Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:16

Пайғамбар мушк-анбари ва қовоқ мойи: Эрон лўттибозлик ва ислом тиббиёти коронавирусни даволамаслигидан огоҳлантирмоқда


Коронавирус юқтириб, Эрон шимолидаги шифохонада даволанаётган беморларга “пайғамбар мушк-анбари” деб атаган нарсани ҳидлатган мусулмон руҳонийси ўзини ҳибсга олишга ордер берилгандан сўнг яширинишга мажбур бўлди.

Ислом тиббиёти тарафдори бўлган Муртазо Кўҳансалнинг ижтимоий
тармоқлардаги видеоларда Ғилон вилоятидаги шифохоналардан бирида дамламани бармоғи билан беморларга суртмоқчи бўлаётгани тасвирланган.

Унда ҳеч қандай ҳимоя кийими киймаган Кўҳансал тетиклаштирувчи дамлама ўта хавфли COVID-19 касаллигидан азият чекаётган беморларни даволашини айтади.

Чаласавод руҳоний бир беморга, агар аксирсанг, енгил тортасан, дейди.

Видеога тушган беморлардан бири руҳонийнинг кутилмаган зиёратидан бир-икки кун ўтиб, ўлиб қолди.

Эрон ахборот воситалари Кўҳансал шифохонага рухсатсиз
кирганини хабар қилди.

Видео кенг тарқалиб кетгач, ҳокимият идоралари Кўҳансалнинг хатти-
ҳаракатларини қоралаб, уни ҳибсга олиш учун қидираётганини билдирди.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Киануш Жаҳонпур
Кўҳансалнинг беморларни даволаш ишига аралашганликда ва “жамоатчилик фикрини безовта қилиш”да айблади ҳамда ҳуқуқни муофаза қилиш идоралари унга қарши чора кўришига умид билдирди.
Эрон 28 март ҳолатига кўра 2517 кишининг бошига етган ва 35 408 кишига юққан коронавирус тарқалишини жиловлаш учун курашмоқда.

Кўплаб эронликлар ва халқаро тиббиёт экспертлари ушбу рақамлар аслидан кўра анча паст эканини айтмоқда.

Ўн минглаб кишилар инфекция юқтиргани ортидан ҳукумат жамиятда
чекловлар жорий қилаётган бир пайтда ижтимоий тармоқларда COVID-19 ни юқтиришнинг олдини олиш ва даволаш бўйича сохта шифокорлар нотўғри тиббий маслаҳатлар тарқатмоқда.

Шулардан бири ўзини “ислом тиббиёти отаси” деб таништираётган Аббос Табризяндир.

У Телеграм каналида бинафша гули мойи коронавирусни даволашда фойдали эканини айтгани хабар қилинмоқда. Лекин тиббиёт мутахассислари унинг иддаосини рад этди.

Ахборот воситаларига кўра, Кўҳансал Ироқда истиқомат қилувчи Табризяннинг издошидир.

Бошқа сохта шифокорлар эса коронавирус юқтирмаслик учун аччиқ қовоқ мойидан фойдаланишни тарғиб қилмоқда. Аслида тиббиёт мутасаддилари бунга ҳам рухсат бергани йўқ.

Бошқалар эса интернет орқали қалбаки дориларни сотишга уриниб, улар
коронавируснинг баданга кириши олдини олиши ёки COVID-19 касаллигини даволашини иддао қилмоқда. Ваҳолонки, ҳали бу касалликнинг давоси топилгани йўқ.

10 мартда Эроннинг Озиқ-овқат ва дори-дармон ташкилоти амалдори Меҳрноз Хайрондишга иқтибосан Hamshahrionline.ir сайти хабар қилишича, интернет орқали коронавируснинг давоси сифатида сотилган гиёҳ дамламасини ишлаб чиқариш учун расмий рухсатнома берилмаган, шунинг учун уни сотиш ноқонуний ҳисобланади.

Хайрондиш ватандошларини ёлғон-яшиқ иддаоларга ишонмасликдан, синовдан ўтмаган дориларни интернет орқали сотиб олмасликдан огоҳлантирди.

Эрон соғлиқни сақлаш вазири Саид Намакий ҳам жорий ҳафта бошида
“саводсиз лўттибоз ва сафсатабозлар” исломий ва анъанавий тиббиёт ниқоби остида халқни алмамоқчи бўлаётганидан огоҳлантирган эди.
Намакий шифокорлар ҳамда Ғарб ва анъанавий тиббиёт мутахассислари эронликларни чалғитувчи дорилардан ҳимоя этиш учун ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидлаган эди.

Бошқа мутахассислар ҳам анъанавий дори-дармон ва даволаш усуллари коронавирусни даволашда ёрдам бермаслигини, ҳатто Хитой, Қўшма Штатлар ва Европада ҳам ушбу вирусни даволашга ҳалигача дори топилмаганини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG