инклюзив ҳукумат шакллантирилиши лозим. Эмомали Раҳмон Афғонистонда давлат қурилиши барча фуқароларнинг иродаси ва муносабатидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши кераклигини урғулади. Кобулга халқ фикри ҳисобга олинмаган ҳар қандай сиёсий тузумни тиқиштириш, унинг айтишича, кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига 2001 йил 15 июнда ХХР, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан асос солинган. Ўшанда 1996-1997 йилларда Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия ва Тожикистон ўртасида имзоланган ҳарбий соҳада ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва чегара ҳудудларида қуролли кучларни қисқартиришга доир битимларнинг имзоланиши натижасида вужудга келган “Шанхай бешлиги”нинг барча аъзолари ШҲТга кирганди.

Ҳозирда ШҲТ аъзолари сони саккизта: Покистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ҳиндистон.

XS
SM
MD
LG