Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:07

Яна бир янги тизим. Меҳрибонлик уйлари Миллий гвардия тасарруфига ўтказилди


Ўзбекистонда 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та болалар шаҳарчаси мавжуд
Ўзбекистонда 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та болалар шаҳарчаси мавжуд

Меҳрибонлик уйлари Ўзбекистон Миллий гвардияси қарамоғига ўтди. Ўзбекистон президенти қарори билан ҳар бир Меҳрибонлик уйида гвардиячилар учун директор муовини лавозими киритилади.

Озодлик суҳбатлашган Меҳрибонлик уйи ходимлари ҳукуматнинг бу қароридан мамнун эканини гапирмоқда.

Мирзиёев: "Ота” ва “она” меҳрини бера оладиган тизим яратишимиз керак

Меҳрибонлик уйлари учун жавобгарлик Ўзбекистон Миллий гвардиясига юкланди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу қарор Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентдаги 21 -Меҳрибонлик уйига ташрифи чоғида эълон қилинган.

Ўзбекистон президенти Меҳрибонлик уйларида болалар билан индивидуал ишлаш, ўқувчиларни касбга йўналтириш ўз даражасида йўлга қўйилмагани, вояга етган ўқувчиларнинг мустақил ҳаётга биринчи қадамларини қўйишга, олий маълумот олишлари ва ишга жойлашишига ёрдам берадиган бўлим йўқлигига эътибор қаратган:

- Очиқ айтиш керак, бугунги кунда халқ таълими тизимига қарашли Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларидаги тарбиячиларнинг 95 фоизи аёллар бўлиб, болалар уларни “она” деб чақиришади. Лекин, “ота” тарбияси-чи? Бу ердаги фарзандларимизни оилага имкон қадар яқин муҳитда тарбиялашимиз учун, албатта, “ота” ва “она” меҳрини бера оладиган тизим яратишимиз керак. Туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари болаларни ҳомийлик, васийлик ва оила патронатига бериш ишларига умуман эътиборсиз.

Президент соҳада мутлақо янги тизим жорий қилинишини айтди.

Янги тартибга кўра, республикадаги 16 та Меҳрибонлик уйлари ва 4 та Болалар шаҳарчалари Халқ таълими вазирлиги тизимидан чиқарилиб, Миллий гвардияга ўтказилади.

Бунинг учун, Миллий гвардияда алоҳида қўмондон ўринбосари лавозими жорий этилиб, бошқарма ташкил этилади.

Миллий гвардия қўмондони икки ҳафта муддатда ҳар бир Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларига шахсан ўзи бориб, уларга Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, ҳар бир гуруҳга малакали офицер ва психологларини бириктиради, логопед ва дефектологларни ишга олади.

Икки ой муддатда бириктирилган Миллий гвардия ходимларини болалар билан ишлашга ўқитилади. “Меҳрибонлик уйлари”даги болаларга тарбия бериш, уларни фан, IT, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича мутлақо янги методикаларни ишлаб чиқади.

- Олийгоҳларнинг етакчи профессор-ўқитувчилари ҳафтада камида икки кун ушбу тўгаракларга келиб, болаларни ўқитиб берадилар. Бунинг учун, уларга алоҳида устама тўланади. Бундан ташқари, Миллий гвардия, Туризм ва спорт вазирлиги спорт федерациялари билан бирга икки ҳафта муддатда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун якка кураш, футбол, сузиш, теннис, шахмат каби спорт тўгаракларини ташкил этади. Вилоят ҳокимлари бир ой муддатда Меҳрибонлик уйларидаги болаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитларни яратиб бериш, зарур спорт анжомлари билан таъминлашга шахсан масъул бўладилар, дея кўрсатма берди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, етим ёки ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган иқтидорли талабалар стипендияси 50 фоизга оширилиши, уларга пенсия тўлаш муддатини амалдаги 18 ёшдан 23 ёшгача узайтирилиши кераклиги айтилди.

Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий гвардия вилоят ҳокимлари билан бирга бир ҳафта муддатда ҳар йили ёз ва қиш мавсумларида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда васийлик, ҳомийлик ва патронатдаги болалар учун Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон, Термиз каби қадимий шаҳарларга саёҳат уюштириб беришлари белгиланди.

Етим талабаларга зарур адабиётлар сотиб олиш учун ҳар йили бир марта давлат ҳисобидан 1 миллион 200 минг сўм субсидия бериладиган бўлди.

Ҳукумат ушбу янгиликни тажриба сифатида жорий қилаётганини ҳам маълум қилди.

"Прокурор – прокурорлигини қилсин, ҳарбий – ҳарбийлигини!"

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Меҳрибонлик уйларининг ҳарбий бўлинмаларга топширилиши ўзини оқламайди, деган фикрда. Суҳбатдошга кўра, бу қарор мансабдор шахслар орасида коррупция ва суъистемол ҳолатларини оширади:

- Ўзбекистонда ўзи шу каби “қўлбола” бошқарув механизмлари жорий этилмоқда. Бу жуда нотўғри нарса. Педагогик ва махсус психологик тайёргарлиги йўқ одамларга Меҳрибонлик уйларини “ҳомийликка” топширишнинг ўзи хато. Бу билан етимхоналарнинг моддий базасини кўтариш назарда тутилаётган бўлса – қандай қилиб битта бюджет ташкилоти бошқа бюджет ташкилотини қарамоғига олиши мумкин?! Ўзи давлат ҳисобига яшаса, қайси маблағлар эвазига бу ёрдам кўрсатилади? Сўзсиз, бу ҳолат коррупция ва ваколат доирасидан чиқиш ҳолатларини келтириб чиқаради. Энг ачинарлиси, Мирзиёев даврида давлат бошқаруви тўғрисидаги қонунда бўлмаган “юзбоши”, “мингбоши”, “туманбоши” бошқарув усуллари жорий этилмоқда. Масалан, тиббиёт соҳаси энди прокуратурага топширилибди. Прокурор – прокурорлигини қилсин, ҳарбий – ҳарбийлигини! - деди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинлари таркибида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш учун тузилган ҳарбий бўлинмадир. 2017-йил август ойидан Миллий гвардия мамлакат Қуролли кучлари таркибидаги мустақил қўшин тури сифатида мавжуд.

Ҳарбий мутахассислар Ўзбекистон Миллий гвардияси тузилма сифатида Россияда президентга бўйсунувчи Росгвардиядан кўчирилганини айтишади.

Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон президентига бўйсунади, Миллий гвардия қўмондони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

"Биз бу қарордан жуда хурсандмиз"

Айни пайтда, Шавкат Мирзиёев Меҳрибонлик уйларидаги ҳолатга масъул вазирлик ва ҳудуд сектор раҳбарлари ишини танқид қилди, муассасалардаги таълим-тарбия ишлари ҳам мутлақо қониқарсиз эканини таъкидлаб ўтди.

У сўнгги 10 йилда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларини уй-жойга муҳтож 1 минг 188 нафар битирувчиларидан 610 нафарига ёки 51 фоизига уй-жой ажратилгани; Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг атиги 1,6 минг нафари ёки 64 фоизи иш билан таъминлангани; 2020 йилда ихтисослашган мактабларни битирган 1,5 мингдан зиёд ногиронлиги бор ёшларнинг атиги 264 нафари ишга жойлаштирилгани рақамларини келтирди.

Озодлик бу вазиятни шарҳлаш учун Меҳрибонлик уйлари ходимлари билан суҳбатлашди.

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги 22-сонли муассаса раҳбари ҳозирги кунда Меҳрибонлик уйларида кетаётган ўзгаришлар якунланмагани ва янги тартиб қандай амал қилиши тўғрисида турли идора вакиллари билан музокалар олиб борилаётганини айтди.

Бухородаги Меҳрибонлик уйининг Миллий гвардиячи қўриқлаш ходими эса, таркибий ўзгаришлар аллақачон жорий қилинаётганини маълум қилди.

- Меҳрибонлик уйи Халқ таълимидан Миллий гвардия тасарруфига ўтди. Буларнинг муаммоларини энди тўлиқ Миллий гвардия ҳал қилади. Муассаса давлат бюджети ҳисобида тураверади. Директор ўринбосари этиб Миллий гвардиядан одам қўйилади. Тадбирлар ўтказиш, назорат қилиш, болалар билан суҳбатлашиш. Аслида биз илгаритдан Меҳрибонлик уйини қўриқлаб келардик, деди суҳбатдош.

Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси” директори, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Покиза Аҳмеджанова Меҳрибонлик уйи ходимлари ва тарбияланувчилари ушбу хабарни қувонч билан кутиб олганини сўзлаб берди.

- Бизнинг Болалар шаҳарчамиз ўзи Миллий гвардия ёнида жойлашган. Кўп болфларимиз ҳавас қилиб, “Миллий гвардияга кираман!”, деб юрарди. Кеча президентимиз “Миллий гвардияга ўтасизлар!” дейиши билан ўгирилсам, ўтирган 20 та болларим менга ялт этиб, хурсанд бўлиб қараяпти! Мисол-да, уй-жой масаласида ҳокимиятларга чиқардик, улар маблағдан қийналарди. Энди бунинг конкрет ечими бўлди: 50 фоиз маҳаллий ҳокимият – 50 фоиз бюджетдан бўлади. Бу йил 17 боламиз олий ўқув юртига кирди. Олдин йиғилишларимизга Олий таълимдан устозлар талабалар келардию, бирда бўларди – бирда бўлмасди. Энди бу қарор билан мустаҳкамланди. Битта Миллий гвардиядан ўринбосар ўзидан ойлик олгани билан, болаларимиз билан ишлайди. Бизда ўғил болалар жуда кўп. Уйимизда тарбиячилар, асосан аёллар бўлгани учун уларга “ота” тарбияси етишмаятувди! Биз ўсмир болаларни бошқаришда қийналиб ҳам қолардик, дейди Меҳрибонлик уйи раҳбари.

Покиза Аҳмеджанова Миллий гвардия қарамоғида ўтиш бўйича мувофиқлаштириш жараёни давом этаётгани, аммо гвардиячилар аллақачон келиб-кетганини айтди:

- Бугун 10 киши гвардиядан келиб кетди. Қандай ишлаш режасини тузиб чиқдик, болалар билан танишди. Шаҳарчадагилардан кўра бизни илгари битириб кетган боллар муаммолари кўпроқ қийнарди. Олдин биз Халқ таълими тасарруфида бўлиб, бош прокурор вояга етмаганлар комиссияси раиси ҳам эди. Энди биз болларимиз битириб, оёққа туриб олгунча кимнингдир назоратида бўлишига ишонамиз. Чунки тизим йўқ эди, жавобгар йўқ эди, дейди Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси” директори Покиза Аҳмеджанова.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та болалар шаҳарчаси мавжуд бўлиб, уларда 1823 ўғил-қиз таълим олмоқда, 86 та махсус мактаб-интернатда эса 21363 бола ўқимоқда.

Озодлик Меҳрибонлик уйи битирувчилари билан боғлиқ вазиятлар тўғрисида олдин ҳам хабар берган. Хусусан, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Светлана Гребнёвага маҳаллий ҳокимлик ташландиқ уй ажратгани, Светлана бир боласи билан яшашга жой топа олмай, сарсон экани тўғрисида Озодлик лавҳа узатганди.

Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Китобдаги Меҳрибонлик уйини кўздан кечириш чоғида у ерда болалар жуда ёмон шароитларда яшаётгани ҳақида хулоса қилган. Омбудсман танқиди ортидан Китобдаги Меҳрибонлик уйи раҳбари ишдан олингани айтилганди.

XS
SM
MD
LG